среда, 5 февраля 2020 г.

Отатурк ҳақида укамга мактуб


Қудрат салом сен ва мен севган ëзувчи Экюзперининг “Кичик Шаҳзода” китобида янги юлдуз кашф қилган турк астрономи билан боғлиқ эпизод бор.

Астрономлар уюшмаси аввалига турк мунажжимининг юлдуз кашф қилганига ишонмайди. Чунки бидъат ва ҳурофотга тўла усмонли ўлкасидан илм аҳли чиқиши даргумон эди.

Бир йил ўтиб бу астроном ҳурмат ва эхтиром ҳамда эътирофга сабаб бўлади. Чунки бу астроном ғарб улгисидаги давлат бўлиш иддаоси билан чиққан Туркия республикасини тамсил қилар эди.

Яъни Мустафо Камол Отатурк турклар обрў эътиборини оширган бир феномен эди деган ҳулоса бор китобда.

Мустафо Ғози Камол Пошшо Отатурк расмини Эрк Демократик Партиясининг илк қурултойида саҳнага осиб қўяйлик деган таклиф билан чиққанимни эсласанг керак.

Олис 1990 йилда Тошкентдаги билимлар уйида. Ўшанда бир тарафдан коммунистлар бир тарафдан қадимчи муллалар менга қараб ўқрайгани ҳам ëдингда бўлса керак.

Бугун бу шаҳс ҳақида ҳеч нарса билмасдан уни ëмонлаëтган¸ салафий¸ ҳанафий¸ ваҳобий¸ ҳизб¸ ИШИД¸ Нусра тарафдорлари¸ сулаймончи¸ маочи¸ ПККчи ва бошқа рўдаполарнинг алжираши қулоққа ëқимсиз эшитилади.

Тарихни ҳар ким ҳар ҳил талқин қилади аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир. Мустафо Камол тарихни ўзгартирган буюк реформатор эди.

Ўн тўққизинчи аср охири йигирманчи аср бошида бир пайтлар муҳташам империя бўлган Усмонли салтанати Оврўпонинг ҳаста ҳужайрасига айланган эди.

Дунайдан Нил дарëсига қадар¸ Бағдоддан Триполигача ястанган улкан мамлакат биринчи жаҳон урушидан кейин таназзул ичида эди.

Мамлакат пойтахти Истанбул ишғолчилар қўлида¸ парламентни эса Британия армияси тарқатиб юборган эди.

Ислом ҳалифаси¸ султон Маҳмад эса АНТАНТА комиссарлари буйруғини киприк қоқмай бажарадиган манқуртга айланган эди.

1920 йилги Севр сулхига кўра Усмонли давлати ҳаритадан буткул ўчиши лозим эди.

Бу таназзулдан. бу таслимиятдан миллатни фақат мўжиза қутқариши мумкин эди.

Бу мўжиза 40 яшар турк зобити Мустафо Камол сиймосида миллатни қутқариш учун пайдо бўлди.

Султон Маҳмад ва бошқа клерикал унсурларнинг таслимчилик сиëсатига бўйин эгмаган Мустафо Камол Анқарада Буюк Миллий мажлисни таъсис қилиб ишғолчиларга қарши сафарбарлик урушини эълон қилади ва бу мужодалани буюк ғалаба билан қозонади.

Мустафо Камол усмонли подшохлиги вайроналари устида янги бир давлатни барпо қилади ва унга Туркия деб ном беради.

Бугун Яқин шарқда кучли¸ барқарор ва ўз оëқлари устида мустаҳкам турган ягона давлат бу Туркиядир.

Бу албатта Мустафо Ғози Пошшо Камол Отатурк яратган давлатдир.

Қудрат бугун кўриб турганинг каби дин тужжорлиги билан овоз ва мол мулк қозонган реваншист тўдалар Отатуркнинг тарихий ролини камситишга уринмоқда.

Бу тўдалар ортидаги массовкада ўзбек элементлари борлиги мени бир оз ҳавотирга солса ҳам ҳайратланмайман.

Зотан бу қавм зеҳниятига қарар эканмиз нуқул регрессив персонажларга меҳр қўйганини кўрамиз. Николай иккинчини оқ пошшо деб номига ҳутба ўқиган бу қавм кейин Ленин ва Сталинни алқади. Бу қавм реформатор Хрушчев ва Горбачевни ҳаммадан кўра қаттиқроқ сўкди. Айнан шу қавм диктатор мозорини тавоф қилишни ўзига одат қилди. Бу қавм вакилларининг Путин¸ Рамзан ва Эрдўғонни севиши ва Отаттурк каби реформаторни ëмон кўриши социлоглар тахлилига мухтож. Балки Баҳодир Файз буни тахлил қилиб берар.
Ҳозирча Отатуркнинг ўзидан иқтибос келтирсам “Ухлаган миллат ë ўлади ëки қул бўлиб уйғонади” Бу гап ҳудди биз ҳақимизда айтилгандек.

Қудрат мен бу гапларни Прагадаги уйим балконида ўтириб ëзяпман. Зим зиë осмон тинимсиз кўз ëш тўкмоқда. Апрель ойи бўлишига қарамасдан изғирин. Балки шу изғирин¸ баҳорга ҳос бўлмаган совуқ ҳаво бу матнга таъсирини ўтказгандир. Лекин синоптиклар ҳаво яна исишини ваъда қилмоқда. Отатурк айтганидек «Чиқиш йўли бўлмаган ҳолатнинг ўзи йўқ¸ фақат умидсиз одамлар бор ҳолос”
Ҳаводаги ўзгаришлардан доимо умидвор бўлган аканг Шуҳрат. Прага 2017 йил 25 апрель.

среда, 8 января 2020 г.

Лола опа арт перформенси (расм дарслари туркумидан)


8 январ куни Прагада рассомлик кўргазмам очилди. Кўргазма ташриф қоғозида рассомликка нега қизиқиб қолганим тарихи ëзилган.
1969 йилнинг совуқ қиши. Совуқ қаттиқ бўлганидан Амударë ҳам музлаган эди. Шу совуқда Урганчдаги Огаҳий номли музикали драма театрида қўйилган спектакл тақдимотига борганимни эслайман.
Раҳматлик отам мени яъни 6 яшар ўғлини қўлидан тутиб спектаклга олиб борган эди. Пьесани тоғам драматург ва шоир Эгам Раҳим ëзган эди. Спектаклнинг номи “Маърифат қурбонлари”
22 нафар ўзбек қизлари чет элга ўқишга кетаëтган пайтда эрк душманлари тарафидан ўлдирилгани ҳақидаги фожеа баëни.
Спектакл сахнаси фонидаги улкан панно (задник)ни Ўзбекистондаги илк аëл рассом Лола опа Абдуллаева чизган эди.
Бутун саҳна деворини эгаллаган матога сариқ рангда барханлар ва мовий рангда осмон ва оқ булутлар чизилган эди.
Минора ва дарахтлар тасвири бор эди.
Спектакл бошланди. Оркестр чуқуридаги созандалар мунгли куйни чалди. Сурнай овозига доиранинг зарби жўр бўлди. Парда очилди. Ўнлаб проожектор Лола опа чизган паннони ëритди.
Бирдан паннодаги оқ булутлар қимирлаб бошлади.
Осмонннг кўк ранги барханларнинг зарғалдоқ ранги билан қўшилиб оқиб кетди. Миноралар худди улкан сосиска каби қимирлаб эриб кетишди.
Панно улкан ажи бужига айланди. Рассом Лола опа дахшат билан бақириб “пардани ëпинглар” деди.
Аëн бўлишича Лола опа паннони бир кун олдин чизиб тугатган. Сув бўëқлар билан чизилган тасвир музлаб тўнгиб қолган.
Спектакл бошланганида прожекторлар иссиғида расм “эриб” оқиб кетган.
Театрчилар “авария” деб атаган бу манзара гўдак шууримда инқилоб ясаган эди.
Миноралар ва булутлар¸ зарғалдоқ ва зангори ранглар бир бир билан аралаш қуралаш бўлиб ўзига хос арт перформенс касб қилган эди.
Шундан кейин бир ҳафта гуаш бўëқлари билан кўрганимни уйда такрорлашга уриндим. Олдин гуаш билан расм чизардим. Кейин дарров совуқ кўчага олиб чиқиб музлатиб қўярдим. Музлаган расмни эса иссиқ уйга олиб кириб эритиб хосил бўлган арт эффектдан завқланар эдим.
Аммо ҳарчанд уринмай Лола опанинг панноси каби ëрқин тасвир хосил қила олмас эдим.
Кейинчалик АҚШ ва Европанинг катта музейларида Кандинский¸ Сальвадор Дали каби рассомларнинг сюрреалистик асарларини кўрдим.
Аммо бу шоҳ асарлар ҳам Лола опанинг музлаб эриган панноси каби шууримни ағдар-тўнтар қила олмас эди.
Лола опа менга расмдан бир умрликк дарс берган эди.
1985 йили Лола опа Абдуллаеванинг асарларидан иборат кўргазмани Урганч суратлар галереясида ташкил қилишим сабаби ҳам шу эди.
Мен бу муссавира аëл олдида шогирдлик қарзимни узишим керак эди.
Опага 1969 йилги спектакл тақдимотини эслатдим. Лола опа кулиб “Қўйинг эсламанг болам. Ўшанда юрак ўйноғи бўлиб ўлишимга сал қолган” деди.
Лола опа Абдуллаевани Оллох раҳмат қилсин. Яхши аëл ва улкан рассом эди. Илк расм муаллими бўлган эди менга.
Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир-бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим....

понедельник, 16 декабря 2019 г.

Гизланмажак


Расм дарслари туркумидан
1984 йили институтни тугатиб Тошкентдан Урганчга қайтдим. Мақсад Тошкент тасвирий санъат оламини забт қилиш эди. Қоплон орқага тисарилиб туриб бирдан сапчигани каби мен ҳам айни тарзда бир сапчиб санъат осмонидаги юлдузлар қаторига терилишни истадим. Ҳадафни катта олдим Мексикалик рассом Диего Ривера каби улкан маҳобатли асар яратмоқчи бўлдим. Оддий бўëқлар билан эмас¸ балки машина кузовини бўяш учун чиқарилган автолак билан. Расм матога эмас қабариқ тунукага ишланишини режаладим.
Бу ҳайкалтарошлик ва рангтасвир уйғунлашган улкан панно бўлмоғи керак эди.
Бунинг учун улкан устахона зарур эди.
Тоғамнинг ўғли Эркин оға қурилиш трестида бошлиқ эди. Эркин оға улкан ангарни менинг ихтиëримга берди.
Трестдаги темир-терсаклар қабристони ҳам ихтиëримда эди.
Расмни номини ҳам белгилаб рассом дўстим Солий оғага айтиб ҳам қўйдим.
Расм "Бизонлар норинж дарëни кечиб ўтмоқда" дея номланиши керак эди.
Эски Ява мотоциклнинг юмалоқ бензин бакларидан олтита топиб қўйдим.
Бу баклардан бизон шаклини ясаш режаланди.
Расмни бўйи 3 метр эни 12 метр бўлиши керак эди. Ҳуллас сваркачини айби билан режа орқага сурилди.
Бўш ўтирмасдан "Лаоккон темир илонлар исканжасида" деган улкан расмни бошладим. Расмни тезгина битказиб Тошкентдаги кўргазмага олиб бордим. Аммо расмни бадиий кенгаш қабул қилмади.
Шўппайиб Урганчга қайтдим. Негадир катта расм чизиш ҳаваси йўқ эди ичимда. Этюдникни эгнимга осиб эски Урганчдан қолган ҳаробалар аро кездим. Бир пайтлар бобом Латифбойнинг тери фабрикаси бўлган бинолар комунистлар иқтидорида ҳаробага айланган эди. Бу ҳароба уйлар ичида болалар "гизланмажак" деган ўйин ўйнарди. Мен этюдникка кичикроқ холст қўйиб чизишни бошладим. Мана кунгирали пахса уйлар. Мана қуриган гужумниинг тарвақайлаган шохлари. Дарахтга бошини тираб кўзини юмиб санаëтган бола. "Ўним ўн гирбитон¸ гирбитонни баҳоси бир юз эллик икки сўм"
Расм бир сеансда битди.
Расмга илк бахони рассом Солий оға берди. "Зўр чиқибди бу гизланмажак"
Эртасига Тошкентдан келган сайëр худсовет бу расмни кўргазмага олди. "Гизланмажак" (Бекинмачоқ) деган расм мени катта санъат дунëсида тамсил қилган илк расм бўлди.
Бахтиëр Бобоев¸ Дилëр Имомов каби устозлар ҳам мақтади бу расмни. Санъат журналида чоп қилинди.
Яъни санъатга гумбирлаб эмас шивирлаб кириб келдим. Ҳудди бекинмачоқ ўйнаган каби.

среда, 2 октября 2019 г.

Тепаларимизни қайтариб олайлик




Фалон тепаликни олиш учун уч кун¸ писмадон тепаликни олиш учун бир ҳафта жанг қилинди¸ деган гапларни урушга оид китобларда ўқиб ҳайрон қолар эдим. Ўзи бир тепа бўлса¸ шунга шунчами деб. Аммо харбийларнинг айтишича тепани олган одам мамлакатни назорат қилади.
Андижонда Мингтепа деган туман бўлган. Бу тумандан чиққан Дукчи эшон 1898 йил 17 майда Чор истилочиларига қарши қуролли қўзғолон кўтарган.
Ўша йили Дукчи эшон тор мор қилиниб дорга осилганидан кейин оқпошшо Мингтепа туманини тўпга тутиб ер юзидан йўқ қилинсин дея фармон берган.
.Сал ўтиб бу фармон бекор бўлиб туман омон қолган. Туркистондаги сарой уламолари оқпошшонинг бу иши “Улуғ марҳамат бўлди” дея Мингтепани номини ўзгартириб Марҳамат деб қўйилишини сўрашган.
Ҳозир ҳам Андижондаги бу туман номи Марҳамат. Пошшонинг марҳаматига сиғинадиган бу синиқ қавм пошшо ағдарилганидан 100 йил ўтса ҳам ўз тепасининг номини қайтармоқчи эмас.
Туркистоннинг қадим Ўратепасининг номини Истаравшанга алмаштирилганда ҳам ҳеч ким ғирринг демади.
Гал энди Тўйтепага келибди.
Ақли товуқдан бошқа нарсага етмайдиган парламент деган йиғноқ ўйлаб¸ ўйлаб Тўйтепани номини ярим форс¸ярим арабий Нурафшон деган чучмал жумлага алмаштирибди.
Билгичлар “парламент эмас Шавкат Мирзиëев алмаштирди номни” дея асосий ЗИËН манбаига диққатимизни қаратишмоқда.
Тепалар учун жанг қилмай қўйган¸ ўзлигидан¸ турклигидан уяладиган руҳий мажруҳ бу чувриндиларга барибир кўринади.
Биров чиқиб нега деб сўрамади. Сўрамайди ҳам.
Қовурғаси юз йил бурун синдирилган ва пошшо марҳаматига мўлтирайдиган қавмдан не таъма.
Барибир ҳеч ким эшитмаса ҳам айтаман. Тепаларимизни қайтариб олайлик.

вторник, 9 апреля 2019 г.

Қрим татарлари ўзбеклардан миннатдор


Ҳозир архивда сақланаëтган ҳужжатларга кўра¸ 1944 йили татарларнинг 183 минг 155 нафари бадарға қилинган. Шундан 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган.
1944 йилда Сталин қарорига кўра, бадарға қилинган Қрим татарлари 1989 йил Горбачëв изни билан ватанларига қайта олдилар холос.
Бугун Россия ишғоли остида хавотирли кунларни бошдан кечираëтган Қрим татарлари Ўзбекистонни миннатдорлик туйғулари билан эслашмоқда.
Ҳар йили 18 май куни ана шу миннатдорлик рамзи ўлароқ қад ростлаган ëдгорлик пойи гуллар билан тўлади.
Ватан ҳақида дарс
1982 йилда Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтидан бизни Мирзачўлга пахтага олиб кетишди. Қрим татар филологияси факультети талабалари ҳам биз билан бир баракка жойлашди.
Биздан сал наридаги колхоз дўконига ул-бул олгани кириб¸ рус рассомининг “Қрим манзараси” деган асари репродукциясига кўзим тушди. Олган нарсаларнинг қайтимига бу расмни олиб баракдаги чорпоямга илиб қўйдим.
Шу пайт ëнимга бир Қрим татар филологиясида ўқийдиган талаба келиб¸ нега айнан бу расмни осганим билан қизиқди. Мен бу рассом услубига қизиқишимни айтдим. Талаба мен учун тушунарсиз ҳиссиëт билан “Қрим менинг ватанимдир”, деди ва расмни совға қилишимни сўради.
Ëмонотлиқ қилинган эл
Кейинчалик мен Қрим татарларини ўз уйидан қувиб чиқарган Сталин фармони билан танишдим. Устига ўта махфий дея унвон қўйилган 5859-рақамли бу ҳужжатга 1944 йилнинг 11 майида имзо чекилган.
Бу ҳужжат Қрим татарларини расман “ватан хоинлари” дея эълон қилиб, уларни сургун ҳолатда ушлаб туришни кўзда тутади.
Сургун кунлари
Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов зиммасига Қрим татарларини жойлаштириш билан биргаликда уларга қарши ўзбек халқи орасида нафрат уйғотиш вазифаси ҳам юкланади.
Сургунда дунëга келган Диловар ака Усмон Озодлик мухбири билан бундан етти йил аввал бўлган суҳбатда буларни эслаган эди.
- Қрим татарлари Ўзбекистонга келиши олдидан Ўзбекистонда Қрим татарларига қарши сиëсат¸ пропаганда олиб борилди. Советлар ҳокимияти томонидан “Қрим татарлари сотқин¸ хоин” деган пропаганда амалга оширилди.
Қрим татарлари ҳайвонлар учун мўлжалланган вагонларда Ўзбекистонга олиб келинган пайтда¸ уларни одамлар қўлларида тошлар¸ таëқлар билан кутиб турган.
Ўша одамлар вагондаги ëш болалар¸ аëллар¸ қарияларни кўрган пайтда¸ қўлларидан тошлари ва таëқлари тушиб кетган. Улар бизнинг абгор аҳволимизни кўриб раҳмлари келган. Улар бизга нон бериб¸ сув бериб ëрдам қилишди¸ дейди Диловар Усмон.
Оқмачитдаги Исмоил Гаспиринский кутубхонаси раҳбари Айдар Эмировга кўра¸ Ўзбекистондаги сургун ҳаëтида татарлар яхши кунларни ҳам¸ ëмон кунларни ҳам кўришган.
- Ҳар бир жамиятда ҳар турли кишилар бор. Буларнинг ичида яхшилари ҳам бор¸ ëмонлари ҳам бор. “Кет бу ердан” деган одамлар ҳам бўлди¸ дейди Айдар Эмиров.
“Аммо биз татарлар учун Ўзбекистонда яхши кунлар кўп бўлди. Ҳатто¸ яхши деган калима Қрим татар луғатига айнан Ўзбекистонда кирди”¸ дейди Айдар Эмиров.
- Масалан¸ яхши деган сўз олдин Қримда “ору” деб айтилган экан¸ деган эди Айдар Эмиров.
Яна бир суҳбатдош Диловар Усмонга кўра¸ нафақат луғат¸ балки Қрим татарларининг дастурхони ҳам бойиган.
- Ўзбек ошлари¸ лағмони¸ мантиларини ўзимиз билан бирга олиб келдик¸ деган эди Диловар Усмон.
“Ўзбекистон биз учун сургун уйи эмас¸ балки ўз уйимиз каби қадрдон. Ҳали-ҳали ўзбек қўшиқлари қулоғимда жаранглайди”¸ дея туриб¸ "Наманганнинг олмаси" қўшиғини хиргойи қилиб¸ кўзига ëш олган эди Диловар Усмон.
Қрим татарларининг илк исëни
Диловар Усмонга кўра¸ Қрим татарларининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш майдони ҳам Ўзбекистон бўлган.
- Биринчи пикетлар¸ биринчи митинглар 1966 йилда Бекободда бўлган эди. Бу пикетни милиция ëрдамида¸ ўт ўчирувчи машиналар ëрдамида тарқатишган эди¸ дея эслайди Диловар Усмон.
Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда
Қрим татарларининг бу исëни ўзбек мухолифатчиларини илҳомлантирган эди. 1989 йилда ўзбек шоири Мирза Кенжабек “Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда” деган сатрларни ëзди.
Таниқли ўзбек шоири Рауф Парфи Қрим татарлари озодлик ҳаракати яширин ташкилотига¸ уларни қўллаш мақсадида аъзо бўлган эди.
2009 йилда Қримдаги Оқмачит (Симфереполь) шаҳрида татарларга бошпана берган ўзбек халқига миннатдорлик ëзувлари битилган ëдгорлик ҳам ўрнатилди.
Ҳукумат ўқларидан қочиб Руминияга келган андижонликларни илк зиëрат қилганлар ҳам Ўзбекистон сувини ичган Қрим татарлари бўлди
- Андижон воқеалари бўлганда бизнинг Қрим татарлари Руминияга бориб¸ андижонлик қочқинлар билан учрашиб¸ ошлар пишириб¸ ëрдам бердилар¸ деган эди Диловар Усмон.
Бундан 70 йил олдин ўз уйларидан Ўзбекистонга бадарға қилинган ва ҳозир яна ватан қўйнида яшаëтган Қрим татарлари “Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бериш керак” деган фикрда

понедельник, 6 февраля 2017 г.

Эшак қандай дафн қилинди

Европа давлатлари Берлин девори қулаганининг 20 йиллигини кенг нишонлаган 2009 йили Болгариядаги газета мухбири Диана собиқ СССРни қолган дунë билан ажратиб келган темир девор соясида содир бўлган воқеалардан ëзиб беришимни сўради.
Мен эшак ўлими ҳақидаги эсдаликни ëзиб бердим.
Бадиха илк маротаба болгар тилида чоп қилинди.

Алвидо, Эшак!

1982 йили Ўзбекистонда куз совуқ келди.
Ўзбекистондаги талабалар ноябр ойи охирларигача йилт этган оқлик ҳам кўринмай қолган пахтазорларда қолиб кетишди.
Мен ҳам ўша кузни барча талабалар қатори пойтахтдан 200 км олисликдаги Мирзачўлда, баракда ўтказдим.
Ташқи дунëдан ажралган бу бўлгада на ичимлик суви, на-да электр бор эди.
Менинг вазифам чой қайнатиш, баракни электр қуввати билан таъминлаш эди.
Чой ҳамма учун бир катта титанда, ўтин йўқлигидан керосин фарсунка ëрдамида қайнатилар эди.
Электр эса бензин билан ишлайдиган қўлбола движокдан чиқар эди.
Мен ҳар куни 10 км узоқликдаги бош баракдан ичимлик суви, керосин ва бензин олиб келишим керак эди.
Бу иш учун эшак менга асосий дастëр бўлди.
Мен ҳам юришга ҳоли келмай қолган эшакни шундай бўйнидан тортар эдим…
Эшакка икки бидон сув, бир канистр бензин ва бир канистр керосин ортиб, кунига 10 км йўл юрар эдим.
Ноябр охирида ëққан қалин қор бу ишни бениҳоя қийинлаштирди – оғир азобларга чидамаган эшак оламдан ўтди.
Худди шу куни СССР раҳбари Леонид Брежнев ҳам ҳаëтдан кўз юмди. Биз телевизор орқали дафн маросимин томоша қилдик. Далаларни қор босганидан, қиларга бошқа ишимиз йўқ эди.
Мен талабаларга эшакни ҳам тантана билан дафн этишни таклиф қилдим. Таклиф бир овоздан қабул қилинди.
Аввалига эшакни дафн қилиш комиссияси тузилди.
Бу комиссияга мен раҳбар бўлдим, зотан эшакнинг сўнгги соҳиби мен эдим.
Баракдан сал нарида эшак учун чуқур кавладик.
Эшакни кўмишдан олдин менга сўз берилди.
Мен оғир кунларимизда бизни ичимлик суви, керосин ва бензин билан таъминлаган заҳматкаш эшак қисматидан гапирдим.
Брежнев дунëни тарк қилган, миллионлаб советлар учун қайғу-ғуссага тўла кунда эшакнинг ҳам бу оламни тарк қилиши дард устига чипқон бўлганини айтдим.
(Нутқ стенограммаси ва унга илова қилинган чақув хати Низомий номли ТДПИ архивининг 234-жавонининг 4-ғаладонида сақланмоқда. Нусхаси МХХ Яккасарой туман бўлимида).
Мендан кейин сўз олган тўрткўллик йигит рубобда “Меҳрибонимдан айрилдум” қўшиғини ижро қилди. Пролетар шоир Ҳамза қаламига мансуб бу қўшиқ матни бир оз ўзгартирилди.
Ундан кейин сўз олган Санамгул исмли самарқандлик қиз марҳум билан боғлиқ хотирасини айтиб берди – камина рухсати билан бу қиз эшакда сайр қилган эди.
Ана шундан кейин сўз олган наманганлик талаба ҳар куни барак дарчасидан марҳум эшакни томоша қилганлигини айтиб қайғусини изҳор қилди.
Дафн маросимига йиғилганлар “Алвидо эшак, хотиранг бешак” дея уч марта ҳайқирганидан сўнг, марҳум устига тупроқ тортилди.
Андижонлик Нўъмон деган йигит бир тахтачага эшак суратини мой бўëқларда чизиб, тагига “Туғилган кунинг номаълум – аммо жасоратинг абадий!” деган ëзувни ўзбек, рус ва тожик тилида ëзиб қўйди.
Орадан икки кун ўтиб, камина институт комсомол қўмитаси котиби ҳузурига чақирилдим.
Мени Брежнев дафн маросимини масхаралашда айблашди ва комсомолдан чиқариб, институтдан ҳайдашга қарор қилишди.
Фақат институт бюрократиясининг номукаммаллиги боис мен институтдан ҳайдалмасдан қолиб кетдим. Бу энди бошқа ҳикоя…
***
Эслатма
1982 йилнинг 10 ноябр куни ўлган Леонид Ильич Брежнев қабри Москвадаги Кремл девори ëнида.
1982 йилнинг айни шу куни ўлган эшак қабри Ўзбекистон республикасининг Жиззах вилояти Гагарин тумани 22а совхоз 471-баракдан уч метр ғарбда.

среда, 18 января 2017 г.

Бувимнинг укаси Эгам Раҳим


Ленинга елинни қофия қилган тоғам Эгам Раҳим 12 ëшида Магаданга сургун қилинганини бувимдан эшитган эдим.
Ўша пайтда ëш бола бўлган Эгам Раҳимнинг шеърлари адабиëт институти домлалари тарафидан "таҳлил" қилиниб¸ НКВДга "хулоса" берилган¸ деб эслар эди бувим раҳматли ўзининг шоир укаси бошига тушган кўргилик ҳақида.
Магадандан ярим юзини совуққа олдириб келган Эгам Раҳим кейин сиëсий шеър ëзмай қўя қолди.
12 ëшида қамалган Эгам Раҳимни Урганчдаги турмада ҳолидан ҳабар олишга унинг опаси¸ менинг бувим Равшан онага изн беришган.
Равшан она ҳикояси:
-Эгамберганни кўриш учун Урганчнинг кўҳна қалъасидаги¸ҳозирги Меҳрибон ательесининг орқасидаги турмага бордим. Сариқ рўмолга қуш-тили¸ қатлама ва ўрик қоқи солиб бордим. Кираверишдаги аскар қўлимдаги тугунни ерга қўйишга буюрди. Кейин милтиғини учидаги найзаси билан рўмолимни титиб кўрди ва мени ичкарига киритди. Турма биноси илгари мадраса бўлган эди. Атрофи ғиштин ҳужралар билан ўралган турманинг ўртасидаги карвуч тўшалган усти очиқ майдонда кутиб турдим.Қуëш ëндиради. Бир пасдан кейин Эгамберганни олиб чиқишди. Сочлари олингани боис боши кўм кўк бўлиб кўринди¸ юзлари ориқлаб кетган эди.Уни кўриб йиғлаб юбордим. Эгамберган мени қучоқлаб бир пас турди.У ҳали норасида бўлса ҳам менга қўшилиб йиғламаслик учун юзини четга бурарди.
Бир оздан кейин аскарлар уни камерага олиб кетди. Бир пасдан кейин сариқ рўмолимни қайтариб беришди. Рўмол ҳошиясига ғазал битилган эди. Бу ғазални ëд олдим. Ғазал "қачон озод юроримни билолмасман" дея бошланар эди...
Ҳуллас 12 яшар бола 1936 йилда Магаданга сургун қилинди.
У сургунда экан бувим ҳар куни эшикка қараб укам Эгамберган келмадимикан дея орзиққанини бот-бот эслар эди.
Тоғам Эгам Раҳимнинг мана бу шеъри ўша орзиқиш тасвирига менгзайди.
Ўртамизда тўкин дастурхон¸
Оилада бир насиба кам¸
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам.
Эшик очилгандай бўлади¸
Сен оҳиста кириб келасан.
Хона ичи нурга тўлади¸
Иссиқ-иссиқ салом берасан.
Онажонинг қучоқлаб кетар¸
Сира қўймай сени ëнидан.
Унинг боши осмонга етар¸
Сенинг билан қувонганидан.
Кўринади юзда табассум¸
Ғойиб бўлиб бирдан мусибат.
Шу тариқа ҳар лаҳза¸ ҳар зум¸
Қизиб борар даврада суҳбат.
Қани энди шундай бўлолса¸
Бир қувонсак кўриб дийдоринг
Алам ўрнин табассум олса
Ва яшнатса ҳаëт гулзорин
Ўртамизда тўкин дастурхон
Оилада бир насиба кам
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам..
Раҳматли бувим Равшан момони¸ тоғам Эгамберган дойини¸ отам Ражаббойни оллоҳ раҳмат қилсин