воскресенье, 10 мая 2015 г.

Рауф Парфи эътирофи

Расм дарслари туркумидан 

Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим....

Рауф Парфи эътирофи


1981 йилнинг ëзида мен Хоразмга таътилга бориб ўнлаб расмлар чизиб келдим. Арман рассоми Мартирос Сарян асарларидаги қуëшли тасвирларга мафтун эдим ўшанда. Айни қуëшли тасвирларни Урганчнинг Ниëзмат Арбоб қишлоғидаги эски пахса уйлар¸ ям яшил гужумлар тарзида холстга туширишга уриндим.

Сариқ ¸сафсар¸норинж¸шафран ва зарғалдоқ ранглар олов каби ëнган расмлар эди бу.
Бир икки акварел эскизлар ҳам чиздим.


Бир қаричдан сал катта ромга мато тортиб жазирама қуëш ëритган пахса уйлар расмини мой бўëқда чиздим.
Бир ой ўтиб чизганим ўзимга ëқмади. 


Ўша пайтда нидерланд рассомларининг битган мой бўëқ расмни устидан лок бериш технологиясига қизиқар эдим.

Лессировка деб аталган бу технология кўмагида мўжизавий натижага эришиш мумкин эди.


Бу техникани ўганишга ëрдам берган рассом Исфандиëр Ҳайдаровдан миннатдорман.


Бу техника воситасида расмни бузиб қўймаслик учун кўп кўп экспремент қилмоқ керак.


Баъзи мой бўëқларда шаффоф пленка каби ҳусусият мавжуд. Масалан Виридон яшил рангида шундай ҳусусият бор.


Бу ҳусусиятли бўëқ юпқа қилиб сурилганида тагидаги рангни кўмиб юбормайди балки рангли шиша каби уларни бир оз ўзгартириб кўрсатади.


Виридон яшил рангни Дамар локи билан аралаштириб қуëшли Хоразм тасвири акс этган расм устига суртиб ташладим.


Илк дақиқада расм тўқ яшил бўëқ остида мутлақ йўқолди. Орадан бир соат ўтиб ранг тагидаги тасвир ғира шира кўрина бошлади.


Сариқ¸норинж ва қирмизи ранглар сокинлашиб¸ ҳудди ой нурида акс этган тун ташбеҳларига айланди.
Фотографлар бу натижани обективга рангли филтр ўрнатиш йўли билан олишади.


Ҳуллас қий чувли¸ ранглар қичқириғидан иборат саратондаги Хоразм тасвири сокингина тунги Хоразм сувратига дўнди.


Тошкентга қайтар эканман. Бу суврат ҳам юкларим орасида эди.


Пойтахтнинг Циолковский кўчасидаги аспирантлар уйининг бир хонасини устахона қилиб олган эдим.


Сал нарида авиасозалар шаҳарчасида эса устозим Исфандиëр Ҳайдаров яшар эди.


Исфандиëр Ҳайдаровнинг устахонаси Дилëр Имомов¸ Баҳтиëр Бобоев каби рассомлар¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Рауф Парфи¸ Усмон Азимдек шоирлар билан деярли ҳар куни гавжум эди.


Рауф Парфи билан илк маротаба Исфандиëр Ҳайдаровнинг уйида танишган эдим.


Рауф Парфи мендан қандай китоблар ўқишини сўради. Мен ўша пайтда Борхесни ўқиëтган эдим.


Рауф ака бўлса Борхесни ўқийдиган рассом бола чизган расмлар билан танишиш истагини билдирди.


Мен талабалик машқларимда санъат иддаоси йўқлигини билардим ва расмларимни Рауф ака кўришга нолойиқ деб ўйлашимни айтдим.


Йўл йўлакай кириб ўтамиз деди Рауф Парфи.


Луначарский марказида яшайдиган шоир йўл йўлакай менинг устахонамга ҳам бирров кирди.


Натюрмот¸портрет ва пейзажларни бир бир кўрар экан Рауф Парфининг кўра устахона четида мунғайиб турган кичкинагина “Хоразм туни” деган манзарага тушди.


Бир қарашда кўримсиз бир расм эди у.


Расмни ҳафсала билан томоша қилган Рауф Парфи менга мамнуният билан боқди.


Бу расмни сотиб олар эдим жон деб аммо пулим йўқ деди


Мен расмни сизга ҳадя қиламан дедим.


Рауф ака рози бўлмади.


Бу расм эвазига кутубхонамдан ҳоҳлаган китобни олишингиз мумкин деди ва ўзи билан мени уйига олиб кетди.


Рауф Аканинг улкан кутубхонасидан олганим “Оймома ва сариқ чақа” (Луна и грош) деган китоб мойбўëқдаги экспрементим учун гонорар бўлди.


Рауф ака мени рассом сифатида эътироф этган биринчи одам эди.


Рауф Парфи ўзининг сўнгги шеърлар китобининг қўлëзмасида китоб муҳарррири сифатида Карим Баҳрини¸ китобни безаган рассом сифатида менинг исмимни ëзиб қўйди.

Бу китобни безамаган бўлсамда улкан эътироф соҳиби бўлганимдан мамнун эдим.


Билишимча “Хоразм туни” деган расм хозир Дилором Исҳоқовада сақланмоқда.


Давоми бор..