понедельник, 27 апреля 2015 г.

Қўрқоқнинг қўшиғи ëки латтабайроқлар ҳақида



Кейинги икки ой ичида гаплашганим юзлаб ўзбеклар "бизга эркинлик керак эмас қорнимиз тўйса бўлгани" дея бир ҳил гапни турли тарзда айтишди.

"Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир.Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани" дейишди.

Улуғ шайҳ Ғаззолий одам билан ҳайвонни солиштиради: "Ҳайвон қорни очса овқат ейди. Чарчаса уҳлайди. Ҳирси қўзиса жуфтига қўшилади. Одам ҳам айни ишларни қилади. Аммо унда бир фарқ бор¸ у ҳам бўлса ақл заковатдир."

Ғаззолий ўлчовига кўра “фақат қорним тўйсин “ деганлар шунчаки ҳашаротларми?

“Томимизда кимнинг байроғи ҳилпираса бизга барибир “деган гапни уялмасдан айтадиган замонларга ҳам етдик.

Марҳум оғамиз Матназар Абдулҳаким ўзининг “Қўрқоқнинг қўшиғи” деган туркумида бугунги манзарани уста рассом каби чизиб кетибди.

Энг муқаддас байроғимиз пул,
Бу майдонда мен эга - сен қул.
Бу майдонда мен қул- сен эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар.
Латталардан бўлган байроқлар
Байроқлардан бўлган латталар.

1986 йилда мен Урганчдаги устахонамда “Шайтанат” деган мазмундаги сурат чизган эдим. (Тохир Малик ҳали бу мавзудаги романини ëзмаган эди.) Бу расмда битлаб кетган байроқни кўтариб кетаëтган кўр одам тасвирланган эди.

Ўшанда Матназар оға бу расмни кўриб “Манқуртлар учун тўкин дастурхон байроқ бўла олади” деган эди.

Кейин бу фикрни Матназар оға ўз шеърларида кўп марта “Бу юртнинг байроғи супрадир” дея ифода қилди.

Матназар оға одамлардаги иккиюзламачиликни севмас эди.
Хозиргина "мен Темур авлодиман¸Бобурнинг неварасиман" деб турган одамнинг¸ бирдан "ўрисга қул бўлсак қорнимиз тўяди¸кетни қисган бой бўлади" деб турланишидан Матназар оға ошкора ҳазар қилар эди.

Матназар оғадан байт будир:

Мақтовларга берилганда эрк¸
Гарчи осмонларнинг оймиз.
Қарғасалар қарғиш теккудек ¸
Йўқдир бирор ҳалол жойимиз. .

Матназар оғанинг 2008 йилда ëзган бир шеъри бор.

Бу шеър Ўзбекистонда 2008 йили чоп қилинган “Жавзо ташрифи” деган китобига киритилган.

Бу шеър мамлакат чеккасида кўринмасгина бўлиб ўтирган шоир қалб кўзи билан мамлакат сиëсий вазиятини сиëсатшуносдан кўра аниқроқ кузатганига далилдир.

Агар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага ишонилса мамлакатнинг ўғрибошиси президентнинг хотини Татяна Каримовадир.

Матназар оға ўз шеърида “Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка” дея таъкидлайди.

Бу йўғон ишорат акс этган мисраларни қайта ўқиймиз:

Булбуллар кетгандир бу гўзал ердан¸
Бўстонда дард билмай яшайди қарға.
Нолалар чекмайди фиғон тортмайди¸
Ўқрайиб ўқрайиб қағиллар гулга..
Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸
Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.

Эслатиб қўяман бу мисралар 2008 йилда ëзилган.

Матназар оға “Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.” деб ëзяпти.

Гулнора Каримова эса 2013 йилга келиб ўзи ва ўғлининг онаси тарафидан заҳарланганини ëзади.

Матназар оға “Югургани сомонхонагача” бўлган бу халқнинг оғзини лағмонни ипи билан боғлаш мумкинлигини ëзар экан¸ Каримовлар салтанатининг ўғрилиги боис мамлакат путурдан кетганини “Натижа” деган шеърида таъкидлайди.

Натижа

Боғлар чўл¸ тоғларинг талқона чиқди
Рост деб айтганларинг ëлғона чиқди
Қаср деб қурганинг молхона чиқди.

Дарҳақиқат ўзбекистон матбуоти мустақиллик қасри дея атайдиган ошиëн молхона¸ унинг сокинлари эса мол бўлиб чиқди.

Ғаззолий айтгандек¸ қорни очса овқат ейдиган¸ чарчаса уҳлайдиган¸ ҳирси қўзиса жуфтига қўшиладиган ҳайвон. Россиядаги кампирларни зўрлаган ўзбек мардикорлар ҳикоясининг эса матбуотда сийқаси чиқиб бўлди.

Бугун мархум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким шеърияти призмаси орқали кўринган манзара шундай.

Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” спектаклидаги мазлум ролини ўйнаган Амин Турдиев “Ахволимиз томошабопми” дейди.

Спектаклдаги бу жумла айтилганидан кейин руслар Бухорони ишғол қилади.

Бухоро бир олма каби узилиб русларнинг қўлига тушади.

Чунки амир баччабозлик¸овқат ейиш ва ўғирликдан бошқа нарсани ўйламаган.

Чунки муллалар давлатчилик ва миллий манфаатни куфр деб билишган.

Чунки оддий халқ авом¸бойлар жоҳил¸аскарлар эса оч бўлган.

Бу давр ҳақида Аваз Ўтар ëзади:

Сипоҳи пора истар¸
Мулло ижора истар¸
Бечора чора истар¸
Бир чора замон борму.

Бу чора “миллатпарварлик” деган сийқа калимага жой бўлганига Матназар оға чин дилдан ишонар эди.

Матназар оғанинг энг севган ҳикояси улуғ ислом олими Нажмиддин Кубронинг Мўғулларга қарши қўлида қурол олиб курашгани ҳақида.

Дин аҳллари ва айниқса сўфийларнинг ўз ичига ëшуруниб миллат учун курашмагани айтилади.

Боз устига муллалар Чор аскарларига Тошкент дарвозасини очиб бергани таъна дашном билан эсланади.

Аммо сўфий Нажмиддин Кубро қўлига қилич олиб босқинчилар билан курашиб ўз давлати ва миллатини ҳимоя қилади.

Тенгсиз курашда Нажимддин Кубро¸ мўғуллар санчган ўнлаб найзалар заҳмидан йиқилар экан сўнг дамда панжалари билан душман байроғин ғижимлайди.

Миллат қахрамони Нажмиддин Кубро ерга йиқилар экан ўзи билан бирга душман туғини ҳам ер парчин қилди.

Матназар оға учун¸қолаверса мен каби у кишининг укалари учун бу ватанпарварликнинг гўзал ҳикояси эди.

Гарчи Чингизхон Нажмиддин Куброга кўп пул ҳамда лавозимлар ваъда бериб¸ эвазига фақат бир нарса¸ қаршилик қилмасликни сўраган эди.

Аммо Шайх Нажмиддин Кубро ўз давлатини босқинчилардан ҳимоя қилишни душман қўлидан эҳсон олиб тирик яшашдан афзал деб билди.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида ¸
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг .
Чириб чириб ëтар Урганч йўлида¸ деб ëзган эди марҳум шоир оғамиз.

Бугун душман қўлидаги байроқни юлиб олишга жасорати етадиган эл оғаси борми орамизда?

воскресенье, 19 апреля 2015 г.

Қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида

Жайхун қасоси ëки қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида


Мен туғилганимда мамлакатимнинг руслар тарафидан ишғол қилинганига роппа роса 90 йил тўлган эди. 

1873 йилда Рус оккупанти Кауфман Хоразмни босиб олгани оқибатида Муҳаммадраҳимхон ўриснинг этигини намойишкорона ўпиб вассалга айланиш каби шармандалик билан юзма юз бўлди.

Зеро руслар Хивага 70 км яқинлашганида ҳам Хива хони Муҳаммадраҳимхон кайф сафосини тарк этмагани муаррихлар тарафидан таассуф билан эсланади.

Рус оккупант гурухлари сафида туриб ишғолни ëритган АҚШ журналисти Мак Гаҳаннинг ëзишича¸ босқинчиларга қаршилик икки холатдагина кўринган.

Биринчисини "Хўббининг қасоси" десак.

"Хўбби" Амударëнинг руҳи. У ҳақда Хоразмда афсоналар юради. Бировлар уни "Эрҳўбби" дейди.

1873 йилда Кауфман армияси Хивадан 100 км узоқдаги Шорловуқ деган жойда капа тикиб ëтганида дарë остида қолиб кетган

Дарë бўйида яшайдиган аҳоли (ўзбек қипчоқ ва сартлар) узун ходаларни узатиб босқинчиларни қутқаришган.

Уларни оқ тут ва чўрак нонлар билан сийлашган.

Руслар дуч келган иккинчи қаршиликни "Туркман аëл жасорати" деб номласак.

Хонликдаги ўзбек ва бошқа элатлардан фарқли ўлароқ така ва ëвмуд туркманлари босқинчиларга қарши мардонавор қаршилик қилишган.

Бир қўли билан боласини қучоқлаган туркман аëлининг қилич билан рус босқинчиларидан бир нечтасини очиқ жангда ўлдирганини 1873 йили рус газеталари ëзган эди.

Анна Каренинанинг поезд тагида ўлганини муҳокама қилаëтган Петрбург киборлари хивалик туркман аëлнинг ўз ватани ҳимояси учун жасоратидан ҳайратга тушгани эсланади.

Ватанни руслардан ҳимоя қилган бу туркман аëлга шарафлар бўлсин.

Аммо не тонгки¸ Хива Россия этиклари остига йиқилди.

Руслар Хивани назоратда ушлаш учун Амударëнинг у қирғоғида Петро-Александровск шахрини қуришди.

Пировардида бу шаҳар ҳам Амударë руҳи "Хўбби"нинг қасосига учради.

1969 йилги тошқин пайтида бу шаҳар бутунлай сув остида қолиб кетди. Руслар қурган 17 минг иморат сувга ғарқ бўлди.

Катта бобом¸ бувимнинг отаси Латиф ота "ўрис қалани ҳўббини қарғиши урди" деб айтганини эслайман.

Қиссадан ҳисса: Босқинчиларга бўйин эгмаслик борасида Амударëдан ибрат олайлик. Бу гапларим русларни пайтавасини юваман деб енг чизғаб турган ватандошларга аталди. Баъзи ўзбеклар уялмасдан осиб юрган Георгий лентаси Хивалик ëш болаларни найза санчиб ўлдирган босқинчиларга бериладиган медалнинг латтаси эканини ҳам унутмайлик.

пятница, 17 апреля 2015 г.

Баëний нега қайғирди?



Тарих улуғ муаллим биз эса нўноқ шогирдлармиз. Ëки тарихдан сабоқ олинмаслиги аксиома. 

1873 йил Хива ишғолидан сал олдин руслар Бухорони ишғол қилган эди.
.
Бухоро подшоси Музаффархон мамлакатни ўрисларга пешкаш қилди. 

Музаффархоннинг Тўра исмли ўғли бунга норози бўлиб Хива хони олдига келиб кўмак сўрайди. Хива хони эса "ўрис сенинг юртингни босиб олса менга нима" тарзида жавоб берди.

Бу ташрифни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Баëний Бухоро вакилининг сўзларидан ўз китобида иқтибос келтиради.

"Ул тўра айтди: «Отамиз Бухоро вилоятини Русияға бермакчи бўлдилар.Биз монеъ бўлуб урушға тарғиб этдук. Отамизға бу сўзларимиз хуш келмай орада ваҳшат пайдо бўлди. Ондин сўнг ул ерда турмоқни маслаҳатдин бағоят баъид кўруб баякбор чиқиб, бу
тарафга равон бўлдуқ».

Хива хони ва девондаги калласи кади мулозимларини Россия босқинчилиги эмас балки бухоролик ҳушсурат шахзоданинг ҳусни жамоли кўпроқ қизиқтирган.
Яна Баëний ëзади.

"Аммо ул тожик тўранинг ҳусни суратда адилу бадили йўқ эрдиким, ўнсаккиз ёшида бир офтоби ховарийдек йигит эрди. Онинг масоҳибларидин бирининг онинг ҳақида ойтған шеърларидин бу мисраъ хотиримда қолғон эркан, мисраъ «Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадур умаролари».

Бу шаҳватли тажовуздан даҳшатга тушган тожик Тўра Хивадан айрилиб Техронга йўл олади.

Тўра Эрон шохи кўмагида ўрисларга қарши курашмоқ истайди. Аммо унинг бу истаги амалга ошмаганига тарих гувоҳ....

Сал ўтмай 1873 йилнинг ëзида Хивадаги Хоразмшох тахтига Кауфман ўтиради. Бу воқеани тарихчи Баëний таассуф билан кузатади.

"Кауфман ёнида Ғарандуқ Ниқулай принс Южин камоли эҳтишом била келди. Бурунроқ келган бир бўлак аскари музиқа чертиб, истиқболиға чиқтилар. Кауфман келиб Аркка кириб
тахти хоразмшоҳийда ўлтурди."

Бу сатрлардан кейин Баëний тарихчига хос бўлмаган эхтирос билан мағлубиятдан афсус чекади.

"Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ жасоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб иттифоқ била Русия аскарига муқобил бўлуб,уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар, мундинбурун беш навбат келиб асло зафар топа олғон эрмасдурлар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедур.
Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чун оллоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!"

Баëнийнинг хон авлодидан эканини билсак бу қайғини тушунамиз. Лекин айтмайдирларми¸ сўнги пушмон ўзингга душман деб.

Бу гапларимни ëзаëтганимни сабаби шуки бугун ўзбек ойдинлари Россия тарафидан Қримни ишғол қилиниш даҳшатини тушуниб етмаяпти.

Тарих улуғ мураббий¸ биз эса иккичилармиз.

Ҳавел юраги


Вацлав Ҳавел сиёсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчи эди.
Чехия тимсоли 

Прагада 10 йилдан ортиқ яшаб, бу шаҳар тимсолларига ҳам кўникдим.

Прага марказидаги муқаддас Вацлавнинг от минган ҳайкали¸ Карл кўприги¸ Кафка музейи...

Бу тимсоллардан бири мен учун Вацлав Ҳавел эди.

Фақат у тош ҳайкал эмас¸ балки тирик ва ëнгинамизда эди.

Радио эски бинода пайти у  турли анжуманларга тез-тез келиб турар эди.

Бир марта журъат қилиб у билан қисқа суҳбатлашиб, расмга ҳам тушган эдим.

Кейинроқ Вацлав Ҳавелнинг соғлиги ëмонлашди ва анжуманларга камроқ келадиган бўлди.

Декабрнинг 18-куни  Вацлав Ҳавел ўлгани хабарини ҳамкасбим қўнғироқ қилиб айтганида автобусда Праганинг Браник деган жойидаги тепалик устида кетиб бораëтган эдим.

Декабр ойи бўлишига қарамасдан қуëш чарақлаб турар, тепалик остида ястанган шаҳарнинг қизил томларини ярқиратар эди. 

Шаҳар худди почта откриткаси каби гўзал ва жозибадор. Шаҳарни тамсил қилган барча тимсоллар ўз жойида . Фақат Вацлав Ҳавел йўқ энди.

Аммо бир-биридан фарқли уч мамлакат Коммунистик Чехословакия¸ озод Чехославакия ва мустақил Чехияга президент бўлган Вацлав Ҳавел ўз ўлимидан кейин ҳам бу мамлакат тимсоли бўлиб қоладигандай кўринди менга.

Прага устида порлаган  юрак

2003 йил 17 ноябрида Прага Градидаги муқаддас Иржа ибодатхонаси устида 15 метрлик улкан пушти юрак шакли ëндирилди.

Бу юрак рассом Иржа Давидга оид санъат асари эди.

Рассом ғоясига кўра, юрак тасвири Вацлав Ҳавел президентлигининг сўнгги 3 ойида ëниб туриши лозим эди.

Вацлав Ҳавел президентлик курсисини бўшатган куни шаҳар узра порлаган бу улкан юрак сўниши керак эди.

Рассом Иржа Давид: "Бу асарим бизга озодлик ва демократия келтирган етакчига миннатдорлик рамзидир", деган эди.

Шаҳар узра порлаб турган юрак сўнганини кўрганимда ичимда бир маюслик пайдо бўлган эди.

Аммо бу маюслик баробарида "Қани энди менинг мамлакатимда ҳам ўз истаги билан кетадиган президент бўлса" деган орзу ҳам бор эди.

Ҳавел ва Ўзбекистон

1991 йили Ўзбекистон Коммунистик партияси котиби Ислом Каримов Ўзбекистон президенти бўлиш учун ўз номзодини умумхалқ сайловига қўйди (бундан олдин у парламент тарафидан президент қилиб сайланган эди).

Айни сайловда Эрк  демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ ҳам қатнашди.

Сайлов олдидан Ўзбекистон телевидениеси шарҳловчиси Турсун Қоратоев билан суҳбатлашган Ислом Каримов ëзувчиларнинг президентлик иддаоси хатарли эканини айтди.

"Мана Ҳавел президент бўлди¸ нима қилади у президент бўлиб, китобини ëзмайдими?" деган эди ТВ орқали Каримов.

Каримов ўзи истамаган ҳолда Муҳаммад Солиҳни Вацлав Ҳавел билан параллел қилди.

"Параллел чизиқлар учрашмайди" деган қоида бор чизма геометрияда.

Ҳаëт ва сиëсатнинг ассимметрияси эса истиснолардан иборат.

2001 йил адоғида Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳни ўз кўшкида қабул қилди.

Бундан олдин Солиҳ Ўзбекистон талаби билан Прагада ҳибс қилинган эди. Ўзбек тарафи даъволарини асоссиз деб топган маҳкама Солиҳни оқлади.

Бюрократия хатоси учун узр тилаган Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳ бир муддат ўтирган Панкрац турмасида ўзи ҳам ўтирганини айтиб, мутоиба қилган эди.

2011 йил 18 декабр куни Ҳавел оламдан ўтгани ҳақида хабар тарқатган Евронюс канали Вацлав Ҳавелнинг сўнгги нутқларидан иқтибос келтирди:

"Ҳали ер куррасида мустабид тизимлар бор экан¸ биз бу мустабидлардан зулм кўрган диссидентлар ҳимоясига оëққа қалқишга доимо куч топа олишимиз керак."

Бу сўзлар сиëсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчининг умр фалсафаси эди.

четверг, 16 апреля 2015 г.

Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида

'Расм  дарслари туркумидан: Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида.

Гоген деган рассом Таитига бориб ўз ижод йўлини топгани ҳақида 1985 йилда ўқиб ҳаëлга толдим. 

Мен СССР деган оғзи ëпиқ темир қозон ичида яшасам қандай қилиб Таитига бора оламан деган  тушкунлик пайдо бўлди. 

Бир дўстимиз менга Хоразмнинг Туркманистон билан чегарадош еридаги Шовот деган жой Таитидан ҳам гўзал деб таъриф қилди. 

Шовот деган ер  Урганчдан 40 км йўл.

Шартта этюдникни елкага ортиб Шовотга қараб эндим.
  
Гоген деган рассом Таитида портретлар чизиб муваффақият қозонган эди. Мен бир нечта шовотлик қизларнинг потретини чиздим. 

Лекин расмларимда бировни назарини тортадиган жозиба йўқ эди.

Шовотлик шоир  дўстим Баҳром ¸ “Шу атрофда юз ëшга кирган сўфий отахон бор¸ эшонбува¸ ўшани портретини чизмайсанми”¸ деб қолди. 

Эшонбувани уйига бордик¸ Баҳромни юз хотир қилиб мени ҳам ичкарига олишди.

Эшонбува ҳақиқатда расми чизса чизиладиган тип эди.

Қуриб бужмайиб кетган тери калла суягига ëпишиб қолган. Эшонбува  кийган  ранги номаълум ғоли тахя эса  фавқуллода уйғунлик билан бошига сингиб кетган эди.
 
Қалин қошлар пастида ва қирра бурун икки четидаги чуқурликда эшон буванинг кўм кўк кўзлари  денгиз тубидаги тош каби йилтираб кўринар эди.

-Эшонбува мана бу рассом болага ривоят айтиб беринг¸ дея шоир  жўрамиз гап бошлади.
 
Айтишларича¸ эшонбува  бир ривоят айтиб бошласа дунëни унутар экан.
 
Айнан шу пайт у кишини суратини чизиш  учун  қулай дейишган эди.

Мен  ватман қоғозли дафтарим ва қисқичига кўмир қистирилган олатимни шайлаб турдим. 

Эшонбува ривоят бошлади. Ривоят  Зуннун Мисрий ҳақида эди.
 
Мен Зуннун Мисрий ҳикоясига қизиқиб расм чизишни ҳам унутдим.
 
Ғариб кийингани учун кемадаги жохил оламон тарафидан “тилла танга ўғирлади” дея айбланган ва балиқларнинг меҳру муҳаббатига нойил бўлган одам ҳақидаги ибратли ҳикоя мени буткул мафтун қилган эди.

Эшон буванинг уйидан чиқиб альбомимга қарасам расм чизмабман.

Урганчга қайтгач эшитганим  ривоятни холстга мой бўëқ билан чиздим.

Бир метрга бир метрлик чорчўп ичига Эшон бувадан эшитганим Зуннун мисри ривоятини сиғдиришга уриндим.

Аммо ривоят чорчўпга сиғмади.

Расм сўфий ҳикояларига муваффақиятсиз иллюстрация сифатида устахонам чордоғида чанг босиб ëтди.

Орадан йиллар ўтди.

Бир куни  бу расм  Хоразмга келган рассом дўстимиз Баҳодир аканинг эътиборини ўзига тортди.

-Расмни Тошкентга олиб бор банк коллекциясига сотиб оламиз деди¸-Баҳодир ака.

Сал ўтмай Тошкентга йўл олганимда машинам юкхонасида бу расм ҳам бор эди.

Тошкентда ўқиëтган укам Хурмат билан биргаликда  Миллий банк галереясига бордик. 

Расмни  Раҳима опа ва Баҳодир ака қабул қилиб олди. 

Шу пайт галереяга банк раҳбари Рустам Азимов келиб қолди.

Мен чизган расмни диққат билан томоша қилган  Азимов ўзининг санъат ҳақидаги билимдонлигини намойиш қилиш истагида расмга таъриф берди.

Азимов тарифига кўра¸ расмдаги кема Ўзбекистон. Балиқларни оғзидан дуру гавҳар олаëтган шахс эса бутун дунëдан ўзбек иқтисоди учун сармоя олаëтган юртбоши.

Албатта мен бу талқинни сукут билан қаршиладим. 

796 йилда Қоҳирада туғилган улуғ мутафаккир Зуннун Ал Мисрийнинг юртбошига айланиши менинг фантазиямга сиғмас эди. 

Бир пайтлар Эшон бува айтган ривоят тамсили бўлган бу расм хозир Тошкентдаги Миллий банк коллекциясида.'

Расм дарслари туркумидан: Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида.

Гоген деган рассом Таитига бориб ўз ижод йўлини топгани ҳақида 1985 йилда ўқиб ҳаëлга толдим.

Мен СССР деган оғзи ëпиқ темир қозон ичида яшасам қандай қилиб Таитига бора оламан деган тушкунлик пайдо бўлди.

Бир дўстимиз менга Хоразмнинг Туркманистон билан чегарадош еридаги Шовот деган жой Таитидан ҳам гўзал деб таъриф қилди.

Шовот деган ер Урганчдан 40 км йўл.

Шартта этюдникни елкага ортиб Шовотга қараб эндим.

Гоген деган рассом Таитида портретлар чизиб муваффақият қозонган эди. Мен бир нечта шовотлик қизларнинг потретини чиздим.

Лекин расмларимда бировни назарини тортадиган жозиба йўқ эди.

Шовотлик шоир дўстим Баҳром ¸ “Шу атрофда юз ëшга кирган сўфий отахон бор¸ эшонбува¸ ўшани портретини чизмайсанми”¸ деб қолди.

Эшонбувани уйига бордик¸ Баҳромни юз хотир қилиб мени ҳам ичкарига олишди.

Эшонбува ҳақиқатда расми чизса чизиладиган тип эди.

Қуриб бужмайиб кетган тери калла суягига ëпишиб қолган. Эшонбува кийган ранги номаълум ғоли тахя эса фавқуллода уйғунлик билан бошига сингиб кетган эди.

Қалин қошлар пастида ва қирра бурун икки четидаги чуқурликда эшон буванинг кўм кўк кўзлари денгиз тубидаги тош каби йилтираб кўринар эди.

-Эшонбува мана бу рассом болага ривоят айтиб беринг¸ дея шоир жўрамиз гап бошлади.

Айтишларича¸ эшонбува бир ривоят айтиб бошласа дунëни унутар экан.

Айнан шу пайт у кишини суратини чизиш учун қулай дейишган эди.

Мен ватман қоғозли дафтарим ва қисқичига кўмир қистирилган олатимни шайлаб турдим.

Эшонбува ривоят бошлади. Ривоят Зуннун Мисрий ҳақида эди.

Мен Зуннун Мисрий ҳикоясига қизиқиб расм чизишни ҳам унутдим.

Ғариб кийингани учун кемадаги жохил оламон тарафидан “тилла танга ўғирлади” дея айбланган ва балиқларнинг меҳру муҳаббатига нойил бўлган одам ҳақидаги ибратли ҳикоя мени буткул мафтун қилган эди.

Эшон буванинг уйидан чиқиб альбомимга қарасам расм чизмабман.

Урганчга қайтгач эшитганим ривоятни холстга мой бўëқ билан чиздим.

Бир метрга бир метрлик чорчўп ичига Эшон бувадан эшитганим Зуннун мисри ривоятини сиғдиришга уриндим.

Аммо ривоят чорчўпга сиғмади.

Расм сўфий ҳикояларига муваффақиятсиз иллюстрация сифатида устахонам чордоғида чанг босиб ëтди.

Орадан йиллар ўтди.

Бир куни бу расм Хоразмга келган рассом дўстимиз Баҳодир аканинг эътиборини ўзига тортди.

-Расмни Тошкентга олиб бор банк коллекциясига сотиб оламиз деди¸-Баҳодир ака.

Сал ўтмай Тошкентга йўл олганимда машинам юкхонасида бу расм ҳам бор эди.

Тошкентда ўқиëтган укам Хурмат билан биргаликда Миллий банк галереясига бордик.

Расмни Раҳима опа ва Баҳодир ака қабул қилиб олди.

Шу пайт галереяга банк раҳбари Рустам Азимов келиб қолди.

Мен чизган расмни диққат билан томоша қилган Азимов ўзининг санъат ҳақидаги билимдонлигини намойиш қилиш истагида расмга таъриф берди.

Азимов тарифига кўра¸ расмдаги кема Ўзбекистон. Балиқларни оғзидан дуру гавҳар олаëтган шахс эса бутун дунëдан ўзбек иқтисоди учун сармоя олаëтган юртбоши.

Албатта мен бу талқинни сукут билан қаршиладим.

796 йилда Қоҳирада туғилган улуғ мутафаккир Зуннун Ал Мисрийнинг юртбошига айланиши менинг фантазиямга сиғмас эди.

Бир пайтлар Эшон бува айтган ривоят тамсили бўлган бу расм хозир Тошкентдаги Миллий банк коллекциясида.

понедельник, 13 апреля 2015 г.

Востокнинг правдаси

Расм дарслари туркумидан ëки Востокнинг правдаси


Мен 2002 йилда Германиянинг Веймар шаҳридаги кўргазмада "Правда востока" деган асар билан қатнашувдим. 

Бу "асар" деганимиз сомон сувоқ урилган бир устун¸тўққиз болорлик росмана уй эди.

Томошабинлар "асар"ни ичига кириб бемалол айланиб томоша қилишлари мумкин эди. 

Яна ҳам аниқроқ айтсам мен кўргазма залида "Правда востока" деган уй бино қилган эдим. Сомон лойини ҳам ўзим оëғим билан босқилаб босқилаб таëрлаб деворни суваган эдим.

Бу асарим менинг Германиядаги шухратимга шавкат қўшди. Моддий ва руҳий кўмак берди ва ҳоказо.

Шу ўринда 2002 йилда барпо қилган бу асаримга илҳомни 9 яшар пайтимда олганимни айтиб ҳаққимни ҳалол қилсам.

Аввал айтганимдек 1972 йилда ўқитувчим Норжон опа бизни Хивага экскурсияга олиб борди. Музейда "Бойнинг уйи" ва "Камбағалнинг уйи" деган икки кўргазма бор эди.

Бойнинг уйи зерикарли туюлди менга¸ аммо камбағалнинг уйидан чандон таъсирландим. Лой сувоқ қилинган. фақат туйнукдан нур тушадиган¸ ўчоқнинг қора тутуни босган исқирт бир макон эди бу.

Бундай уйда яшаган одам "вой бечора жоним десам арзийди¸мен ҳам одам эдику ахир инсон фарзанди" дея шоир мисраларини такрорлаши керакдай туюлди менга.

"Инқилобдан олдин одамлар шундай аҳволда яшашган¸уларнинг аксари нур тушмаган зулмат уйларда яшаб рахит касалига дучор бўлишган" деб тушунтирди ўқитувчимиз.

Қандай қилиб нур тушмайдиган зимистон уйда яшаш мумкин? Бу савол жавобини 30 йил ўйлаб¸ 39 ëшимда Германиянинг Веймар шаҳрида ëшлигимда музейда кўрганим камбағалнинг уйини ëнгсиладим.

Фақат мен бу уйнинг деворига Калашников автоматини ҳам осиб қўйдим.

Мужда Чехов айтган каби оддий.

Бу зимистондан қутулиш учун зимистонга маҳкум бўлган мардум бир оз бўлса ҳам ҳаракат қилиши керак.

Дарвоқе Веймерда ясатган уйимнинг деворларида саноқсиз тешиклар ҳам бор эди.

Бу тешиклардан форс тилида "девор дар дорад¸ дар муш дорад¸ муш гўш дорад.." деган сокин овоз тинимсиз чиқиб турар эди.

Ана шу гап востокнинг правдаси эди.


пятница, 10 апреля 2015 г.

Паражанов

Расм дарслари туркумидан:

Паражанов

"Адабиëт  бу рассомга ҳалақит берадиган ва рассомнинг визуал дунëсини ишдан чиқарадиган фалокатдир".

Бу нарсани менга ўргатган муаллим буюк рассом Сергей Паражанов эди.

Паражанов билан муштарак дўстларимиз бўлса ҳам учрашмадик¸ аммо сабоқ олиш учун у киши чизган расмлар¸ коллаж ва инсталацияларга қиë ташлаш кифоя эди.

Паражанов суратга олган "Анор ранги"¸ "Ошиқ Ғариб"¸ "Саëт Наво" кинолари эса менинг дарсликларим эди.

Паражанов китобий - адабий эмас тасвирий (визуал-пластик) фикрлар эди.

Интервьюлардан бирида Паражанов ўз устози Чухрай унга ва бошқа ВГИК талабаларига бадиий китоб ўқишни таъқиқлаб қўйганлигини айтади. Чунки Чухрай фикрича китобга берилиш¸ визуал санъат бўлган кино яратишга тўсқинлик қилар экан.

Чухрай ўгитига амал қилган Паражанов фикрни тасвирий ифода қилиш бўйича "Гений" га айланди.

Визуал пластик фикрлаш деган нарса ўрнаги 15 асрда яшаган турк рассоми Маҳмад Сиëҳ Қалам ва унинг Нидерландияда яшаган замондоши Босх асарларида бор.

Мункнинг "Қичқириқ" асари ëки Бенкси Фаластиндаги деворга чизган "Шар ушлаган бола" асари ҳам тасвирий ифоданинг мукаммал ўрнагидир.

Хозирги тирик рассомлар ичида мен учун энг муҳимларидан бўлган Алехандро Ходоровски асарлари ҳам тоза тасвирий ифодага қурилган.

20 асрдаги икки рассом (эр хотин) Диего Ривера ва Фрида Кало асарларига назар солайлик. Диего тоза тасвирий ифода йўлидан боради¸ Кало асарларида китобийлик ва адабиëтнинг салбий унсурлари мавжуд.

Визуал ифодага тескари холатни муҳокама қилсак:

Масалан мен институтда ўқиганимда Абдулла Ориповнинг "Онажон" деган шеъри рассом талабалар ўртасида ҳам машхур эди.

Бу шеърдан муттаасир бўлган талабалар "расмлар" чизишар эди. Расмларда ўйга толиб ўтирган йигит фонида оқ рўмолли аëл қараб турибди.

Бу расмни тагига Абдулла Орипов қасидасига қасида деб ëзилмаса¸ ўзича бир нарса бермайди.

Мен ҳам бу ҳасталикка чалиниб "Шоир портрети" деган расм чизган эдим 1982 йилда. Расмда шоир дўстим Мансур Аҳмедов тасвирланган эди.

Олдинига Мансурни ўтқазиб қўйиб портретини норинж рангли қалам (пастел) билан гўшт ўрайдиган оқланмаган қоғозга чиздим.

Портрет фонига эса улоқ чопаëтган отлар ва ботаëтган қуëш расмни чиздим. Бир чеккада муштини лунжига тираб хўмрайиб турган атлас куйлакли қизни ҳам чизиб қўйдим.

(Мансурни шеърларида. қуëш ботиши¸ улоқ ва аҳдига вафо қилмай эрга тегиб кетган ëки севгилисини кутавериб қовжираб кетган қизлар ҳақида гап кўп эди.)

Ҳуллас адабиëт омборидаги бу гаплар расмга ўтгани он расм расмлигидан мосуво бўлган эди.

Бундай расм чизмасликни эса менга визуал тасвирлаш бўйича гений Сергей Паражанов (1924- 1990) ўргатди.

вторник, 7 апреля 2015 г.

DEVSAMAN

'Девсаман

1992 йили таниқли антрополог олима профессор Ингаборг Балдауф билан Шовотдаги Улли пир деб аталадиган Юсуф Ҳамадоний қабри атрофидаги зиëратгоҳга бордик.

Зиëратгох атрофида катта бизнес авжида. Ақлдан озганларни олдин савалаб кейин чуқолоқда сақлаб даволайдиган табиблар¸ўтмиш ва келажак ҳақида башорат қилиш баробарида МММ билетларини сотаëтган фолбинлар. 

Одам вужудига кириб олган ажинани алдаб чиқараман деб қўлида тап ушлаган пўрхонлар.

Ақлдан озган ва озмаган зиëратчилар. Фотиҳа сурасини ўқиб пул олаëтган серсоқол муллалар. Эрини ўйнашидан ажратиб олмоқчи бўлган ëки ўғил фарзанд тилаган аëллар. Қумалоқ билан¸ карта билан фол очадиган шулерлар. Оддий киссавур ва морс сотувчилар.

Буларни бари этнограф олим учун ҳам рассом учун ҳам бирдек қизиқ эди.

Ўша ерда биз шоир Баҳром Рўзимуҳаммад билан ҳам учрашдик.

Баҳром асли шовотлик. Баҳром бизга девсаман ҳикоясини айтиб берди. 

Хомиладор аëллар ўлганида¸ қорнидаги бола мозорда девсаман шаклида туғилар экан. 

Улар гўрлар орасида тўрт оëқлаб юрар ва увиллаб келган кетганни қўрқитар экан. 

Шовотлик Очилбой деган йигит девсаманни кўриб ақлдан озиб Улли пир чуқолоғида ëтганини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Улли пир манзараларидан илхомланиб мен кейинги йили Германиянинг Росток ҳамда Варнемунде шаҳарларида "Девсаман" деган кўргазма қилдим.

Девсаман акс этган бир неча расмларни немислар сотиб олди. Ўшалардан бири Болтиқ денгизи катта юк кемаси капитани бу расмни ўз штаб каютасига осиб қўйди. 

Сал ўтиб Баҳром ҳам Девсаман туркумида шеърлар ëзибди. Бу мисралардан Шовотдаги Юсуф Ҳамадоний қабристони атрофидаги ғала ғовур саслари келади.

Тишлари инжудай оппоқ пари қор ила нечун ўйнашдинг сен
ёқангда товланган парча шафақ шуъласида қарайсан олисларга
бир сим титроғида бир япроқ титроғида узасан ўзингга ёққан меваларни
сийнаси мармар ёсуман табассуми аро чопқиллаб ўтасан
эшикларни бекитарлар девлар кирмасин дея
пардалар ғижимланган
дарбозага тушган нақш
оловиддин 
шамчироғиники
агарда йиғламоқчи бўлсанг туш кўрасан бир зум
анқо тухумини музга уриб синдирганларида
нозвой шаббодаси учириб кетар синиқларни
тош майсага орқа қилиб томир ёзган бўлади
тун тусига қоришган нинани излаётган ким
эски қудуққа боқсанг қадимги битикларнинг ҳовури шундоқ кўтарилар
искандар шохи кўмагида ушлаганинг кўм-кўк қурбақаларми
ким бировни излайди биров эса ер ва самода йўқ
таралло қилиб юрган шайтонни тутадилар
чўнтагидан ҳужжат ахтарадилар
жин ўзининг жин эканини
тан олмайди
қўрқади
Тишлари инжудай оппоқ пари нечун сен ўйнашдинг қор ила
лолазор ила анҳор ила баҳор ила
булбул чаҳ-чаҳига ижозат берки хаёлингга кирсин
қувмоқчи бўлсанг мени юрагингга қув
муҳаббатмас мунда қўрқув муқимдир
хаёлингда яшай лаблари болингда яшай

СУВ МИНОРАСИ
Нурни ушламоқ истарсан тутмоқ истарсан
жунун водийсига хат таширлар қушлар ҳам
кўзингдан сочилган шуъла ақлимни барбод қилди
барча нурлар қочдилар
камалакка дўндилар
ўқ ёй бўлур қўлингда
жоним нишон камонга
тунми бу бошқа тус йўқ ё сочми
чулғансин жисмим ноз билан ишва билан
бир кўтарилар бир тушар бир мавжланар
йилтироқ ашёлар ўғирларми хаёлимни
оққан каби бўламан балки дарёдирман
учган каби бўламан ойдирман балки
эшитмай гапираётган сен эканингни сездим
оловни нега ёнгани қўймайсан
шамол кўйлакларинг шитиридадир
япроқ тилида нимани сўраяпсан мендан
имлоларни пайпаслаб ўқимоқдаман
фараз қилки кўзинг жодуси ила куйган бағрим каби
бармоқларим ёнмоқда чўғ бўлмоқда бирин кетин
адашдим Сув минорасига қараб турибман
Камалак ўлкасига капалак бўлиб учайми
томчи зарби янглиғ товуш мени уйғотгали келди
уйқу аро уйғонганимни ҳеч кимса билмас

ТУТ

Ковагига чумчуқ уя солган эй қишлоғимиздаги тут сени соғиндим
хон қизи гавҳар мунчоқдек шиппа ёпишган янтоқ қўргим келади сени
мен ер ҳидини соғиндим лой ўйинчоқларимиз тўрпоқ эмиш ҳануз
бўжилари ила қўрқитган дала тузларимиз қани
уялибдими мендан кичраймиш кулба
нос рангидаги қовоқлар товланмиш
сувлар оқаётганмиш 
бир йиғи каби
семиз ўт дўмбоқ қиз каби эркаланиб ётмиш
мол тезаги туртиб уйғотди алланималарни
балки ишонмассан тер ҳиди эсимдадир
ишқдан менга сабоқ берган қизалоқ
унутармидим мен қатиқ исини
одам тилида гапирсанг бўлмайдими ахир
дермиш олифта битикларини ўқиган чол
тут эса тушимда балки ўнгимда момомнинг бепарволиги ила
чумчуқларини чирқиратиб мен тарафга келаётганмиш
жодугар ковуши янглиғ томирларини бирма-бир босиб
ОВОЗ Шамол Шамол боланг қудуққа йиқилди
кетига тезак тиқилди
тез кел олиб момоқалдироғингни

ҚУМ МУШУГИ ҲАҚИДА ЭРТАК
Қум мушуги мовий осмон ила танҳо қолди
қаради кўкка айни бир жиддийлик оғушида
агарда у минг йил аввал бунда туғилганида борми
уммон остида димиқиб жон таслим қилган бўларди
агарда у милён йил аввал туғилганида
динозавр урҳосидан
қўрқарди
қаттиқ
саксовул гуллари ила хаёлини безаган махлуқ
юлдузларга боқиб кумуш йўлакни пастга туширди
учди булутлар оша ғуж-ғуж нурлар оша ойнинг қаро доғлари оша
бир шувуллаш бир шовуллаш сезимларини юрагидан жунларига ўтирарак
само туйнукларида ёввойилик қадар ётликни кўрди ҳуркди кирмади
нурлар-да шафақлар-да совуқлар-да унга қарши йўналмакда эдилар
баҳайбат тошга бошини урди порлоқ кенгликларни кўрди
унда ўт-чечаклар шабнам забонида чулдирамоқда эдилар
бир япроқ иккинчи япроққа дер эмишки
менда яратилмаган махлуқларнинг рўйхатлари бор
ўқи
иккинчи япроқ ўзида ҳаворанг кирпини акс эттираётган эди
дарёнинг уруғини музтоғ уруғини жар уруғини
сарагини саракка
пучагини пучакка
ажратмоқда эдилар
овоз ранг билан ўрин алмашаётган эди
илон дарвеш ҳирқасини кийиб кўрмоқчи бўлаётганди
панжарага ўхшаш ашёлардан ясалган учоқ гувиллаб учмоқда эди
мис чойнак пиқиллаб қайнаётиб қорни шишган жонвордек йиқилди қолди
у шундай ўйладики инига кирганида ташқарида қолган Жимлик
найрангларини тушида кўрмоқдадир балки
хайрият Ер товушини эшитди
Она қум мушуги миёвлаётган каби товушни

ЖИЙДА ШОХИДАГИ ПАРИЛАР
Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим
ёқимли шивирларни эшитдим
қарадим тепага бир жийда шохларини
кўрдим эшитдим кўрдим эшитдим
баданимни юзлаб асаларилар талаган каби бўлди
асаларилар бир ширин чақмоқда эдилар
тубсиз осмонда томир 
ёйди чақмоқ
қарасам кўзлари мовий балки яшил балки бол ранггида
парилар ўтирибди шохларда сочлари тилло балки зумрад
туси ила ёнмиш туш кўрдимми ё дебман овозлари
кумуш бир гал тош ичидан оққан шундай булоқни
кўрган эдимки шу эсимга тушди
бир ширин ширин
эсладим
кулдим
йиғладим
ичимда
тинч
оҳ
Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим
тепага боқдим ҳар тарафда ҳар япроқда қон қон қон
тунни чайқатиб бир оҳиста чайқатиб кулмакда эди ийда
париларнинг қўли қирмизи сочи тилло овози кумуш
ранглар бошимни бир айлантирдилар
эй одам деди бир пари нечун 
умринг йиғига чулғанмиш
яшаш истарсен яшаб билмассен
кулсанг биз каби бир озод кул
ҳар қадамингда тош турибди
панжаралар аро борлиққа боқарсан
танинг мозор жимлигига муштоқ
ўлсанггина қутуласан мундан
бўса билганинг заққумдан аччиқ
кел бери сен жин каби кел
Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим
тепага боқдим дум-думалоқ ёқутлар рақсини кўрдим
тепага боқдим ёқутлар орасида шар сингари олтинларни кўрдим
тоғларни кўрдим сўқмоқларни кўрдим
ёлларини титратиб хирқираётган арслонларни кўрдим
қаҳ қаҳага тойиниб йиқилдим мен
турдим сояларим яна йиқилди
бир кафт 
устида
юриб
бораётган
каби
бўлдим
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим
Оқшом теваракни яширган эди
Қоронғи кеча эди
жийда кеча оқшом
оқ
шом
шам

Изоҳ: Бу воқеа ҳақиқатан ҳам ҳаётда рўй берган. Қуронбой тракторчи айнан Оқшом воқеасини ҳикоя қилган эди. Айтишича, жийда устида ўтирган париларни кўриб, қаттиқ қўрққан. Қўрққанидан кўрганларини, эшитганларини унутган эмиш. Мен хаёлан шуларни тикладим. Шеъримни Қуронбой тракторчига бағишлайман.'

Девсаман

1992 йили таниқли антрополог олима профессор Ингаборг Балдауф билан Шовотдаги Улли пир деб аталадиган Юсуф Ҳамадоний қабри атрофидаги зиëратгохга бордик.

Зиëратгох атрофида катта бизнес авжида. Ақлдан озганларни олдин савалаб кейин чуқолоқда сақлаб даволайдиган табиблар¸ўтмиш ва келажак ҳақида башорат қилиш баробарида МММ билетларини сотаëтган фолбинлар.

Одам вужудига кириб олган ажинани алдаб чиқараман деб қўлида тап ушлаган пўрхонлар.

Ақлдан озган ва озмаган зиëратчилар. Фотиҳа сурасини ўқиб пул олаëтган серсоқол муллалар. Эрини ўйнашидан ажратиб олмоқчи бўлган ëки ўғил фарзанд тилаган аëллар. Қумалоқ билан¸ карта билан фол очадиган шулерлар. Оддий киссавур ва морс сотувчилар.

Буларни бари этнограф олим учун ҳам рассом учун ҳам бирдек қизиқ эди.

Ўша ерда биз шоир Баҳром Рўзимуҳаммад билан ҳам учрашдик.

Баҳром асли шовотлик. Баҳром бизга девсаман ҳикоясини айтиб берди.

Хомиладор аëллар ўлганида¸ қорнидаги бола мозорда девсаман шаклида туғилар экан.

Улар гўрлар орасида тўрт оëқлаб юрар ва увиллаб келган кетганни қўрқитар экан.

Шовотлик Очилбой деган йигит девсаманни кўриб ақлдан озиб Улли пир чуқолоғида ëтганини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Улли пир манзараларидан илхомланиб мен кейинги йили Германиянинг Росток ҳамда Варнемунде шаҳарларида "Девсаман" деган кўргазма қилдим.

Девсаман акс этган бир неча расмларни немислар сотиб олди. Ўшалардан бири Болтиқ денгизи катта юк кемаси капитани бу расмни ўз штаб каютасига осиб қўйди.

Сал ўтиб Баҳром ҳам Девсаман туркумида шеърлар ëзибди. Бу мисралардан Шовотдаги Юсуф Ҳамадоний қабристони атрофидаги ғала ғовур саслари келади.

Тишлари инжудай оппоқ пари қор ила нечун ўйнашдинг сен
ёқангда товланган парча шафақ шуъласида қарайсан олисларга
бир сим титроғида бир япроқ титроғида узасан ўзингга ёққан меваларни
сийнаси мармар ёсуман табассуми аро чопқиллаб ўтасан
эшикларни бекитарлар девлар кирмасин дея
пардалар ғижимланган
дарбозага тушган нақш
оловиддин
шамчироғиники
агарда йиғламоқчи бўлсанг туш кўрасан бир зум
анқо тухумини музга уриб синдирганларида
нозвой шаббодаси учириб кетар синиқларни
тош майсага орқа қилиб томир ёзган бўлади
тун тусига қоришган нинани излаётган ким
эски қудуққа боқсанг қадимги битикларнинг ҳовури шундоқ кўтарилар
искандар шохи кўмагида ушлаганинг кўм-кўк қурбақаларми
ким бировни излайди биров эса ер ва самода йўқ
таралло қилиб юрган шайтонни тутадилар
чўнтагидан ҳужжат ахтарадилар
жин ўзининг жин эканини
тан олмайди
қўрқади
Тишлари инжудай оппоқ пари нечун сен ўйнашдинг қор ила
лолазор ила анҳор ила баҳор ила
булбул чаҳ-чаҳига ижозат берки хаёлингга кирсин
қувмоқчи бўлсанг мени юрагингга қув
муҳаббатмас мунда қўрқув муқимдир
хаёлингда яшай лаблари болингда яшай.

понедельник, 6 апреля 2015 г.

Усмон империяси ëки учмай қолган қуш ҳақида

Усмон империяси ëки учмай қолган қуш ҳақида 

Институтнинг биринчи курсида ўқиганим 1980 йилда манғитлик шоир Мансур Ахмедов билан жўра эдик.

Мансур Ахмедов бир куни менга Абдулла Ориповдан ҳам зўр шоир бор дея айтиб қолди.

Ким экан у десам¸ Усмон Азимов деди. 

Ўшанда Мансур¸"мен осмонман қуëшини йўқотган осмон" дея Усмон Азимовдан шеър ўқиди.

Мен бу сатрларни ëдлаб олиб Қадам Саидмуродовга айтиб бердим. Қадам оға эса аслида шеър "мен Усмонман қуëшини йўқотган усмон" бўлган. Харф терилаëтганда Усмон¸осмонга айланган. Ҳудди руслар Усмонли империясини Осмон дегани каби деди.

Шундан кейин менда Усмон империяси билан танишиш орзуси туғилди.

Бу орзу тезгина ушалди. У пайтда юлдузлар хозирги каби осмонларда яшамас¸ балки ëн веримизда изғиб юришар эди.

"Елвизак" қаҳрамони Башир Зайнишев бир кунда икки тирик шоир кўргани билан фахрланган бир замон эди.

Устозим рассом Исфандиëр Ҳайдаровнинг устахонасида турувдим. Қаққайиб турувдим десам тўғри бўлади.

Устозим "Биринчи кашшофлар" деган расм чизаëтган эди.

Мени оëғимга алмисоқдан қолган этик кийгизиб қизил галстук бойлаб¸бўйнимга барабан осиб табуреткани устига чиқариб қўйган эди.

Устозим менга қараб 1920 йили Бойсундаги илк кашшофлардан энг фаолининг расмини чизаëтган эди.

Менинг вазифам тарихий ҳақиқатга уйғун тарзда инқилоб ғоялари билан юраги лимо лим тўлган кашшоф образида қотиб туриш эди.

Табуретка устида турганимда икки кўзим деразадан кўриниб турган авиация билим юртида ўқийдиган каптаркўкрак ўрис қизларда эди.

Шу пайт бирдан эшик очилиб серҳаяжон ва ҳушсурат бир йигит кириб келди.

Устозим Исфандиëр Ҳайдаров билан гаплашиб ўтирди. Мени устахонадаги ашқол дашқоллардан бири дея ўйлаб парво ҳам қилмади.

Бу шоир Усмон Азимов эди.

Абдулла Ориповдан ҳам зўр шоир Усмон Азимов.

Усмон ака устозимдан "Туш ва ўнгдаги парвозлар" (Полеты во сне и наяву ) деган фильмни қаерда кўрса бўлади деб қизиқди.

Исфандиëр ака қадимчи тийнатли бир рассом¸бунақа ажи бужи киноларни ҳуш кўрмас эди.

Гап Роман Балаян суратга олган ва Янковский бош ролни ўйнаган тимсолий филм ҳақида эди.

Мен бу фильмнинг Лисунова кинотеатрида қўйилишидан ҳабардор эдим. Ҳатто бу кинони бир кун олдин Домкинода томоша қилган эдим. Табуреткада турган жойимдан туриб буни айтдим.

Кашшоф тилга кирганини кўргач¸ Усмон ака мени борлигимдан ҳабар топди.

"Баракалла кашшоф"¸ деди Усмон ака. Исфандиëр ака менга қараб "Бу ўзи қандай кино" деб сўради.

Ана шунда тилга кириб¸ билағонлигимни Абдулла Ориповдан ҳам зўр шоирга кўрсатиб қўйиш учун кино ҳақида гапира бошладим.

"Кино Москва андеграундининг концептуал инқирози ва бу инқирознинг протест кайфиятига фокусланиши билан боғлиқ сублимация ҳақида дедим"

Бу гапни эшитган Исфандиëр ака афтини буриштирди.

Усмон ака бўлса¸ айтманг айтманг хулосани филмни кўриб ўзим чиқаришим керак деди.

Бир оз жимликдан сўнг¸сублимация ҳақидами деб қайта сўради.

Шу тариқа мен Усмон Азимов билан танишдим.

Ўша куни Усмон ака билан Авиасозлар шаҳарчаси бўйлаб пиëда кетдик.

Авиасозлар саройининг энди қурилаëтган биноси пештоқига улкан Икар ҳайкалини ўрнатишаëтганини бир оз томоша қилдик.

Кейинчалик Усмон аканинг Икар деган шеърини ўқиб ўша кун эсимга тушди.

Балки бу мисралар Икар ҳақида эмас шоирнинг туш ва ўнгдаги парвозлари ҳақидадир.

– Юрагим қўймади, уч деб қўймади,
Фалакка интилдим, аммо бу ҳаёт
Ерга кўмавериб танни, тўймади…
Барибир мен қанот ясадим, қанот!..

Болам! Сен не учун мени қийнайсан,
Сенинг ҳам жонингдан ўтдими турмуш?
Учиш ҳам азобдир, ахир… Билмайсан!
Учиш – қисмат оша – бетин зўриқиш.

Қара! Менга қара! Аҳволимга боқ!
Аммо сен сўзлайсан қандайдир тушдан!
Учганнинг ҳамиша қисмати чатоқ,
Ерни–ку гапирма, фалак ҳам душман.

Гарчи падарингман! Қилмагин тақлид,
Сенга қуриганми жайдари тақдир –
Масалан, эрмакка уриштиргин ит,
Ёхуд майхонада уюштир тадбир.

Йўлингдан қайтмайсан! Турибман сезиб!
Мана, бир жуфт қанот! Сенга ҳам! Олгин!
Икар!
Болагинам!
Учганинг кези
Ўзни қуёшгамас – шамолга солгин!

Беҳуда юксаклик эса толдирар!
Паст уч! Денгиз узра парвоз ҳам кўркам…
Тўхта! Қуёш сори борма! Ёндирар!
Тўхта! Қанотларинг куяди, болам!..

– Ота! Олов ўтди суягу этдан,
Азобдир жисмимни қуёш ютиши…
Фақат қандай гўзал – фалакка етган
Парвознинг кул бўлиб, ерга тушиши.

– Ҳеч кимни аямас ривож ҳудуди!
Бизни ямладими? Йўқдир эътироз:
Куйиб тушаётган, болам, вужудинг,
Кўкда қолган эса лаънати парвоз!

четверг, 2 апреля 2015 г.

Чемодан устида ўтирган одам




Дўстим Сирожиддинга мактуб

Прагада баҳор ўз номини  яшатишга уринмоқда. Гарчи тунлари совуқ ¸ гарчи кечагина қор гупиллаган бўлсада.

Бахор шунчаки фасл номи. Қиш ва ëз ўртасидаги бир муваққат кўприк. Қахратон совуқдан жазирама ëзга ўтиш йўлидаги адаптация йўлаги деймизми. 

Прага калимаси ëнига баҳор сўзи тиркалган он сиëсий мазмун касб этади. Лекин мен хозир бу калимани табиий маъносидагина истеъфода қилмоқдаман. 

Бугун 3 апрель ¸ баҳор бошланганига 33 кун бўлса ҳам кунлар илимади.. Бу шаҳарга 2001 йилнинг совуқ декабрида илк бора келган эдим.

Ҳали эгнимда Хоразмда сотиб олганим кийимлар бор эди. Ҳали мен Урганч вақти билан яшашда давом этаëтган эдим. Прага мен учун навбатдаги темир йўл турори эди. Ўзбекистондан келтирган кийимларим солинган жомадонни Прагада ўғирлаб кетишганида ҳам мени жомадон кайфияти тарк қилмаган эди.

Мен ҳудди рейси кечиккани учун қўналғада кутишга маҳкум учоқ йўлчиси каби ҳис қилар эдим ўзимни.

Ўзбекистондан кийиб келганим жўроплар йиртилиб адо бўлиб¸ кийимлар ўғри урган жомадонга қўшилиб бадар кетар экан мен ҳам аста секин Прага сокинига айланиб сокинлашдим.

Бу шаҳарга келиб мамлакатини соғинган бир менми? Масалан 1958 йил баҳорида бу шаҳарда мен севган шоир Нозим Ҳикмат ўзининг "Мамлакатим" шеърини ëзган эди.

Мамлакатим¸ мамлакатим .. Сен энди фақат сочларимнинг оқида¸ юрагимдаги инфарктларда¸ пешонамдаги чизиқлардагина қолдинг.

Мамлакатим мамлакатим....

среда, 1 апреля 2015 г.

Қизилқум¸Қорақум¸Оққум..

1993 йили бир немис кино устаси таклифига кўра¸ “Қизилқум¸Қорақум¸Оққум” деган киносценарий ëзган эдим.(дафтарда қолиб кетган)

Сценарий уч қум ўртасидаги бермуд учбурчагига ҳибс бўлган ҳайкалтарош ҳақида.

У аввалига Қорақумнинг қоқ ўртасида оқ кварцид тошидан кемага ўҳшаш бир ҳайкал йўнади. 

Бунинг параллелида Германиядан Оролбўйи аҳолисига гуманитар юк олиб келаëтган машина кабинасида бременлик немис аëл  иссиқдан мудраб келмоқда. 

Машина Устюрт даштларида тентирайди¸ кейинги кадрда эса  қум ўртасида терга ботиб тош чопаëтган ҳайкалтарош тасвири.

Пировардида жала ëғиб Қорақум  улкан океанга айланади. Жуғрофия ҳаритасида янги пайдо бўлган бу океан сувларида бременлик аëл бир чўкиб¸ бир қалқиб нажот сўраб чинқирмоқда. 

Ҳудди Нуҳ тўфонига менгзар манзара.

Асар финалида эса бу уммон устида кварциддан бўлган ëлғиз  оқ кема сузаëтгани акс этади. 

Кемада эса икки пассажир бор холос. Эркак ва аëл...  Титрлар тушади. The End.

Кеча эски дафтарлар орасидан бу сценарий чиқиб қолди.Сценарийдаги мана бу парча мен учун қизиқ туюлди.

“Давлатбахт уч саҳрони кезиб йиғган гиëҳларни ва кўкнор шарбатларини қозон гирдига терилиб ошиқ мошиқ қилиб ўрнатилган ангишвонадай кичик ва роппа роса қирқта қадаҳларга бир бир тақсимлаб солиб чиқди. Қорақумнинг қоқ марказига тошлардан омонат қилиб қурилган ўчоқ устидаги қозонда кеча ушлаб патлари юлинган сулгун қуши кандир ëғида секин қоврилар эди.
Давлатбаҳт осмондаги юлдузлар ишоратига биноан ангишвона каби идишлардаги шарбатларни қозон устига бирин кетин ағдариб турди.
Ўчоққа қаланган сазоқ ва кўкнор баргларидан чиққан тутун қумдаги эчкиемар¸тулки¸калтакесак¸қумпишиги ва илонларни ҳам сарҳуш қилган эди.
Улар ëвшанлар орасидан кўзларини сузиб қозонга тикилиб туришар эди.

Давлатбаҳт ўттиз саккизинчи қадаҳдаги шарбатни қозонга ағдарди.
20 дақиқа ўтиб ўттиз тўққизинчи ўймоқ ичидаги шарбат ҳам қозондан ўрин олди.

Осмонда фақат биргина шукур юлдузигина қолган эди

Давлатбаҳт охирги идиш ичидаги гиëҳ шарбатини қозонга тўкиб қозон қопқоғини ëпди.
Энди кутиш керак эди. Осмонда бирортда ҳам юлдуз йўқ. Осмон қоп қора. Саҳро эса жим жит.
Шу пайт бирдан........”




Асранди ўғилдан қутулиш ҳикояси

Асранди ўғилдан қутулиш ҳикояси

Қайиқ ичида уч киши. Ота ва унинг икки ўғли. Ўғиллардан бири асраб олинган.

Отанинг ëши элликларда. Икки ўғил тенгқур. Улар 19 ëшда.

Қирғоғи кўринмайдиган улкан кўл узра сузаëтган қайиқда ўғилларига тескари қараб ўтирган ота бор кучи билан эшкак эшади.

Ота асранди ўғлини кўлга чўктириш учун йўлга чиққан.

Сал ўтмай уйқу дориси таъсир қиган асранди ўғилнинг кўзи илинади.

Ухламаган ўғил эса уни қўлини арқон билан чандиб боғлайди.

Ота асранди ўғлини оëғига тош бойлаб бирдан чўктириб юборишга кўзи қиймайди.

Қайиқ қирғоқ кўринадиган жойга яқинлашмоқда. Ота қайиқ тубидаги тешикка қоқилган қозиқни суғуриб олади.

Ота ва ўғил кемадан ўзларини сувга отиб сузиб кетишади.

Кимсасиз кўл узра ичи тобора сувга тўлиб чўкаëтган қайиқ. Қайиқ ичида қўли боғлиқ тарзда ухлаëтган асранди ўғил.

Асранди ўғил сув тагида ўзига келади. Чўкаëтган йигит жон талвасасида чирпинади.

Шу пайт сув остида у кимнингдир ҳалоскор қўлини ҳис қилади. Бу исмсиз ҳалоскор уни судраб кўл узра сузар эди.

Асранди ўғил қирғоқда ўқчиб ëтибди. Ҳалоскор эса унинг қўлидаги ивиб кетган арқонни ечишга уринмоқда.

Кўл узра ботаëтган қуëш нури фонида соҳилдаги икки киши қорайибгина кўринади.

Атрофда бошқа ҳеч ким йўқ.