среда, 5 февраля 2020 г.

Отатурк ҳақида укамга мактуб


Қудрат салом сен ва мен севган ëзувчи Экюзперининг “Кичик Шаҳзода” китобида янги юлдуз кашф қилган турк астрономи билан боғлиқ эпизод бор.

Астрономлар уюшмаси аввалига турк мунажжимининг юлдуз кашф қилганига ишонмайди. Чунки бидъат ва ҳурофотга тўла усмонли ўлкасидан илм аҳли чиқиши даргумон эди.

Бир йил ўтиб бу астроном ҳурмат ва эхтиром ҳамда эътирофга сабаб бўлади. Чунки бу астроном ғарб улгисидаги давлат бўлиш иддаоси билан чиққан Туркия республикасини тамсил қилар эди.

Яъни Мустафо Камол Отатурк турклар обрў эътиборини оширган бир феномен эди деган ҳулоса бор китобда.

Мустафо Ғози Камол Пошшо Отатурк расмини Эрк Демократик Партиясининг илк қурултойида саҳнага осиб қўяйлик деган таклиф билан чиққанимни эсласанг керак.

Олис 1990 йилда Тошкентдаги билимлар уйида. Ўшанда бир тарафдан коммунистлар бир тарафдан қадимчи муллалар менга қараб ўқрайгани ҳам ëдингда бўлса керак.

Бугун бу шаҳс ҳақида ҳеч нарса билмасдан уни ëмонлаëтган¸ салафий¸ ҳанафий¸ ваҳобий¸ ҳизб¸ ИШИД¸ Нусра тарафдорлари¸ сулаймончи¸ маочи¸ ПККчи ва бошқа рўдаполарнинг алжираши қулоққа ëқимсиз эшитилади.

Тарихни ҳар ким ҳар ҳил талқин қилади аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир. Мустафо Камол тарихни ўзгартирган буюк реформатор эди.

Ўн тўққизинчи аср охири йигирманчи аср бошида бир пайтлар муҳташам империя бўлган Усмонли салтанати Оврўпонинг ҳаста ҳужайрасига айланган эди.

Дунайдан Нил дарëсига қадар¸ Бағдоддан Триполигача ястанган улкан мамлакат биринчи жаҳон урушидан кейин таназзул ичида эди.

Мамлакат пойтахти Истанбул ишғолчилар қўлида¸ парламентни эса Британия армияси тарқатиб юборган эди.

Ислом ҳалифаси¸ султон Маҳмад эса АНТАНТА комиссарлари буйруғини киприк қоқмай бажарадиган манқуртга айланган эди.

1920 йилги Севр сулхига кўра Усмонли давлати ҳаритадан буткул ўчиши лозим эди.

Бу таназзулдан. бу таслимиятдан миллатни фақат мўжиза қутқариши мумкин эди.

Бу мўжиза 40 яшар турк зобити Мустафо Камол сиймосида миллатни қутқариш учун пайдо бўлди.

Султон Маҳмад ва бошқа клерикал унсурларнинг таслимчилик сиëсатига бўйин эгмаган Мустафо Камол Анқарада Буюк Миллий мажлисни таъсис қилиб ишғолчиларга қарши сафарбарлик урушини эълон қилади ва бу мужодалани буюк ғалаба билан қозонади.

Мустафо Камол усмонли подшохлиги вайроналари устида янги бир давлатни барпо қилади ва унга Туркия деб ном беради.

Бугун Яқин шарқда кучли¸ барқарор ва ўз оëқлари устида мустаҳкам турган ягона давлат бу Туркиядир.

Бу албатта Мустафо Ғози Пошшо Камол Отатурк яратган давлатдир.

Қудрат бугун кўриб турганинг каби дин тужжорлиги билан овоз ва мол мулк қозонган реваншист тўдалар Отатуркнинг тарихий ролини камситишга уринмоқда.

Бу тўдалар ортидаги массовкада ўзбек элементлари борлиги мени бир оз ҳавотирга солса ҳам ҳайратланмайман.

Зотан бу қавм зеҳниятига қарар эканмиз нуқул регрессив персонажларга меҳр қўйганини кўрамиз. Николай иккинчини оқ пошшо деб номига ҳутба ўқиган бу қавм кейин Ленин ва Сталинни алқади. Бу қавм реформатор Хрушчев ва Горбачевни ҳаммадан кўра қаттиқроқ сўкди. Айнан шу қавм диктатор мозорини тавоф қилишни ўзига одат қилди. Бу қавм вакилларининг Путин¸ Рамзан ва Эрдўғонни севиши ва Отаттурк каби реформаторни ëмон кўриши социлоглар тахлилига мухтож. Балки Баҳодир Файз буни тахлил қилиб берар.
Ҳозирча Отатуркнинг ўзидан иқтибос келтирсам “Ухлаган миллат ë ўлади ëки қул бўлиб уйғонади” Бу гап ҳудди биз ҳақимизда айтилгандек.

Қудрат мен бу гапларни Прагадаги уйим балконида ўтириб ëзяпман. Зим зиë осмон тинимсиз кўз ëш тўкмоқда. Апрель ойи бўлишига қарамасдан изғирин. Балки шу изғирин¸ баҳорга ҳос бўлмаган совуқ ҳаво бу матнга таъсирини ўтказгандир. Лекин синоптиклар ҳаво яна исишини ваъда қилмоқда. Отатурк айтганидек «Чиқиш йўли бўлмаган ҳолатнинг ўзи йўқ¸ фақат умидсиз одамлар бор ҳолос”
Ҳаводаги ўзгаришлардан доимо умидвор бўлган аканг Шуҳрат. Прага 2017 йил 25 апрель.