среда, 18 января 2017 г.

Бувимнинг укаси Эгам Раҳим


Ленинга елинни қофия қилган тоғам Эгам Раҳим 12 ëшида Магаданга сургун қилинганини бувимдан эшитган эдим.
Ўша пайтда ëш бола бўлган Эгам Раҳимнинг шеърлари адабиëт институти домлалари тарафидан "таҳлил" қилиниб¸ НКВДга "хулоса" берилган¸ деб эслар эди бувим раҳматли ўзининг шоир укаси бошига тушган кўргилик ҳақида.
Магадандан ярим юзини совуққа олдириб келган Эгам Раҳим кейин сиëсий шеър ëзмай қўя қолди.
12 ëшида қамалган Эгам Раҳимни Урганчдаги турмада ҳолидан ҳабар олишга унинг опаси¸ менинг бувим Равшан онага изн беришган.
Равшан она ҳикояси:
-Эгамберганни кўриш учун Урганчнинг кўҳна қалъасидаги¸ҳозирги Меҳрибон ательесининг орқасидаги турмага бордим. Сариқ рўмолга қуш-тили¸ қатлама ва ўрик қоқи солиб бордим. Кираверишдаги аскар қўлимдаги тугунни ерга қўйишга буюрди. Кейин милтиғини учидаги найзаси билан рўмолимни титиб кўрди ва мени ичкарига киритди. Турма биноси илгари мадраса бўлган эди. Атрофи ғиштин ҳужралар билан ўралган турманинг ўртасидаги карвуч тўшалган усти очиқ майдонда кутиб турдим.Қуëш ëндиради. Бир пасдан кейин Эгамберганни олиб чиқишди. Сочлари олингани боис боши кўм кўк бўлиб кўринди¸ юзлари ориқлаб кетган эди.Уни кўриб йиғлаб юбордим. Эгамберган мени қучоқлаб бир пас турди.У ҳали норасида бўлса ҳам менга қўшилиб йиғламаслик учун юзини четга бурарди.
Бир оздан кейин аскарлар уни камерага олиб кетди. Бир пасдан кейин сариқ рўмолимни қайтариб беришди. Рўмол ҳошиясига ғазал битилган эди. Бу ғазални ëд олдим. Ғазал "қачон озод юроримни билолмасман" дея бошланар эди...
Ҳуллас 12 яшар бола 1936 йилда Магаданга сургун қилинди.
У сургунда экан бувим ҳар куни эшикка қараб укам Эгамберган келмадимикан дея орзиққанини бот-бот эслар эди.
Тоғам Эгам Раҳимнинг мана бу шеъри ўша орзиқиш тасвирига менгзайди.
Ўртамизда тўкин дастурхон¸
Оилада бир насиба кам¸
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам.
Эшик очилгандай бўлади¸
Сен оҳиста кириб келасан.
Хона ичи нурга тўлади¸
Иссиқ-иссиқ салом берасан.
Онажонинг қучоқлаб кетар¸
Сира қўймай сени ëнидан.
Унинг боши осмонга етар¸
Сенинг билан қувонганидан.
Кўринади юзда табассум¸
Ғойиб бўлиб бирдан мусибат.
Шу тариқа ҳар лаҳза¸ ҳар зум¸
Қизиб борар даврада суҳбат.
Қани энди шундай бўлолса¸
Бир қувонсак кўриб дийдоринг
Алам ўрнин табассум олса
Ва яшнатса ҳаëт гулзорин
Ўртамизда тўкин дастурхон
Оилада бир насиба кам
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам..
Раҳматли бувим Равшан момони¸ тоғам Эгамберган дойини¸ отам Ражаббойни оллоҳ раҳмат қилсин