пятница, 25 ноября 2016 г.

Мисни олтинга айлантириш формуласи


Топ тоза бир варақнинг нархи топ тоза қоғоз нархи билан бир хил ë ундан ҳам арзон.
Айтайлик совет даврида 12 варақлик дафтар икки тийин эди.
Аммо бу қоғозга кимдир нимадир ëзган ëки расм чизган бўлса қиймат ўзгаради.
Масалан буюк рассом Чингиз Аҳмаров атрофда оқ қоғоз кўрса бир нарсалар чизиб ўтирар эди.
Охирги марта устозни 1994 йил укам билан зиëрат қилган эдик.
Ўшанда укам Қудрат эллик олтмиш доллар қийматдаги сўм купонга устоз чизган расмлардан бирини сотиб олган эди.
Хозир Чингиз Аҳмаров чизган расмларнинг нархи анча баланд.
1993 йилда мен Германиянинг Варнуменде шаҳрида бир муддат рассомлик билан шуғулландим.
Холстларим тугаб бўлган эди.
Ўшанда мен мева сотадиган дўкон олдига олиб чиқиб ташланган бўш картон қутидан бир парча кесиб олиб ўша ернинг ўзида унга акрилл бўëқлар билан дарахт ва қуш расмини чиздим.
Азбарои қизиқиб кетганимдан елкам узра қараб турган одамларни ҳам пайқамабман.
Sehr schön деб расмни мақтаганлардан бири¸sagen sie mir, was für ein baum? деб сўради. Мен гужум дарахти деб жавоб бердим.
Кейин эса у wie viel es kostet дея нарх сўради.
Мен қашшоқлик ҳукм сураëтган собиқ СССРдан келган рассом эдим. Расм сотиш тажрибам йўқ эди. Елка қисдим.
Расм ишқибози менга 300 марка узатиб етадими деди. Мен рози эдим.
Зеро беш дақиқа олдин ҳеч кимга керак бўлмаган картон парчасини қимматли матохга айлантирган алхимик каби сезар эдим ўзимни.