понедельник, 6 февраля 2017 г.

Эшак қандай дафн қилинди

Европа давлатлари Берлин девори қулаганининг 20 йиллигини кенг нишонлаган 2009 йили Болгариядаги газета мухбири Диана собиқ СССРни қолган дунë билан ажратиб келган темир девор соясида содир бўлган воқеалардан ëзиб беришимни сўради.
Мен эшак ўлими ҳақидаги эсдаликни ëзиб бердим.
Бадиха илк маротаба болгар тилида чоп қилинди.

Алвидо, Эшак!

1982 йили Ўзбекистонда куз совуқ келди.
Ўзбекистондаги талабалар ноябр ойи охирларигача йилт этган оқлик ҳам кўринмай қолган пахтазорларда қолиб кетишди.
Мен ҳам ўша кузни барча талабалар қатори пойтахтдан 200 км олисликдаги Мирзачўлда, баракда ўтказдим.
Ташқи дунëдан ажралган бу бўлгада на ичимлик суви, на-да электр бор эди.
Менинг вазифам чой қайнатиш, баракни электр қуввати билан таъминлаш эди.
Чой ҳамма учун бир катта титанда, ўтин йўқлигидан керосин фарсунка ëрдамида қайнатилар эди.
Электр эса бензин билан ишлайдиган қўлбола движокдан чиқар эди.
Мен ҳар куни 10 км узоқликдаги бош баракдан ичимлик суви, керосин ва бензин олиб келишим керак эди.
Бу иш учун эшак менга асосий дастëр бўлди.
Мен ҳам юришга ҳоли келмай қолган эшакни шундай бўйнидан тортар эдим…
Эшакка икки бидон сув, бир канистр бензин ва бир канистр керосин ортиб, кунига 10 км йўл юрар эдим.
Ноябр охирида ëққан қалин қор бу ишни бениҳоя қийинлаштирди – оғир азобларга чидамаган эшак оламдан ўтди.
Худди шу куни СССР раҳбари Леонид Брежнев ҳам ҳаëтдан кўз юмди. Биз телевизор орқали дафн маросимин томоша қилдик. Далаларни қор босганидан, қиларга бошқа ишимиз йўқ эди.
Мен талабаларга эшакни ҳам тантана билан дафн этишни таклиф қилдим. Таклиф бир овоздан қабул қилинди.
Аввалига эшакни дафн қилиш комиссияси тузилди.
Бу комиссияга мен раҳбар бўлдим, зотан эшакнинг сўнгги соҳиби мен эдим.
Баракдан сал нарида эшак учун чуқур кавладик.
Эшакни кўмишдан олдин менга сўз берилди.
Мен оғир кунларимизда бизни ичимлик суви, керосин ва бензин билан таъминлаган заҳматкаш эшак қисматидан гапирдим.
Брежнев дунëни тарк қилган, миллионлаб советлар учун қайғу-ғуссага тўла кунда эшакнинг ҳам бу оламни тарк қилиши дард устига чипқон бўлганини айтдим.
(Нутқ стенограммаси ва унга илова қилинган чақув хати Низомий номли ТДПИ архивининг 234-жавонининг 4-ғаладонида сақланмоқда. Нусхаси МХХ Яккасарой туман бўлимида).
Мендан кейин сўз олган тўрткўллик йигит рубобда “Меҳрибонимдан айрилдум” қўшиғини ижро қилди. Пролетар шоир Ҳамза қаламига мансуб бу қўшиқ матни бир оз ўзгартирилди.
Ундан кейин сўз олган Санамгул исмли самарқандлик қиз марҳум билан боғлиқ хотирасини айтиб берди – камина рухсати билан бу қиз эшакда сайр қилган эди.
Ана шундан кейин сўз олган наманганлик талаба ҳар куни барак дарчасидан марҳум эшакни томоша қилганлигини айтиб қайғусини изҳор қилди.
Дафн маросимига йиғилганлар “Алвидо эшак, хотиранг бешак” дея уч марта ҳайқирганидан сўнг, марҳум устига тупроқ тортилди.
Андижонлик Нўъмон деган йигит бир тахтачага эшак суратини мой бўëқларда чизиб, тагига “Туғилган кунинг номаълум – аммо жасоратинг абадий!” деган ëзувни ўзбек, рус ва тожик тилида ëзиб қўйди.
Орадан икки кун ўтиб, камина институт комсомол қўмитаси котиби ҳузурига чақирилдим.
Мени Брежнев дафн маросимини масхаралашда айблашди ва комсомолдан чиқариб, институтдан ҳайдашга қарор қилишди.
Фақат институт бюрократиясининг номукаммаллиги боис мен институтдан ҳайдалмасдан қолиб кетдим. Бу энди бошқа ҳикоя…
***
Эслатма
1982 йилнинг 10 ноябр куни ўлган Леонид Ильич Брежнев қабри Москвадаги Кремл девори ëнида.
1982 йилнинг айни шу куни ўлган эшак қабри Ўзбекистон республикасининг Жиззах вилояти Гагарин тумани 22а совхоз 471-баракдан уч метр ғарбда.

среда, 18 января 2017 г.

Бувимнинг укаси Эгам Раҳим


Ленинга елинни қофия қилган тоғам Эгам Раҳим 12 ëшида Магаданга сургун қилинганини бувимдан эшитган эдим.
Ўша пайтда ëш бола бўлган Эгам Раҳимнинг шеърлари адабиëт институти домлалари тарафидан "таҳлил" қилиниб¸ НКВДга "хулоса" берилган¸ деб эслар эди бувим раҳматли ўзининг шоир укаси бошига тушган кўргилик ҳақида.
Магадандан ярим юзини совуққа олдириб келган Эгам Раҳим кейин сиëсий шеър ëзмай қўя қолди.
12 ëшида қамалган Эгам Раҳимни Урганчдаги турмада ҳолидан ҳабар олишга унинг опаси¸ менинг бувим Равшан онага изн беришган.
Равшан она ҳикояси:
-Эгамберганни кўриш учун Урганчнинг кўҳна қалъасидаги¸ҳозирги Меҳрибон ательесининг орқасидаги турмага бордим. Сариқ рўмолга қуш-тили¸ қатлама ва ўрик қоқи солиб бордим. Кираверишдаги аскар қўлимдаги тугунни ерга қўйишга буюрди. Кейин милтиғини учидаги найзаси билан рўмолимни титиб кўрди ва мени ичкарига киритди. Турма биноси илгари мадраса бўлган эди. Атрофи ғиштин ҳужралар билан ўралган турманинг ўртасидаги карвуч тўшалган усти очиқ майдонда кутиб турдим.Қуëш ëндиради. Бир пасдан кейин Эгамберганни олиб чиқишди. Сочлари олингани боис боши кўм кўк бўлиб кўринди¸ юзлари ориқлаб кетган эди.Уни кўриб йиғлаб юбордим. Эгамберган мени қучоқлаб бир пас турди.У ҳали норасида бўлса ҳам менга қўшилиб йиғламаслик учун юзини четга бурарди.
Бир оздан кейин аскарлар уни камерага олиб кетди. Бир пасдан кейин сариқ рўмолимни қайтариб беришди. Рўмол ҳошиясига ғазал битилган эди. Бу ғазални ëд олдим. Ғазал "қачон озод юроримни билолмасман" дея бошланар эди...
Ҳуллас 12 яшар бола 1936 йилда Магаданга сургун қилинди.
У сургунда экан бувим ҳар куни эшикка қараб укам Эгамберган келмадимикан дея орзиққанини бот-бот эслар эди.
Тоғам Эгам Раҳимнинг мана бу шеъри ўша орзиқиш тасвирига менгзайди.
Ўртамизда тўкин дастурхон¸
Оилада бир насиба кам¸
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам.
Эшик очилгандай бўлади¸
Сен оҳиста кириб келасан.
Хона ичи нурга тўлади¸
Иссиқ-иссиқ салом берасан.
Онажонинг қучоқлаб кетар¸
Сира қўймай сени ëнидан.
Унинг боши осмонга етар¸
Сенинг билан қувонганидан.
Кўринади юзда табассум¸
Ғойиб бўлиб бирдан мусибат.
Шу тариқа ҳар лаҳза¸ ҳар зум¸
Қизиб борар даврада суҳбат.
Қани энди шундай бўлолса¸
Бир қувонсак кўриб дийдоринг
Алам ўрнин табассум олса
Ва яшнатса ҳаëт гулзорин
Ўртамизда тўкин дастурхон
Оилада бир насиба кам
Мусибатда синдирамиз нон
Ярқирайди киприкларда нам..
Раҳматли бувим Равшан момони¸ тоғам Эгамберган дойини¸ отам Ражаббойни оллоҳ раҳмат қилсин