воскресенье, 21 августа 2016 г.

Нуқсон қандай қилиб фазилатга айланади ëки қўрқоқ билан суҳбат


Реклама саноатида "нуқсонни фазилатга айлантириш" деган трюк бор. Масалан кичкина машина реклама қилинса "у кичик лекин парк қилишга қулай" дейилади. Шу маънода қўрқоқлик фазилатга айлантирилаëтганига ҳам мисоллар бор.
Мен суҳбатлашган киши Ўзбекистонда яшайди ва ўзини донишманд деб билади. Исмини айтишга қўрқди. Мана бу гаплар у кишининг донишмандона мулохазаларидан бир парча:
-Қўрқмаслик яхши¸ лекин китобларда эртакларда яхши. Ҳаëтда қўрқмасларни ахволи қандай эканини кўриб турибмиз. “Пақир панада бўлади”¸ “кетни қисган бой бўлади” деган гап шунчаки гап эмас. Халқимизнинг минг йиллик хулосаси. “Эгилган бошни қилич кесмас” деган мақол ҳам қўрқоқлик ҳақида. Масалан армияда сиз дедларга қарши борсангиз улар сизни уриб майиб қилиб қўйишади. Умрбод мажрух бўлиб яшайсиз. Агар сиз ақлли бўлсангиз сиз уларни пайпоғини ювиб қўйган бўлиб вазиятга чап берасиз. Жонингиз омон бўлади. Яна бир мисол босқинчилар уйингизга бостириб киришди ва аëлингизни зўрлай бошлади. Агар сиз бу босқинчиларга қаршилик кўрсатсангиз улар сизни ўлдиради. Оқибатда фарзандларингиз етим қолади. Бундай пайтда энг кам талафот кўриладиган йўлни танлаш керак. Қўрқмайман¸ жасурман деб ўзингизни¸ оилангизни ва қариндошларни хавф ҳатарга қўйиш ҳам яхши эмас.

среда, 3 августа 2016 г.

Кийимсиз одамнинг ҳушнудлиги


Ижтимоий сўров натижаларида Ўзбекистон ватандошлари дунëдаги энг баҳтиëр қавм сифатида қайд қилинади.
Кўплар бунга шубҳа қилади. Газ йўқ¸ чироқ йўқ¸ сал гапга қамалиб кетадиган мамлакат ватандошлари баҳтиëр бўлиши мумкин эмас дейишади.
Мен ўша ўша сўров натижаларининг ҳақиқийлигига ишонаман.
1988 йили др. Якоб Таубе ўзбек эртакларини немисчага таржима қилиб Германияда китоб чиқарди.
Бу китобга расм чизиш вазифаси менга юкланди. Аснода ўнлаб эртак китобларини ўқиб чиқдим.
Эртаклардан бири баҳтли одам ҳақида эди....
Қадим замонда бир подшохнинг боласи тузалмас касалга чалинибди.
Табиблар боланинг дардига узоқ вақт дармон топиша олмабди.
Алал-оқибат бир табиб "Бу бола баҳтли одамнинг чопонини кийсагина тузалади" деб диагноз қўйибди.
Шотирлар бутун мамлакатни кезиб битта ҳам баҳтли одам топа олмагач¸ подшохнинг ўзи оддий кийиниб кўчама-кўча кеза бошлабди.
Подшоҳ юриб-юриб шаҳар чеккасидаги қийшайиб турган бир вайрона уй олдига бориб қолибди. Ичкаридан нон кавшаëтган одамнинг "Вой қандай баҳтиëрман" деган саси келибди. Подшох саройига қайтиб вайрона уйга шотирларини юбориб¸"тез ўша баҳтиëр кишининг кийимини келтиринг" деб буюрибди.
Шотирлар бориб вайрона ичига киришса баҳтиëр одамнинг кийими йўқ экан.