среда, 8 января 2020 г.

Лола опа арт перформенси (расм дарслари туркумидан)


8 январ куни Прагада рассомлик кўргазмам очилди. Кўргазма ташриф қоғозида рассомликка нега қизиқиб қолганим тарихи ëзилган.
1969 йилнинг совуқ қиши. Совуқ қаттиқ бўлганидан Амударë ҳам музлаган эди. Шу совуқда Урганчдаги Огаҳий номли музикали драма театрида қўйилган спектакл тақдимотига борганимни эслайман.
Раҳматлик отам мени яъни 6 яшар ўғлини қўлидан тутиб спектаклга олиб борган эди. Пьесани тоғам драматург ва шоир Эгам Раҳим ëзган эди. Спектаклнинг номи “Маърифат қурбонлари”
22 нафар ўзбек қизлари чет элга ўқишга кетаëтган пайтда эрк душманлари тарафидан ўлдирилгани ҳақидаги фожеа баëни.
Спектакл сахнаси фонидаги улкан панно (задник)ни Ўзбекистондаги илк аëл рассом Лола опа Абдуллаева чизган эди.
Бутун саҳна деворини эгаллаган матога сариқ рангда барханлар ва мовий рангда осмон ва оқ булутлар чизилган эди.
Минора ва дарахтлар тасвири бор эди.
Спектакл бошланди. Оркестр чуқуридаги созандалар мунгли куйни чалди. Сурнай овозига доиранинг зарби жўр бўлди. Парда очилди. Ўнлаб проожектор Лола опа чизган паннони ëритди.
Бирдан паннодаги оқ булутлар қимирлаб бошлади.
Осмонннг кўк ранги барханларнинг зарғалдоқ ранги билан қўшилиб оқиб кетди. Миноралар худди улкан сосиска каби қимирлаб эриб кетишди.
Панно улкан ажи бужига айланди. Рассом Лола опа дахшат билан бақириб “пардани ëпинглар” деди.
Аëн бўлишича Лола опа паннони бир кун олдин чизиб тугатган. Сув бўëқлар билан чизилган тасвир музлаб тўнгиб қолган.
Спектакл бошланганида прожекторлар иссиғида расм “эриб” оқиб кетган.
Театрчилар “авария” деб атаган бу манзара гўдак шууримда инқилоб ясаган эди.
Миноралар ва булутлар¸ зарғалдоқ ва зангори ранглар бир бир билан аралаш қуралаш бўлиб ўзига хос арт перформенс касб қилган эди.
Шундан кейин бир ҳафта гуаш бўëқлари билан кўрганимни уйда такрорлашга уриндим. Олдин гуаш билан расм чизардим. Кейин дарров совуқ кўчага олиб чиқиб музлатиб қўярдим. Музлаган расмни эса иссиқ уйга олиб кириб эритиб хосил бўлган арт эффектдан завқланар эдим.
Аммо ҳарчанд уринмай Лола опанинг панноси каби ëрқин тасвир хосил қила олмас эдим.
Кейинчалик АҚШ ва Европанинг катта музейларида Кандинский¸ Сальвадор Дали каби рассомларнинг сюрреалистик асарларини кўрдим.
Аммо бу шоҳ асарлар ҳам Лола опанинг музлаб эриган панноси каби шууримни ағдар-тўнтар қила олмас эди.
Лола опа менга расмдан бир умрликк дарс берган эди.
1985 йили Лола опа Абдуллаеванинг асарларидан иборат кўргазмани Урганч суратлар галереясида ташкил қилишим сабаби ҳам шу эди.
Мен бу муссавира аëл олдида шогирдлик қарзимни узишим керак эди.
Опага 1969 йилги спектакл тақдимотини эслатдим. Лола опа кулиб “Қўйинг эсламанг болам. Ўшанда юрак ўйноғи бўлиб ўлишимга сал қолган” деди.
Лола опа Абдуллаевани Оллох раҳмат қилсин. Яхши аëл ва улкан рассом эди. Илк расм муаллими бўлган эди менга.
Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир-бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим....