пятница, 10 апреля 2015 г.

Паражанов

Расм дарслари туркумидан:

Паражанов

"Адабиëт  бу рассомга ҳалақит берадиган ва рассомнинг визуал дунëсини ишдан чиқарадиган фалокатдир".

Бу нарсани менга ўргатган муаллим буюк рассом Сергей Паражанов эди.

Паражанов билан муштарак дўстларимиз бўлса ҳам учрашмадик¸ аммо сабоқ олиш учун у киши чизган расмлар¸ коллаж ва инсталацияларга қиë ташлаш кифоя эди.

Паражанов суратга олган "Анор ранги"¸ "Ошиқ Ғариб"¸ "Саëт Наво" кинолари эса менинг дарсликларим эди.

Паражанов китобий - адабий эмас тасвирий (визуал-пластик) фикрлар эди.

Интервьюлардан бирида Паражанов ўз устози Чухрай унга ва бошқа ВГИК талабаларига бадиий китоб ўқишни таъқиқлаб қўйганлигини айтади. Чунки Чухрай фикрича китобга берилиш¸ визуал санъат бўлган кино яратишга тўсқинлик қилар экан.

Чухрай ўгитига амал қилган Паражанов фикрни тасвирий ифода қилиш бўйича "Гений" га айланди.

Визуал пластик фикрлаш деган нарса ўрнаги 15 асрда яшаган турк рассоми Маҳмад Сиëҳ Қалам ва унинг Нидерландияда яшаган замондоши Босх асарларида бор.

Мункнинг "Қичқириқ" асари ëки Бенкси Фаластиндаги деворга чизган "Шар ушлаган бола" асари ҳам тасвирий ифоданинг мукаммал ўрнагидир.

Хозирги тирик рассомлар ичида мен учун энг муҳимларидан бўлган Алехандро Ходоровски асарлари ҳам тоза тасвирий ифодага қурилган.

20 асрдаги икки рассом (эр хотин) Диего Ривера ва Фрида Кало асарларига назар солайлик. Диего тоза тасвирий ифода йўлидан боради¸ Кало асарларида китобийлик ва адабиëтнинг салбий унсурлари мавжуд.

Визуал ифодага тескари холатни муҳокама қилсак:

Масалан мен институтда ўқиганимда Абдулла Ориповнинг "Онажон" деган шеъри рассом талабалар ўртасида ҳам машхур эди.

Бу шеърдан муттаасир бўлган талабалар "расмлар" чизишар эди. Расмларда ўйга толиб ўтирган йигит фонида оқ рўмолли аëл қараб турибди.

Бу расмни тагига Абдулла Орипов қасидасига қасида деб ëзилмаса¸ ўзича бир нарса бермайди.

Мен ҳам бу ҳасталикка чалиниб "Шоир портрети" деган расм чизган эдим 1982 йилда. Расмда шоир дўстим Мансур Аҳмедов тасвирланган эди.

Олдинига Мансурни ўтқазиб қўйиб портретини норинж рангли қалам (пастел) билан гўшт ўрайдиган оқланмаган қоғозга чиздим.

Портрет фонига эса улоқ чопаëтган отлар ва ботаëтган қуëш расмни чиздим. Бир чеккада муштини лунжига тираб хўмрайиб турган атлас куйлакли қизни ҳам чизиб қўйдим.

(Мансурни шеърларида. қуëш ботиши¸ улоқ ва аҳдига вафо қилмай эрга тегиб кетган ëки севгилисини кутавериб қовжираб кетган қизлар ҳақида гап кўп эди.)

Ҳуллас адабиëт омборидаги бу гаплар расмга ўтгани он расм расмлигидан мосуво бўлган эди.

Бундай расм чизмасликни эса менга визуал тасвирлаш бўйича гений Сергей Паражанов (1924- 1990) ўргатди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий