пятница, 17 апреля 2015 г.

Баëний нега қайғирди?



Тарих улуғ муаллим биз эса нўноқ шогирдлармиз. Ëки тарихдан сабоқ олинмаслиги аксиома. 

1873 йил Хива ишғолидан сал олдин руслар Бухорони ишғол қилган эди.
.
Бухоро подшоси Музаффархон мамлакатни ўрисларга пешкаш қилди. 

Музаффархоннинг Тўра исмли ўғли бунга норози бўлиб Хива хони олдига келиб кўмак сўрайди. Хива хони эса "ўрис сенинг юртингни босиб олса менга нима" тарзида жавоб берди.

Бу ташрифни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Баëний Бухоро вакилининг сўзларидан ўз китобида иқтибос келтиради.

"Ул тўра айтди: «Отамиз Бухоро вилоятини Русияға бермакчи бўлдилар.Биз монеъ бўлуб урушға тарғиб этдук. Отамизға бу сўзларимиз хуш келмай орада ваҳшат пайдо бўлди. Ондин сўнг ул ерда турмоқни маслаҳатдин бағоят баъид кўруб баякбор чиқиб, бу
тарафга равон бўлдуқ».

Хива хони ва девондаги калласи кади мулозимларини Россия босқинчилиги эмас балки бухоролик ҳушсурат шахзоданинг ҳусни жамоли кўпроқ қизиқтирган.
Яна Баëний ëзади.

"Аммо ул тожик тўранинг ҳусни суратда адилу бадили йўқ эрдиким, ўнсаккиз ёшида бир офтоби ховарийдек йигит эрди. Онинг масоҳибларидин бирининг онинг ҳақида ойтған шеърларидин бу мисраъ хотиримда қолғон эркан, мисраъ «Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадур умаролари».

Бу шаҳватли тажовуздан даҳшатга тушган тожик Тўра Хивадан айрилиб Техронга йўл олади.

Тўра Эрон шохи кўмагида ўрисларга қарши курашмоқ истайди. Аммо унинг бу истаги амалга ошмаганига тарих гувоҳ....

Сал ўтмай 1873 йилнинг ëзида Хивадаги Хоразмшох тахтига Кауфман ўтиради. Бу воқеани тарихчи Баëний таассуф билан кузатади.

"Кауфман ёнида Ғарандуқ Ниқулай принс Южин камоли эҳтишом била келди. Бурунроқ келган бир бўлак аскари музиқа чертиб, истиқболиға чиқтилар. Кауфман келиб Аркка кириб
тахти хоразмшоҳийда ўлтурди."

Бу сатрлардан кейин Баëний тарихчига хос бўлмаган эхтирос билан мағлубиятдан афсус чекади.

"Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ жасоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб иттифоқ била Русия аскарига муқобил бўлуб,уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар, мундинбурун беш навбат келиб асло зафар топа олғон эрмасдурлар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедур.
Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чун оллоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!"

Баëнийнинг хон авлодидан эканини билсак бу қайғини тушунамиз. Лекин айтмайдирларми¸ сўнги пушмон ўзингга душман деб.

Бу гапларимни ëзаëтганимни сабаби шуки бугун ўзбек ойдинлари Россия тарафидан Қримни ишғол қилиниш даҳшатини тушуниб етмаяпти.

Тарих улуғ мураббий¸ биз эса иккичилармиз.

1 комментарий:

  1. Бизларни тарих бир неча бор синаса хам одам булолмаяпмиз!

    ОтветитьУдалить