понедельник, 13 апреля 2015 г.

Востокнинг правдаси

Расм дарслари туркумидан ëки Востокнинг правдаси


Мен 2002 йилда Германиянинг Веймар шаҳридаги кўргазмада "Правда востока" деган асар билан қатнашувдим. 

Бу "асар" деганимиз сомон сувоқ урилган бир устун¸тўққиз болорлик росмана уй эди.

Томошабинлар "асар"ни ичига кириб бемалол айланиб томоша қилишлари мумкин эди. 

Яна ҳам аниқроқ айтсам мен кўргазма залида "Правда востока" деган уй бино қилган эдим. Сомон лойини ҳам ўзим оëғим билан босқилаб босқилаб таëрлаб деворни суваган эдим.

Бу асарим менинг Германиядаги шухратимга шавкат қўшди. Моддий ва руҳий кўмак берди ва ҳоказо.

Шу ўринда 2002 йилда барпо қилган бу асаримга илҳомни 9 яшар пайтимда олганимни айтиб ҳаққимни ҳалол қилсам.

Аввал айтганимдек 1972 йилда ўқитувчим Норжон опа бизни Хивага экскурсияга олиб борди. Музейда "Бойнинг уйи" ва "Камбағалнинг уйи" деган икки кўргазма бор эди.

Бойнинг уйи зерикарли туюлди менга¸ аммо камбағалнинг уйидан чандон таъсирландим. Лой сувоқ қилинган. фақат туйнукдан нур тушадиган¸ ўчоқнинг қора тутуни босган исқирт бир макон эди бу.

Бундай уйда яшаган одам "вой бечора жоним десам арзийди¸мен ҳам одам эдику ахир инсон фарзанди" дея шоир мисраларини такрорлаши керакдай туюлди менга.

"Инқилобдан олдин одамлар шундай аҳволда яшашган¸уларнинг аксари нур тушмаган зулмат уйларда яшаб рахит касалига дучор бўлишган" деб тушунтирди ўқитувчимиз.

Қандай қилиб нур тушмайдиган зимистон уйда яшаш мумкин? Бу савол жавобини 30 йил ўйлаб¸ 39 ëшимда Германиянинг Веймар шаҳрида ëшлигимда музейда кўрганим камбағалнинг уйини ëнгсиладим.

Фақат мен бу уйнинг деворига Калашников автоматини ҳам осиб қўйдим.

Мужда Чехов айтган каби оддий.

Бу зимистондан қутулиш учун зимистонга маҳкум бўлган мардум бир оз бўлса ҳам ҳаракат қилиши керак.

Дарвоқе Веймерда ясатган уйимнинг деворларида саноқсиз тешиклар ҳам бор эди.

Бу тешиклардан форс тилида "девор дар дорад¸ дар муш дорад¸ муш гўш дорад.." деган сокин овоз тинимсиз чиқиб турар эди.

Ана шу гап востокнинг правдаси эди.


Комментариев нет:

Отправить комментарий