суббота, 10 декабря 2016 г.

Осойишталикни бузувчи



Ëзувчи Леонид Соловьёвнинг "Возмутитель спокойствия" деган китоби қахрамони Насриддин ¸ Бухоро Амири ва унинг муллаларини танқид қилади. 

Бунга жавобан Амир Насриддинни қатл қилишга буюради. 

Яъни ҳажв қилган одам осойишталикни бузгани учун қатл қилиниши керак.

Амир шундай деб ўйлайди.

Бу китоб асосида таниқли киноочи Яков Протазанов 1942 йилда "Насриддин Бухорода" деган фильмни ҳам суратга олган.

Икки кун олдин бу фильмни томоша қилган эдим.

Фильмда сатира ва танқидга Бухоро амири ва унинг уламолари чидамсиз бўлгани тасвирланади.

Фильм бош қахрамони Хўжа Насриддин Бағдоддаги тазйиқлардан қочиб Бухорога келади ва бу ерда ҳам сатира нималигини тушунмайдиган жохиллар билан юзма юз бўлади.

Париждаги Charlie Hebdo ("Чарли Эбдо") журнали ҳам Насриддин Афанди тарзидаги бир сатирик журнал эди.

Унинг фаолияти кўпчилик тарафидан "осойишталикни бузувчи" сифатида кўрилди.

Ҳудди Бухоро Амири Хўжа Насриддинни ҳажвиялари учун қатл қилишга буюрганидек Charlie Hebdo журнали ижодкорлари ҳам тоқатсизлик нишони бўлди.

пятница, 25 ноября 2016 г.

Мисни олтинга айлантириш формуласи


Топ тоза бир варақнинг нархи топ тоза қоғоз нархи билан бир хил ë ундан ҳам арзон.
Айтайлик совет даврида 12 варақлик дафтар икки тийин эди.
Аммо бу қоғозга кимдир нимадир ëзган ëки расм чизган бўлса қиймат ўзгаради.
Масалан буюк рассом Чингиз Аҳмаров атрофда оқ қоғоз кўрса бир нарсалар чизиб ўтирар эди.
Охирги марта устозни 1994 йил укам билан зиëрат қилган эдик.
Ўшанда укам Қудрат эллик олтмиш доллар қийматдаги сўм купонга устоз чизган расмлардан бирини сотиб олган эди.
Хозир Чингиз Аҳмаров чизган расмларнинг нархи анча баланд.
1993 йилда мен Германиянинг Варнуменде шаҳрида бир муддат рассомлик билан шуғулландим.
Холстларим тугаб бўлган эди.
Ўшанда мен мева сотадиган дўкон олдига олиб чиқиб ташланган бўш картон қутидан бир парча кесиб олиб ўша ернинг ўзида унга акрилл бўëқлар билан дарахт ва қуш расмини чиздим.
Азбарои қизиқиб кетганимдан елкам узра қараб турган одамларни ҳам пайқамабман.
Sehr schön деб расмни мақтаганлардан бири¸sagen sie mir, was für ein baum? деб сўради. Мен гужум дарахти деб жавоб бердим.
Кейин эса у wie viel es kostet дея нарх сўради.
Мен қашшоқлик ҳукм сураëтган собиқ СССРдан келган рассом эдим. Расм сотиш тажрибам йўқ эди. Елка қисдим.
Расм ишқибози менга 300 марка узатиб етадими деди. Мен рози эдим.
Зеро беш дақиқа олдин ҳеч кимга керак бўлмаган картон парчасини қимматли матохга айлантирган алхимик каби сезар эдим ўзимни.

воскресенье, 21 августа 2016 г.

Нуқсон қандай қилиб фазилатга айланади ëки қўрқоқ билан суҳбат


Реклама саноатида "нуқсонни фазилатга айлантириш" деган трюк бор. Масалан кичкина машина реклама қилинса "у кичик лекин парк қилишга қулай" дейилади. Шу маънода қўрқоқлик фазилатга айлантирилаëтганига ҳам мисоллар бор.
Мен суҳбатлашган киши Ўзбекистонда яшайди ва ўзини донишманд деб билади. Исмини айтишга қўрқди. Мана бу гаплар у кишининг донишмандона мулохазаларидан бир парча:
-Қўрқмаслик яхши¸ лекин китобларда эртакларда яхши. Ҳаëтда қўрқмасларни ахволи қандай эканини кўриб турибмиз. “Пақир панада бўлади”¸ “кетни қисган бой бўлади” деган гап шунчаки гап эмас. Халқимизнинг минг йиллик хулосаси. “Эгилган бошни қилич кесмас” деган мақол ҳам қўрқоқлик ҳақида. Масалан армияда сиз дедларга қарши борсангиз улар сизни уриб майиб қилиб қўйишади. Умрбод мажрух бўлиб яшайсиз. Агар сиз ақлли бўлсангиз сиз уларни пайпоғини ювиб қўйган бўлиб вазиятга чап берасиз. Жонингиз омон бўлади. Яна бир мисол босқинчилар уйингизга бостириб киришди ва аëлингизни зўрлай бошлади. Агар сиз бу босқинчиларга қаршилик кўрсатсангиз улар сизни ўлдиради. Оқибатда фарзандларингиз етим қолади. Бундай пайтда энг кам талафот кўриладиган йўлни танлаш керак. Қўрқмайман¸ жасурман деб ўзингизни¸ оилангизни ва қариндошларни хавф ҳатарга қўйиш ҳам яхши эмас.

среда, 3 августа 2016 г.

Кийимсиз одамнинг ҳушнудлиги


Ижтимоий сўров натижаларида Ўзбекистон ватандошлари дунëдаги энг баҳтиëр қавм сифатида қайд қилинади.
Кўплар бунга шубҳа қилади. Газ йўқ¸ чироқ йўқ¸ сал гапга қамалиб кетадиган мамлакат ватандошлари баҳтиëр бўлиши мумкин эмас дейишади.
Мен ўша ўша сўров натижаларининг ҳақиқийлигига ишонаман.
1988 йили др. Якоб Таубе ўзбек эртакларини немисчага таржима қилиб Германияда китоб чиқарди.
Бу китобга расм чизиш вазифаси менга юкланди. Аснода ўнлаб эртак китобларини ўқиб чиқдим.
Эртаклардан бири баҳтли одам ҳақида эди....
Қадим замонда бир подшохнинг боласи тузалмас касалга чалинибди.
Табиблар боланинг дардига узоқ вақт дармон топиша олмабди.
Алал-оқибат бир табиб "Бу бола баҳтли одамнинг чопонини кийсагина тузалади" деб диагноз қўйибди.
Шотирлар бутун мамлакатни кезиб битта ҳам баҳтли одам топа олмагач¸ подшохнинг ўзи оддий кийиниб кўчама-кўча кеза бошлабди.
Подшоҳ юриб-юриб шаҳар чеккасидаги қийшайиб турган бир вайрона уй олдига бориб қолибди. Ичкаридан нон кавшаëтган одамнинг "Вой қандай баҳтиëрман" деган саси келибди. Подшох саройига қайтиб вайрона уйга шотирларини юбориб¸"тез ўша баҳтиëр кишининг кийимини келтиринг" деб буюрибди.
Шотирлар бориб вайрона ичига киришса баҳтиëр одамнинг кийими йўқ экан.

понедельник, 27 июня 2016 г.

Ақллилар мамлакати

Ақллилар мамлакати

Прагадаги масжидда ифтор қилдим. Масжид қавми асосан ўзбеклар.
Журналист эканимни билган давра Ўзбекистонда нима гап деб савол берди.
-Минор масжидида тумонат одам йиғилиб ифтор берилди. Дастурхон муҳташам¸ дея гап бошлаганим он бошқалар гапимни илиб кетишди.
-Ўзбекистон зўрда¸ исломобод деган шу бўлса керак....
Мен гапимни давом эттириб Минор масжидидаги ифтордан бир кун ўтиб масжидларда ифтор бериш тақиқланибди¸ деганим он даврадошлар яна тилга кирди.
-Тўғри қилишибди тақиқлаб. Масжидда ифтор бериш бизда одат эмас. Уйларда¸ тўйхоналар ва кафеларда ифтор қилаверамиз.
- Ресторан¸ кафе ва тўйхоналарда ҳам ифтор тақиқланган дедим.
- Э ака ресторан ибодат жойи эмаску. У бир ароқ ичиладиган мусиқа қўйиладиган макрух маскан. Шу ҳукуматиимизни билгани билган. Қолаверса ресторанда тўқлар¸ тўқларга кўз-кўз қилиш учун ифтор беради. Тўғри қилибди тақиқлаб¸ пайғамбаримиз замонида ресторанда ифтор берилмаган.
Гапни дунëвий мавзуларга бурдим.
-Арманистонда электр 16 фоизга қимматлагани учун халқ кўчага чиқиб 4 кундан бери намойиш қиляпти¸ дедим.
- Маладец арманлар. Электрни қимматлаган ҳукуматга ана шунақа муносабат қилиниши керак¸ дейишди даврадошлар.
-Ўзбекистонда ҳам электр ошди¸ бунинг устига кунора ўчади дедим маюс бир тарзда.
-Ҳа деб Ўзбекистонни ëмонлайвермангда энди амрикон радиосида ишлайман деб. Мана ота-боболаримиз даврида чироқ бўлмаган. Қоронғи тушиши билан уйқуга кетишган. Момоларимиз ҳурсанд ва серфарзанд бўлган¸ қолаверса электр кўзга зарар..
Даврадошим яна гапирмоқчи эди аммо имом таровеҳ ўқишга чақириб қолди.
Қандай ақлли ватандошларим бор деган фикр кўнглимдан кечди.
2015 йил Прага

вторник, 8 декабря 2015 г.

Ақлли одамлар жахолати

Ақлли одамлар жахолати

Сал олдинроқ Беларуснинг собиқ президенти Станислав Шушкевич билан суҳбат қурувдим. Шушкевич Ўзбекистон президентини "маълумотли диктатор" деб атаган эди.

Агар шундай бўлса нега бу одамдаги билим жахолатга ҳалақит бермайди.

Билишимча СНБ раиси Рустам Иноятов сўфилик адабиëти ва Бедил назми бўйича илмий иш ëзган экан. Наҳотки Бедилни англаган одам бу кўлам ва қамровдаги зулмни амалга ошира олади.

Ўзбекистон бошқарув осмонидаги тангрилардан бири Ҳайриддин Султонов Экзюперининг "Кичик шаҳзода" китобини таржима қилиб ëшлар зехниятида аксилтоталитар шуур шаклланишига ҳизмат қилган эди. Қолаверса Султоновнинг ўзига оид ҳикояларда ҳам инсон қадри ва ҳақ ҳуқуқи улуғланади.

Аммо нега бу одамни ўзи илмига амал қилмайди.

Бошқа тарафдан қарасак бир миллион уч юз минг одамни қатл қилган Камбоджа диктатори Пол Пот ҳам Францияда тахсил олган олим эди.

1980 йилда мен Низомий номли педагогика университетида ўқиганимда домлаларим "ўқитувчи таълим билан бирга тарбия ҳам бериши керак" дея таъкидлашган эди. Демак билимли инсонда тарбия бўлмаса ишлар пачава.



воскресенье, 10 мая 2015 г.

Рауф Парфи эътирофи

Расм дарслари туркумидан 

Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим....

Рауф Парфи эътирофи


1981 йилнинг ëзида мен Хоразмга таътилга бориб ўнлаб расмлар чизиб келдим. Арман рассоми Мартирос Сарян асарларидаги қуëшли тасвирларга мафтун эдим ўшанда. Айни қуëшли тасвирларни Урганчнинг Ниëзмат Арбоб қишлоғидаги эски пахса уйлар¸ ям яшил гужумлар тарзида холстга туширишга уриндим.

Сариқ ¸сафсар¸норинж¸шафран ва зарғалдоқ ранглар олов каби ëнган расмлар эди бу.
Бир икки акварел эскизлар ҳам чиздим.


Бир қаричдан сал катта ромга мато тортиб жазирама қуëш ëритган пахса уйлар расмини мой бўëқда чиздим.
Бир ой ўтиб чизганим ўзимга ëқмади. 


Ўша пайтда нидерланд рассомларининг битган мой бўëқ расмни устидан лок бериш технологиясига қизиқар эдим.

Лессировка деб аталган бу технология кўмагида мўжизавий натижага эришиш мумкин эди.


Бу техникани ўганишга ëрдам берган рассом Исфандиëр Ҳайдаровдан миннатдорман.


Бу техника воситасида расмни бузиб қўймаслик учун кўп кўп экспремент қилмоқ керак.


Баъзи мой бўëқларда шаффоф пленка каби ҳусусият мавжуд. Масалан Виридон яшил рангида шундай ҳусусият бор.


Бу ҳусусиятли бўëқ юпқа қилиб сурилганида тагидаги рангни кўмиб юбормайди балки рангли шиша каби уларни бир оз ўзгартириб кўрсатади.


Виридон яшил рангни Дамар локи билан аралаштириб қуëшли Хоразм тасвири акс этган расм устига суртиб ташладим.


Илк дақиқада расм тўқ яшил бўëқ остида мутлақ йўқолди. Орадан бир соат ўтиб ранг тагидаги тасвир ғира шира кўрина бошлади.


Сариқ¸норинж ва қирмизи ранглар сокинлашиб¸ ҳудди ой нурида акс этган тун ташбеҳларига айланди.
Фотографлар бу натижани обективга рангли филтр ўрнатиш йўли билан олишади.


Ҳуллас қий чувли¸ ранглар қичқириғидан иборат саратондаги Хоразм тасвири сокингина тунги Хоразм сувратига дўнди.


Тошкентга қайтар эканман. Бу суврат ҳам юкларим орасида эди.


Пойтахтнинг Циолковский кўчасидаги аспирантлар уйининг бир хонасини устахона қилиб олган эдим.


Сал нарида авиасозалар шаҳарчасида эса устозим Исфандиëр Ҳайдаров яшар эди.


Исфандиëр Ҳайдаровнинг устахонаси Дилëр Имомов¸ Баҳтиëр Бобоев каби рассомлар¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Рауф Парфи¸ Усмон Азимдек шоирлар билан деярли ҳар куни гавжум эди.


Рауф Парфи билан илк маротаба Исфандиëр Ҳайдаровнинг уйида танишган эдим.


Рауф Парфи мендан қандай китоблар ўқишини сўради. Мен ўша пайтда Борхесни ўқиëтган эдим.


Рауф ака бўлса Борхесни ўқийдиган рассом бола чизган расмлар билан танишиш истагини билдирди.


Мен талабалик машқларимда санъат иддаоси йўқлигини билардим ва расмларимни Рауф ака кўришга нолойиқ деб ўйлашимни айтдим.


Йўл йўлакай кириб ўтамиз деди Рауф Парфи.


Луначарский марказида яшайдиган шоир йўл йўлакай менинг устахонамга ҳам бирров кирди.


Натюрмот¸портрет ва пейзажларни бир бир кўрар экан Рауф Парфининг кўра устахона четида мунғайиб турган кичкинагина “Хоразм туни” деган манзарага тушди.


Бир қарашда кўримсиз бир расм эди у.


Расмни ҳафсала билан томоша қилган Рауф Парфи менга мамнуният билан боқди.


Бу расмни сотиб олар эдим жон деб аммо пулим йўқ деди


Мен расмни сизга ҳадя қиламан дедим.


Рауф ака рози бўлмади.


Бу расм эвазига кутубхонамдан ҳоҳлаган китобни олишингиз мумкин деди ва ўзи билан мени уйига олиб кетди.


Рауф Аканинг улкан кутубхонасидан олганим “Оймома ва сариқ чақа” (Луна и грош) деган китоб мойбўëқдаги экспрементим учун гонорар бўлди.


Рауф ака мени рассом сифатида эътироф этган биринчи одам эди.


Рауф Парфи ўзининг сўнгги шеърлар китобининг қўлëзмасида китоб муҳарррири сифатида Карим Баҳрини¸ китобни безаган рассом сифатида менинг исмимни ëзиб қўйди.

Бу китобни безамаган бўлсамда улкан эътироф соҳиби бўлганимдан мамнун эдим.


Билишимча “Хоразм туни” деган расм хозир Дилором Исҳоқовада сақланмоқда.


Давоми бор..