понедельник, 27 июня 2016 г.

Ақллилар мамлакати

Ақллилар мамлакати

Прагадаги масжидда ифтор қилдим. Масжид қавми асосан ўзбеклар.
Журналист эканимни билган давра Ўзбекистонда нима гап деб савол берди.
-Минор масжидида тумонат одам йиғилиб ифтор берилди. Дастурхон муҳташам¸ дея гап бошлаганим он бошқалар гапимни илиб кетишди.
-Ўзбекистон зўрда¸ исломобод деган шу бўлса керак....
Мен гапимни давом эттириб Минор масжидидаги ифтордан бир кун ўтиб масжидларда ифтор бериш тақиқланибди¸ деганим он даврадошлар яна тилга кирди.
-Тўғри қилишибди тақиқлаб. Масжидда ифтор бериш бизда одат эмас. Уйларда¸ тўйхоналар ва кафеларда ифтор қилаверамиз.
- Ресторан¸ кафе ва тўйхоналарда ҳам ифтор тақиқланган дедим.
- Э ака ресторан ибодат жойи эмаску. У бир ароқ ичиладиган мусиқа қўйиладиган макрух маскан. Шу ҳукуматиимизни билгани билган. Қолаверса ресторанда тўқлар¸ тўқларга кўз-кўз қилиш учун ифтор беради. Тўғри қилибди тақиқлаб¸ пайғамбаримиз замонида ресторанда ифтор берилмаган.
Гапни дунëвий мавзуларга бурдим.
-Арманистонда электр 16 фоизга қимматлагани учун халқ кўчага чиқиб 4 кундан бери намойиш қиляпти¸ дедим.
- Маладец арманлар. Электрни қимматлаган ҳукуматга ана шунақа муносабат қилиниши керак¸ дейишди даврадошлар.
-Ўзбекистонда ҳам электр ошди¸ бунинг устига кунора ўчади дедим маюс бир тарзда.
-Ҳа деб Ўзбекистонни ëмонлайвермангда энди амрикон радиосида ишлайман деб. Мана ота-боболаримиз даврида чироқ бўлмаган. Қоронғи тушиши билан уйқуга кетишган. Момоларимиз ҳурсанд ва серфарзанд бўлган¸ қолаверса электр кўзга зарар..
Даврадошим яна гапирмоқчи эди аммо имом таровеҳ ўқишга чақириб қолди.
Қандай ақлли ватандошларим бор деган фикр кўнглимдан кечди.
2015 йил Прага

вторник, 8 декабря 2015 г.

Ақлли одамлар жахолати

Ақлли одамлар жахолати

Сал олдинроқ Беларуснинг собиқ президенти Станислав Шушкевич билан суҳбат қурувдим. Шушкевич Ўзбекистон президентини "маълумотли диктатор" деб атаган эди.

Агар шундай бўлса нега бу одамдаги билим жахолатга ҳалақит бермайди.

Билишимча СНБ раиси Рустам Иноятов сўфилик адабиëти ва Бедил назми бўйича илмий иш ëзган экан. Наҳотки Бедилни англаган одам бу кўлам ва қамровдаги зулмни амалга ошира олади.

Ўзбекистон бошқарув осмонидаги тангрилардан бири Ҳайриддин Султонов Экзюперининг "Кичик шаҳзода" китобини таржима қилиб ëшлар зехниятида аксилтоталитар шуур шаклланишига ҳизмат қилган эди. Қолаверса Султоновнинг ўзига оид ҳикояларда ҳам инсон қадри ва ҳақ ҳуқуқи улуғланади.

Аммо нега бу одамни ўзи илмига амал қилмайди.

Бошқа тарафдан қарасак бир миллион уч юз минг одамни қатл қилган Камбоджа диктатори Пол Пот ҳам Францияда тахсил олган олим эди.

1980 йилда мен Низомий номли педагогика университетида ўқиганимда домлаларим "ўқитувчи таълим билан бирга тарбия ҳам бериши керак" дея таъкидлашган эди. Демак билимли инсонда тарбия бўлмаса ишлар пачава.



воскресенье, 10 мая 2015 г.

Рауф Парфи эътирофи

Расм дарслари туркумидан 

Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим....

Рауф Парфи эътирофи


1981 йилнинг ëзида мен Хоразмга таътилга бориб ўнлаб расмлар чизиб келдим. Арман рассоми Мартирос Сарян асарларидаги қуëшли тасвирларга мафтун эдим ўшанда. Айни қуëшли тасвирларни Урганчнинг Ниëзмат Арбоб қишлоғидаги эски пахса уйлар¸ ям яшил гужумлар тарзида холстга туширишга уриндим.

Сариқ ¸сафсар¸норинж¸шафран ва зарғалдоқ ранглар олов каби ëнган расмлар эди бу.
Бир икки акварел эскизлар ҳам чиздим.


Бир қаричдан сал катта ромга мато тортиб жазирама қуëш ëритган пахса уйлар расмини мой бўëқда чиздим.
Бир ой ўтиб чизганим ўзимга ëқмади. 


Ўша пайтда нидерланд рассомларининг битган мой бўëқ расмни устидан лок бериш технологиясига қизиқар эдим.

Лессировка деб аталган бу технология кўмагида мўжизавий натижага эришиш мумкин эди.


Бу техникани ўганишга ëрдам берган рассом Исфандиëр Ҳайдаровдан миннатдорман.


Бу техника воситасида расмни бузиб қўймаслик учун кўп кўп экспремент қилмоқ керак.


Баъзи мой бўëқларда шаффоф пленка каби ҳусусият мавжуд. Масалан Виридон яшил рангида шундай ҳусусият бор.


Бу ҳусусиятли бўëқ юпқа қилиб сурилганида тагидаги рангни кўмиб юбормайди балки рангли шиша каби уларни бир оз ўзгартириб кўрсатади.


Виридон яшил рангни Дамар локи билан аралаштириб қуëшли Хоразм тасвири акс этган расм устига суртиб ташладим.


Илк дақиқада расм тўқ яшил бўëқ остида мутлақ йўқолди. Орадан бир соат ўтиб ранг тагидаги тасвир ғира шира кўрина бошлади.


Сариқ¸норинж ва қирмизи ранглар сокинлашиб¸ ҳудди ой нурида акс этган тун ташбеҳларига айланди.
Фотографлар бу натижани обективга рангли филтр ўрнатиш йўли билан олишади.


Ҳуллас қий чувли¸ ранглар қичқириғидан иборат саратондаги Хоразм тасвири сокингина тунги Хоразм сувратига дўнди.


Тошкентга қайтар эканман. Бу суврат ҳам юкларим орасида эди.


Пойтахтнинг Циолковский кўчасидаги аспирантлар уйининг бир хонасини устахона қилиб олган эдим.


Сал нарида авиасозалар шаҳарчасида эса устозим Исфандиëр Ҳайдаров яшар эди.


Исфандиëр Ҳайдаровнинг устахонаси Дилëр Имомов¸ Баҳтиëр Бобоев каби рассомлар¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Рауф Парфи¸ Усмон Азимдек шоирлар билан деярли ҳар куни гавжум эди.


Рауф Парфи билан илк маротаба Исфандиëр Ҳайдаровнинг уйида танишган эдим.


Рауф Парфи мендан қандай китоблар ўқишини сўради. Мен ўша пайтда Борхесни ўқиëтган эдим.


Рауф ака бўлса Борхесни ўқийдиган рассом бола чизган расмлар билан танишиш истагини билдирди.


Мен талабалик машқларимда санъат иддаоси йўқлигини билардим ва расмларимни Рауф ака кўришга нолойиқ деб ўйлашимни айтдим.


Йўл йўлакай кириб ўтамиз деди Рауф Парфи.


Луначарский марказида яшайдиган шоир йўл йўлакай менинг устахонамга ҳам бирров кирди.


Натюрмот¸портрет ва пейзажларни бир бир кўрар экан Рауф Парфининг кўра устахона четида мунғайиб турган кичкинагина “Хоразм туни” деган манзарага тушди.


Бир қарашда кўримсиз бир расм эди у.


Расмни ҳафсала билан томоша қилган Рауф Парфи менга мамнуният билан боқди.


Бу расмни сотиб олар эдим жон деб аммо пулим йўқ деди


Мен расмни сизга ҳадя қиламан дедим.


Рауф ака рози бўлмади.


Бу расм эвазига кутубхонамдан ҳоҳлаган китобни олишингиз мумкин деди ва ўзи билан мени уйига олиб кетди.


Рауф Аканинг улкан кутубхонасидан олганим “Оймома ва сариқ чақа” (Луна и грош) деган китоб мойбўëқдаги экспрементим учун гонорар бўлди.


Рауф ака мени рассом сифатида эътироф этган биринчи одам эди.


Рауф Парфи ўзининг сўнгги шеърлар китобининг қўлëзмасида китоб муҳарррири сифатида Карим Баҳрини¸ китобни безаган рассом сифатида менинг исмимни ëзиб қўйди.

Бу китобни безамаган бўлсамда улкан эътироф соҳиби бўлганимдан мамнун эдим.


Билишимча “Хоразм туни” деган расм хозир Дилором Исҳоқовада сақланмоқда.


Давоми бор..

понедельник, 27 апреля 2015 г.

Қўрқоқнинг қўшиғи ëки латтабайроқлар ҳақида



Кейинги икки ой ичида гаплашганим юзлаб ўзбеклар "бизга эркинлик керак эмас қорнимиз тўйса бўлгани" дея бир ҳил гапни турли тарзда айтишди.

"Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир.Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани" дейишди.

Улуғ шайҳ Ғаззолий одам билан ҳайвонни солиштиради: "Ҳайвон қорни очса овқат ейди. Чарчаса уҳлайди. Ҳирси қўзиса жуфтига қўшилади. Одам ҳам айни ишларни қилади. Аммо унда бир фарқ бор¸ у ҳам бўлса ақл заковатдир."

Ғаззолий ўлчовига кўра “фақат қорним тўйсин “ деганлар шунчаки ҳашаротларми?

“Томимизда кимнинг байроғи ҳилпираса бизга барибир “деган гапни уялмасдан айтадиган замонларга ҳам етдик.

Марҳум оғамиз Матназар Абдулҳаким ўзининг “Қўрқоқнинг қўшиғи” деган туркумида бугунги манзарани уста рассом каби чизиб кетибди.

Энг муқаддас байроғимиз пул,
Бу майдонда мен эга - сен қул.
Бу майдонда мен қул- сен эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар.
Латталардан бўлган байроқлар
Байроқлардан бўлган латталар.

1986 йилда мен Урганчдаги устахонамда “Шайтанат” деган мазмундаги сурат чизган эдим. (Тохир Малик ҳали бу мавзудаги романини ëзмаган эди.) Бу расмда битлаб кетган байроқни кўтариб кетаëтган кўр одам тасвирланган эди.

Ўшанда Матназар оға бу расмни кўриб “Манқуртлар учун тўкин дастурхон байроқ бўла олади” деган эди.

Кейин бу фикрни Матназар оға ўз шеърларида кўп марта “Бу юртнинг байроғи супрадир” дея ифода қилди.

Матназар оға одамлардаги иккиюзламачиликни севмас эди.
Хозиргина "мен Темур авлодиман¸Бобурнинг неварасиман" деб турган одамнинг¸ бирдан "ўрисга қул бўлсак қорнимиз тўяди¸кетни қисган бой бўлади" деб турланишидан Матназар оға ошкора ҳазар қилар эди.

Матназар оғадан байт будир:

Мақтовларга берилганда эрк¸
Гарчи осмонларнинг оймиз.
Қарғасалар қарғиш теккудек ¸
Йўқдир бирор ҳалол жойимиз. .

Матназар оғанинг 2008 йилда ëзган бир шеъри бор.

Бу шеър Ўзбекистонда 2008 йили чоп қилинган “Жавзо ташрифи” деган китобига киритилган.

Бу шеър мамлакат чеккасида кўринмасгина бўлиб ўтирган шоир қалб кўзи билан мамлакат сиëсий вазиятини сиëсатшуносдан кўра аниқроқ кузатганига далилдир.

Агар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага ишонилса мамлакатнинг ўғрибошиси президентнинг хотини Татяна Каримовадир.

Матназар оға ўз шеърида “Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка” дея таъкидлайди.

Бу йўғон ишорат акс этган мисраларни қайта ўқиймиз:

Булбуллар кетгандир бу гўзал ердан¸
Бўстонда дард билмай яшайди қарға.
Нолалар чекмайди фиғон тортмайди¸
Ўқрайиб ўқрайиб қағиллар гулга..
Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸
Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.

Эслатиб қўяман бу мисралар 2008 йилда ëзилган.

Матназар оға “Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.” деб ëзяпти.

Гулнора Каримова эса 2013 йилга келиб ўзи ва ўғлининг онаси тарафидан заҳарланганини ëзади.

Матназар оға “Югургани сомонхонагача” бўлган бу халқнинг оғзини лағмонни ипи билан боғлаш мумкинлигини ëзар экан¸ Каримовлар салтанатининг ўғрилиги боис мамлакат путурдан кетганини “Натижа” деган шеърида таъкидлайди.

Натижа

Боғлар чўл¸ тоғларинг талқона чиқди
Рост деб айтганларинг ëлғона чиқди
Қаср деб қурганинг молхона чиқди.

Дарҳақиқат ўзбекистон матбуоти мустақиллик қасри дея атайдиган ошиëн молхона¸ унинг сокинлари эса мол бўлиб чиқди.

Ғаззолий айтгандек¸ қорни очса овқат ейдиган¸ чарчаса уҳлайдиган¸ ҳирси қўзиса жуфтига қўшиладиган ҳайвон. Россиядаги кампирларни зўрлаган ўзбек мардикорлар ҳикоясининг эса матбуотда сийқаси чиқиб бўлди.

Бугун мархум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким шеърияти призмаси орқали кўринган манзара шундай.

Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” спектаклидаги мазлум ролини ўйнаган Амин Турдиев “Ахволимиз томошабопми” дейди.

Спектаклдаги бу жумла айтилганидан кейин руслар Бухорони ишғол қилади.

Бухоро бир олма каби узилиб русларнинг қўлига тушади.

Чунки амир баччабозлик¸овқат ейиш ва ўғирликдан бошқа нарсани ўйламаган.

Чунки муллалар давлатчилик ва миллий манфаатни куфр деб билишган.

Чунки оддий халқ авом¸бойлар жоҳил¸аскарлар эса оч бўлган.

Бу давр ҳақида Аваз Ўтар ëзади:

Сипоҳи пора истар¸
Мулло ижора истар¸
Бечора чора истар¸
Бир чора замон борму.

Бу чора “миллатпарварлик” деган сийқа калимага жой бўлганига Матназар оға чин дилдан ишонар эди.

Матназар оғанинг энг севган ҳикояси улуғ ислом олими Нажмиддин Кубронинг Мўғулларга қарши қўлида қурол олиб курашгани ҳақида.

Дин аҳллари ва айниқса сўфийларнинг ўз ичига ëшуруниб миллат учун курашмагани айтилади.

Боз устига муллалар Чор аскарларига Тошкент дарвозасини очиб бергани таъна дашном билан эсланади.

Аммо сўфий Нажмиддин Кубро қўлига қилич олиб босқинчилар билан курашиб ўз давлати ва миллатини ҳимоя қилади.

Тенгсиз курашда Нажимддин Кубро¸ мўғуллар санчган ўнлаб найзалар заҳмидан йиқилар экан сўнг дамда панжалари билан душман байроғин ғижимлайди.

Миллат қахрамони Нажмиддин Кубро ерга йиқилар экан ўзи билан бирга душман туғини ҳам ер парчин қилди.

Матназар оға учун¸қолаверса мен каби у кишининг укалари учун бу ватанпарварликнинг гўзал ҳикояси эди.

Гарчи Чингизхон Нажмиддин Куброга кўп пул ҳамда лавозимлар ваъда бериб¸ эвазига фақат бир нарса¸ қаршилик қилмасликни сўраган эди.

Аммо Шайх Нажмиддин Кубро ўз давлатини босқинчилардан ҳимоя қилишни душман қўлидан эҳсон олиб тирик яшашдан афзал деб билди.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида ¸
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг .
Чириб чириб ëтар Урганч йўлида¸ деб ëзган эди марҳум шоир оғамиз.

Бугун душман қўлидаги байроқни юлиб олишга жасорати етадиган эл оғаси борми орамизда?

воскресенье, 19 апреля 2015 г.

Қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида

Жайхун қасоси ëки қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида


Мен туғилганимда мамлакатимнинг руслар тарафидан ишғол қилинганига роппа роса 90 йил тўлган эди. 

1873 йилда Рус оккупанти Кауфман Хоразмни босиб олгани оқибатида Муҳаммадраҳимхон ўриснинг этигини намойишкорона ўпиб вассалга айланиш каби шармандалик билан юзма юз бўлди.

Зеро руслар Хивага 70 км яқинлашганида ҳам Хива хони Муҳаммадраҳимхон кайф сафосини тарк этмагани муаррихлар тарафидан таассуф билан эсланади.

Рус оккупант гурухлари сафида туриб ишғолни ëритган АҚШ журналисти Мак Гаҳаннинг ëзишича¸ босқинчиларга қаршилик икки холатдагина кўринган.

Биринчисини "Хўббининг қасоси" десак.

"Хўбби" Амударëнинг руҳи. У ҳақда Хоразмда афсоналар юради. Бировлар уни "Эрҳўбби" дейди.

1873 йилда Кауфман армияси Хивадан 100 км узоқдаги Шорловуқ деган жойда капа тикиб ëтганида дарë остида қолиб кетган

Дарë бўйида яшайдиган аҳоли (ўзбек қипчоқ ва сартлар) узун ходаларни узатиб босқинчиларни қутқаришган.

Уларни оқ тут ва чўрак нонлар билан сийлашган.

Руслар дуч келган иккинчи қаршиликни "Туркман аëл жасорати" деб номласак.

Хонликдаги ўзбек ва бошқа элатлардан фарқли ўлароқ така ва ëвмуд туркманлари босқинчиларга қарши мардонавор қаршилик қилишган.

Бир қўли билан боласини қучоқлаган туркман аëлининг қилич билан рус босқинчиларидан бир нечтасини очиқ жангда ўлдирганини 1873 йили рус газеталари ëзган эди.

Анна Каренинанинг поезд тагида ўлганини муҳокама қилаëтган Петрбург киборлари хивалик туркман аëлнинг ўз ватани ҳимояси учун жасоратидан ҳайратга тушгани эсланади.

Ватанни руслардан ҳимоя қилган бу туркман аëлга шарафлар бўлсин.

Аммо не тонгки¸ Хива Россия этиклари остига йиқилди.

Руслар Хивани назоратда ушлаш учун Амударëнинг у қирғоғида Петро-Александровск шахрини қуришди.

Пировардида бу шаҳар ҳам Амударë руҳи "Хўбби"нинг қасосига учради.

1969 йилги тошқин пайтида бу шаҳар бутунлай сув остида қолиб кетди. Руслар қурган 17 минг иморат сувга ғарқ бўлди.

Катта бобом¸ бувимнинг отаси Латиф ота "ўрис қалани ҳўббини қарғиши урди" деб айтганини эслайман.

Қиссадан ҳисса: Босқинчиларга бўйин эгмаслик борасида Амударëдан ибрат олайлик. Бу гапларим русларни пайтавасини юваман деб енг чизғаб турган ватандошларга аталди. Баъзи ўзбеклар уялмасдан осиб юрган Георгий лентаси Хивалик ëш болаларни найза санчиб ўлдирган босқинчиларга бериладиган медалнинг латтаси эканини ҳам унутмайлик.

пятница, 17 апреля 2015 г.

Баëний нега қайғирди?



Тарих улуғ муаллим биз эса нўноқ шогирдлармиз. Ëки тарихдан сабоқ олинмаслиги аксиома. 

1873 йил Хива ишғолидан сал олдин руслар Бухорони ишғол қилган эди.
.
Бухоро подшоси Музаффархон мамлакатни ўрисларга пешкаш қилди. 

Музаффархоннинг Тўра исмли ўғли бунга норози бўлиб Хива хони олдига келиб кўмак сўрайди. Хива хони эса "ўрис сенинг юртингни босиб олса менга нима" тарзида жавоб берди.

Бу ташрифни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Баëний Бухоро вакилининг сўзларидан ўз китобида иқтибос келтиради.

"Ул тўра айтди: «Отамиз Бухоро вилоятини Русияға бермакчи бўлдилар.Биз монеъ бўлуб урушға тарғиб этдук. Отамизға бу сўзларимиз хуш келмай орада ваҳшат пайдо бўлди. Ондин сўнг ул ерда турмоқни маслаҳатдин бағоят баъид кўруб баякбор чиқиб, бу
тарафга равон бўлдуқ».

Хива хони ва девондаги калласи кади мулозимларини Россия босқинчилиги эмас балки бухоролик ҳушсурат шахзоданинг ҳусни жамоли кўпроқ қизиқтирган.
Яна Баëний ëзади.

"Аммо ул тожик тўранинг ҳусни суратда адилу бадили йўқ эрдиким, ўнсаккиз ёшида бир офтоби ховарийдек йигит эрди. Онинг масоҳибларидин бирининг онинг ҳақида ойтған шеърларидин бу мисраъ хотиримда қолғон эркан, мисраъ «Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадур умаролари».

Бу шаҳватли тажовуздан даҳшатга тушган тожик Тўра Хивадан айрилиб Техронга йўл олади.

Тўра Эрон шохи кўмагида ўрисларга қарши курашмоқ истайди. Аммо унинг бу истаги амалга ошмаганига тарих гувоҳ....

Сал ўтмай 1873 йилнинг ëзида Хивадаги Хоразмшох тахтига Кауфман ўтиради. Бу воқеани тарихчи Баëний таассуф билан кузатади.

"Кауфман ёнида Ғарандуқ Ниқулай принс Южин камоли эҳтишом била келди. Бурунроқ келган бир бўлак аскари музиқа чертиб, истиқболиға чиқтилар. Кауфман келиб Аркка кириб
тахти хоразмшоҳийда ўлтурди."

Бу сатрлардан кейин Баëний тарихчига хос бўлмаган эхтирос билан мағлубиятдан афсус чекади.

"Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ жасоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб иттифоқ била Русия аскарига муқобил бўлуб,уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар, мундинбурун беш навбат келиб асло зафар топа олғон эрмасдурлар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедур.
Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чун оллоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!"

Баëнийнинг хон авлодидан эканини билсак бу қайғини тушунамиз. Лекин айтмайдирларми¸ сўнги пушмон ўзингга душман деб.

Бу гапларимни ëзаëтганимни сабаби шуки бугун ўзбек ойдинлари Россия тарафидан Қримни ишғол қилиниш даҳшатини тушуниб етмаяпти.

Тарих улуғ мураббий¸ биз эса иккичилармиз.

Ҳавел юраги


Вацлав Ҳавел сиёсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчи эди.
Чехия тимсоли 

Прагада 10 йилдан ортиқ яшаб, бу шаҳар тимсолларига ҳам кўникдим.

Прага марказидаги муқаддас Вацлавнинг от минган ҳайкали¸ Карл кўприги¸ Кафка музейи...

Бу тимсоллардан бири мен учун Вацлав Ҳавел эди.

Фақат у тош ҳайкал эмас¸ балки тирик ва ëнгинамизда эди.

Радио эски бинода пайти у  турли анжуманларга тез-тез келиб турар эди.

Бир марта журъат қилиб у билан қисқа суҳбатлашиб, расмга ҳам тушган эдим.

Кейинроқ Вацлав Ҳавелнинг соғлиги ëмонлашди ва анжуманларга камроқ келадиган бўлди.

Декабрнинг 18-куни  Вацлав Ҳавел ўлгани хабарини ҳамкасбим қўнғироқ қилиб айтганида автобусда Праганинг Браник деган жойидаги тепалик устида кетиб бораëтган эдим.

Декабр ойи бўлишига қарамасдан қуëш чарақлаб турар, тепалик остида ястанган шаҳарнинг қизил томларини ярқиратар эди. 

Шаҳар худди почта откриткаси каби гўзал ва жозибадор. Шаҳарни тамсил қилган барча тимсоллар ўз жойида . Фақат Вацлав Ҳавел йўқ энди.

Аммо бир-биридан фарқли уч мамлакат Коммунистик Чехословакия¸ озод Чехославакия ва мустақил Чехияга президент бўлган Вацлав Ҳавел ўз ўлимидан кейин ҳам бу мамлакат тимсоли бўлиб қоладигандай кўринди менга.

Прага устида порлаган  юрак

2003 йил 17 ноябрида Прага Градидаги муқаддас Иржа ибодатхонаси устида 15 метрлик улкан пушти юрак шакли ëндирилди.

Бу юрак рассом Иржа Давидга оид санъат асари эди.

Рассом ғоясига кўра, юрак тасвири Вацлав Ҳавел президентлигининг сўнгги 3 ойида ëниб туриши лозим эди.

Вацлав Ҳавел президентлик курсисини бўшатган куни шаҳар узра порлаган бу улкан юрак сўниши керак эди.

Рассом Иржа Давид: "Бу асарим бизга озодлик ва демократия келтирган етакчига миннатдорлик рамзидир", деган эди.

Шаҳар узра порлаб турган юрак сўнганини кўрганимда ичимда бир маюслик пайдо бўлган эди.

Аммо бу маюслик баробарида "Қани энди менинг мамлакатимда ҳам ўз истаги билан кетадиган президент бўлса" деган орзу ҳам бор эди.

Ҳавел ва Ўзбекистон

1991 йили Ўзбекистон Коммунистик партияси котиби Ислом Каримов Ўзбекистон президенти бўлиш учун ўз номзодини умумхалқ сайловига қўйди (бундан олдин у парламент тарафидан президент қилиб сайланган эди).

Айни сайловда Эрк  демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ ҳам қатнашди.

Сайлов олдидан Ўзбекистон телевидениеси шарҳловчиси Турсун Қоратоев билан суҳбатлашган Ислом Каримов ëзувчиларнинг президентлик иддаоси хатарли эканини айтди.

"Мана Ҳавел президент бўлди¸ нима қилади у президент бўлиб, китобини ëзмайдими?" деган эди ТВ орқали Каримов.

Каримов ўзи истамаган ҳолда Муҳаммад Солиҳни Вацлав Ҳавел билан параллел қилди.

"Параллел чизиқлар учрашмайди" деган қоида бор чизма геометрияда.

Ҳаëт ва сиëсатнинг ассимметрияси эса истиснолардан иборат.

2001 йил адоғида Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳни ўз кўшкида қабул қилди.

Бундан олдин Солиҳ Ўзбекистон талаби билан Прагада ҳибс қилинган эди. Ўзбек тарафи даъволарини асоссиз деб топган маҳкама Солиҳни оқлади.

Бюрократия хатоси учун узр тилаган Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳ бир муддат ўтирган Панкрац турмасида ўзи ҳам ўтирганини айтиб, мутоиба қилган эди.

2011 йил 18 декабр куни Ҳавел оламдан ўтгани ҳақида хабар тарқатган Евронюс канали Вацлав Ҳавелнинг сўнгги нутқларидан иқтибос келтирди:

"Ҳали ер куррасида мустабид тизимлар бор экан¸ биз бу мустабидлардан зулм кўрган диссидентлар ҳимоясига оëққа қалқишга доимо куч топа олишимиз керак."

Бу сўзлар сиëсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчининг умр фалсафаси эди.