понедельник, 27 апреля 2015 г.

Қўрқоқнинг қўшиғи ëки латтабайроқлар ҳақида



Кейинги икки ой ичида гаплашганим юзлаб ўзбеклар "бизга эркинлик керак эмас қорнимиз тўйса бўлгани" дея бир ҳил гапни турли тарзда айтишди.

"Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир.Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани" дейишди.

Улуғ шайҳ Ғаззолий одам билан ҳайвонни солиштиради: "Ҳайвон қорни очса овқат ейди. Чарчаса уҳлайди. Ҳирси қўзиса жуфтига қўшилади. Одам ҳам айни ишларни қилади. Аммо унда бир фарқ бор¸ у ҳам бўлса ақл заковатдир."

Ғаззолий ўлчовига кўра “фақат қорним тўйсин “ деганлар шунчаки ҳашаротларми?

“Томимизда кимнинг байроғи ҳилпираса бизга барибир “деган гапни уялмасдан айтадиган замонларга ҳам етдик.

Марҳум оғамиз Матназар Абдулҳаким ўзининг “Қўрқоқнинг қўшиғи” деган туркумида бугунги манзарани уста рассом каби чизиб кетибди.

Энг муқаддас байроғимиз пул,
Бу майдонда мен эга - сен қул.
Бу майдонда мен қул- сен эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар.
Латталардан бўлган байроқлар
Байроқлардан бўлган латталар.

1986 йилда мен Урганчдаги устахонамда “Шайтанат” деган мазмундаги сурат чизган эдим. (Тохир Малик ҳали бу мавзудаги романини ëзмаган эди.) Бу расмда битлаб кетган байроқни кўтариб кетаëтган кўр одам тасвирланган эди.

Ўшанда Матназар оға бу расмни кўриб “Манқуртлар учун тўкин дастурхон байроқ бўла олади” деган эди.

Кейин бу фикрни Матназар оға ўз шеърларида кўп марта “Бу юртнинг байроғи супрадир” дея ифода қилди.

Матназар оға одамлардаги иккиюзламачиликни севмас эди.
Хозиргина "мен Темур авлодиман¸Бобурнинг неварасиман" деб турган одамнинг¸ бирдан "ўрисга қул бўлсак қорнимиз тўяди¸кетни қисган бой бўлади" деб турланишидан Матназар оға ошкора ҳазар қилар эди.

Матназар оғадан байт будир:

Мақтовларга берилганда эрк¸
Гарчи осмонларнинг оймиз.
Қарғасалар қарғиш теккудек ¸
Йўқдир бирор ҳалол жойимиз. .

Матназар оғанинг 2008 йилда ëзган бир шеъри бор.

Бу шеър Ўзбекистонда 2008 йили чоп қилинган “Жавзо ташрифи” деган китобига киритилган.

Бу шеър мамлакат чеккасида кўринмасгина бўлиб ўтирган шоир қалб кўзи билан мамлакат сиëсий вазиятини сиëсатшуносдан кўра аниқроқ кузатганига далилдир.

Агар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага ишонилса мамлакатнинг ўғрибошиси президентнинг хотини Татяна Каримовадир.

Матназар оға ўз шеърида “Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка” дея таъкидлайди.

Бу йўғон ишорат акс этган мисраларни қайта ўқиймиз:

Булбуллар кетгандир бу гўзал ердан¸
Бўстонда дард билмай яшайди қарға.
Нолалар чекмайди фиғон тортмайди¸
Ўқрайиб ўқрайиб қағиллар гулга..
Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸
Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.

Эслатиб қўяман бу мисралар 2008 йилда ëзилган.

Матназар оға “Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.” деб ëзяпти.

Гулнора Каримова эса 2013 йилга келиб ўзи ва ўғлининг онаси тарафидан заҳарланганини ëзади.

Матназар оға “Югургани сомонхонагача” бўлган бу халқнинг оғзини лағмонни ипи билан боғлаш мумкинлигини ëзар экан¸ Каримовлар салтанатининг ўғрилиги боис мамлакат путурдан кетганини “Натижа” деган шеърида таъкидлайди.

Натижа

Боғлар чўл¸ тоғларинг талқона чиқди
Рост деб айтганларинг ëлғона чиқди
Қаср деб қурганинг молхона чиқди.

Дарҳақиқат ўзбекистон матбуоти мустақиллик қасри дея атайдиган ошиëн молхона¸ унинг сокинлари эса мол бўлиб чиқди.

Ғаззолий айтгандек¸ қорни очса овқат ейдиган¸ чарчаса уҳлайдиган¸ ҳирси қўзиса жуфтига қўшиладиган ҳайвон. Россиядаги кампирларни зўрлаган ўзбек мардикорлар ҳикоясининг эса матбуотда сийқаси чиқиб бўлди.

Бугун мархум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким шеърияти призмаси орқали кўринган манзара шундай.

Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” спектаклидаги мазлум ролини ўйнаган Амин Турдиев “Ахволимиз томошабопми” дейди.

Спектаклдаги бу жумла айтилганидан кейин руслар Бухорони ишғол қилади.

Бухоро бир олма каби узилиб русларнинг қўлига тушади.

Чунки амир баччабозлик¸овқат ейиш ва ўғирликдан бошқа нарсани ўйламаган.

Чунки муллалар давлатчилик ва миллий манфаатни куфр деб билишган.

Чунки оддий халқ авом¸бойлар жоҳил¸аскарлар эса оч бўлган.

Бу давр ҳақида Аваз Ўтар ëзади:

Сипоҳи пора истар¸
Мулло ижора истар¸
Бечора чора истар¸
Бир чора замон борму.

Бу чора “миллатпарварлик” деган сийқа калимага жой бўлганига Матназар оға чин дилдан ишонар эди.

Матназар оғанинг энг севган ҳикояси улуғ ислом олими Нажмиддин Кубронинг Мўғулларга қарши қўлида қурол олиб курашгани ҳақида.

Дин аҳллари ва айниқса сўфийларнинг ўз ичига ëшуруниб миллат учун курашмагани айтилади.

Боз устига муллалар Чор аскарларига Тошкент дарвозасини очиб бергани таъна дашном билан эсланади.

Аммо сўфий Нажмиддин Кубро қўлига қилич олиб босқинчилар билан курашиб ўз давлати ва миллатини ҳимоя қилади.

Тенгсиз курашда Нажимддин Кубро¸ мўғуллар санчган ўнлаб найзалар заҳмидан йиқилар экан сўнг дамда панжалари билан душман байроғин ғижимлайди.

Миллат қахрамони Нажмиддин Кубро ерга йиқилар экан ўзи билан бирга душман туғини ҳам ер парчин қилди.

Матназар оға учун¸қолаверса мен каби у кишининг укалари учун бу ватанпарварликнинг гўзал ҳикояси эди.

Гарчи Чингизхон Нажмиддин Куброга кўп пул ҳамда лавозимлар ваъда бериб¸ эвазига фақат бир нарса¸ қаршилик қилмасликни сўраган эди.

Аммо Шайх Нажмиддин Кубро ўз давлатини босқинчилардан ҳимоя қилишни душман қўлидан эҳсон олиб тирик яшашдан афзал деб билди.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида ¸
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг .
Чириб чириб ëтар Урганч йўлида¸ деб ëзган эди марҳум шоир оғамиз.

Бугун душман қўлидаги байроқни юлиб олишга жасорати етадиган эл оғаси борми орамизда?

воскресенье, 19 апреля 2015 г.

Қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида

Жайхун қасоси ëки қудратли дарë бўйида яшайдиган заиф одамлар ҳақида


Мен туғилганимда мамлакатимнинг руслар тарафидан ишғол қилинганига роппа роса 90 йил тўлган эди. 

1873 йилда Рус оккупанти Кауфман Хоразмни босиб олгани оқибатида Муҳаммадраҳимхон ўриснинг этигини намойишкорона ўпиб вассалга айланиш каби шармандалик билан юзма юз бўлди.

Зеро руслар Хивага 70 км яқинлашганида ҳам Хива хони Муҳаммадраҳимхон кайф сафосини тарк этмагани муаррихлар тарафидан таассуф билан эсланади.

Рус оккупант гурухлари сафида туриб ишғолни ëритган АҚШ журналисти Мак Гаҳаннинг ëзишича¸ босқинчиларга қаршилик икки холатдагина кўринган.

Биринчисини "Хўббининг қасоси" десак.

"Хўбби" Амударëнинг руҳи. У ҳақда Хоразмда афсоналар юради. Бировлар уни "Эрҳўбби" дейди.

1873 йилда Кауфман армияси Хивадан 100 км узоқдаги Шорловуқ деган жойда капа тикиб ëтганида дарë остида қолиб кетган

Дарë бўйида яшайдиган аҳоли (ўзбек қипчоқ ва сартлар) узун ходаларни узатиб босқинчиларни қутқаришган.

Уларни оқ тут ва чўрак нонлар билан сийлашган.

Руслар дуч келган иккинчи қаршиликни "Туркман аëл жасорати" деб номласак.

Хонликдаги ўзбек ва бошқа элатлардан фарқли ўлароқ така ва ëвмуд туркманлари босқинчиларга қарши мардонавор қаршилик қилишган.

Бир қўли билан боласини қучоқлаган туркман аëлининг қилич билан рус босқинчиларидан бир нечтасини очиқ жангда ўлдирганини 1873 йили рус газеталари ëзган эди.

Анна Каренинанинг поезд тагида ўлганини муҳокама қилаëтган Петрбург киборлари хивалик туркман аëлнинг ўз ватани ҳимояси учун жасоратидан ҳайратга тушгани эсланади.

Ватанни руслардан ҳимоя қилган бу туркман аëлга шарафлар бўлсин.

Аммо не тонгки¸ Хива Россия этиклари остига йиқилди.

Руслар Хивани назоратда ушлаш учун Амударëнинг у қирғоғида Петро-Александровск шахрини қуришди.

Пировардида бу шаҳар ҳам Амударë руҳи "Хўбби"нинг қасосига учради.

1969 йилги тошқин пайтида бу шаҳар бутунлай сув остида қолиб кетди. Руслар қурган 17 минг иморат сувга ғарқ бўлди.

Катта бобом¸ бувимнинг отаси Латиф ота "ўрис қалани ҳўббини қарғиши урди" деб айтганини эслайман.

Қиссадан ҳисса: Босқинчиларга бўйин эгмаслик борасида Амударëдан ибрат олайлик. Бу гапларим русларни пайтавасини юваман деб енг чизғаб турган ватандошларга аталди. Баъзи ўзбеклар уялмасдан осиб юрган Георгий лентаси Хивалик ëш болаларни найза санчиб ўлдирган босқинчиларга бериладиган медалнинг латтаси эканини ҳам унутмайлик.

пятница, 17 апреля 2015 г.

Баëний нега қайғирди?



Тарих улуғ муаллим биз эса нўноқ шогирдлармиз. Ëки тарихдан сабоқ олинмаслиги аксиома. 

1873 йил Хива ишғолидан сал олдин руслар Бухорони ишғол қилган эди.
.
Бухоро подшоси Музаффархон мамлакатни ўрисларга пешкаш қилди. 

Музаффархоннинг Тўра исмли ўғли бунга норози бўлиб Хива хони олдига келиб кўмак сўрайди. Хива хони эса "ўрис сенинг юртингни босиб олса менга нима" тарзида жавоб берди.

Бу ташрифни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Баëний Бухоро вакилининг сўзларидан ўз китобида иқтибос келтиради.

"Ул тўра айтди: «Отамиз Бухоро вилоятини Русияға бермакчи бўлдилар.Биз монеъ бўлуб урушға тарғиб этдук. Отамизға бу сўзларимиз хуш келмай орада ваҳшат пайдо бўлди. Ондин сўнг ул ерда турмоқни маслаҳатдин бағоят баъид кўруб баякбор чиқиб, бу
тарафга равон бўлдуқ».

Хива хони ва девондаги калласи кади мулозимларини Россия босқинчилиги эмас балки бухоролик ҳушсурат шахзоданинг ҳусни жамоли кўпроқ қизиқтирган.
Яна Баëний ëзади.

"Аммо ул тожик тўранинг ҳусни суратда адилу бадили йўқ эрдиким, ўнсаккиз ёшида бир офтоби ховарийдек йигит эрди. Онинг масоҳибларидин бирининг онинг ҳақида ойтған шеърларидин бу мисраъ хотиримда қолғон эркан, мисраъ «Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадур умаролари».

Бу шаҳватли тажовуздан даҳшатга тушган тожик Тўра Хивадан айрилиб Техронга йўл олади.

Тўра Эрон шохи кўмагида ўрисларга қарши курашмоқ истайди. Аммо унинг бу истаги амалга ошмаганига тарих гувоҳ....

Сал ўтмай 1873 йилнинг ëзида Хивадаги Хоразмшох тахтига Кауфман ўтиради. Бу воқеани тарихчи Баëний таассуф билан кузатади.

"Кауфман ёнида Ғарандуқ Ниқулай принс Южин камоли эҳтишом била келди. Бурунроқ келган бир бўлак аскари музиқа чертиб, истиқболиға чиқтилар. Кауфман келиб Аркка кириб
тахти хоразмшоҳийда ўлтурди."

Бу сатрлардан кейин Баëний тарихчига хос бўлмаган эхтирос билан мағлубиятдан афсус чекади.

"Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ жасоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб иттифоқ била Русия аскарига муқобил бўлуб,уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар, мундинбурун беш навбат келиб асло зафар топа олғон эрмасдурлар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедур.
Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чун оллоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!"

Баëнийнинг хон авлодидан эканини билсак бу қайғини тушунамиз. Лекин айтмайдирларми¸ сўнги пушмон ўзингга душман деб.

Бу гапларимни ëзаëтганимни сабаби шуки бугун ўзбек ойдинлари Россия тарафидан Қримни ишғол қилиниш даҳшатини тушуниб етмаяпти.

Тарих улуғ мураббий¸ биз эса иккичилармиз.

Ҳавел юраги


Вацлав Ҳавел сиёсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчи эди.
Чехия тимсоли 

Прагада 10 йилдан ортиқ яшаб, бу шаҳар тимсолларига ҳам кўникдим.

Прага марказидаги муқаддас Вацлавнинг от минган ҳайкали¸ Карл кўприги¸ Кафка музейи...

Бу тимсоллардан бири мен учун Вацлав Ҳавел эди.

Фақат у тош ҳайкал эмас¸ балки тирик ва ëнгинамизда эди.

Радио эски бинода пайти у  турли анжуманларга тез-тез келиб турар эди.

Бир марта журъат қилиб у билан қисқа суҳбатлашиб, расмга ҳам тушган эдим.

Кейинроқ Вацлав Ҳавелнинг соғлиги ëмонлашди ва анжуманларга камроқ келадиган бўлди.

Декабрнинг 18-куни  Вацлав Ҳавел ўлгани хабарини ҳамкасбим қўнғироқ қилиб айтганида автобусда Праганинг Браник деган жойидаги тепалик устида кетиб бораëтган эдим.

Декабр ойи бўлишига қарамасдан қуëш чарақлаб турар, тепалик остида ястанган шаҳарнинг қизил томларини ярқиратар эди. 

Шаҳар худди почта откриткаси каби гўзал ва жозибадор. Шаҳарни тамсил қилган барча тимсоллар ўз жойида . Фақат Вацлав Ҳавел йўқ энди.

Аммо бир-биридан фарқли уч мамлакат Коммунистик Чехословакия¸ озод Чехославакия ва мустақил Чехияга президент бўлган Вацлав Ҳавел ўз ўлимидан кейин ҳам бу мамлакат тимсоли бўлиб қоладигандай кўринди менга.

Прага устида порлаган  юрак

2003 йил 17 ноябрида Прага Градидаги муқаддас Иржа ибодатхонаси устида 15 метрлик улкан пушти юрак шакли ëндирилди.

Бу юрак рассом Иржа Давидга оид санъат асари эди.

Рассом ғоясига кўра, юрак тасвири Вацлав Ҳавел президентлигининг сўнгги 3 ойида ëниб туриши лозим эди.

Вацлав Ҳавел президентлик курсисини бўшатган куни шаҳар узра порлаган бу улкан юрак сўниши керак эди.

Рассом Иржа Давид: "Бу асарим бизга озодлик ва демократия келтирган етакчига миннатдорлик рамзидир", деган эди.

Шаҳар узра порлаб турган юрак сўнганини кўрганимда ичимда бир маюслик пайдо бўлган эди.

Аммо бу маюслик баробарида "Қани энди менинг мамлакатимда ҳам ўз истаги билан кетадиган президент бўлса" деган орзу ҳам бор эди.

Ҳавел ва Ўзбекистон

1991 йили Ўзбекистон Коммунистик партияси котиби Ислом Каримов Ўзбекистон президенти бўлиш учун ўз номзодини умумхалқ сайловига қўйди (бундан олдин у парламент тарафидан президент қилиб сайланган эди).

Айни сайловда Эрк  демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ ҳам қатнашди.

Сайлов олдидан Ўзбекистон телевидениеси шарҳловчиси Турсун Қоратоев билан суҳбатлашган Ислом Каримов ëзувчиларнинг президентлик иддаоси хатарли эканини айтди.

"Мана Ҳавел президент бўлди¸ нима қилади у президент бўлиб, китобини ëзмайдими?" деган эди ТВ орқали Каримов.

Каримов ўзи истамаган ҳолда Муҳаммад Солиҳни Вацлав Ҳавел билан параллел қилди.

"Параллел чизиқлар учрашмайди" деган қоида бор чизма геометрияда.

Ҳаëт ва сиëсатнинг ассимметрияси эса истиснолардан иборат.

2001 йил адоғида Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳни ўз кўшкида қабул қилди.

Бундан олдин Солиҳ Ўзбекистон талаби билан Прагада ҳибс қилинган эди. Ўзбек тарафи даъволарини асоссиз деб топган маҳкама Солиҳни оқлади.

Бюрократия хатоси учун узр тилаган Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳ бир муддат ўтирган Панкрац турмасида ўзи ҳам ўтирганини айтиб, мутоиба қилган эди.

2011 йил 18 декабр куни Ҳавел оламдан ўтгани ҳақида хабар тарқатган Евронюс канали Вацлав Ҳавелнинг сўнгги нутқларидан иқтибос келтирди:

"Ҳали ер куррасида мустабид тизимлар бор экан¸ биз бу мустабидлардан зулм кўрган диссидентлар ҳимоясига оëққа қалқишга доимо куч топа олишимиз керак."

Бу сўзлар сиëсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчининг умр фалсафаси эди.

четверг, 16 апреля 2015 г.

Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида

'Расм  дарслари туркумидан: Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида.

Гоген деган рассом Таитига бориб ўз ижод йўлини топгани ҳақида 1985 йилда ўқиб ҳаëлга толдим. 

Мен СССР деган оғзи ëпиқ темир қозон ичида яшасам қандай қилиб Таитига бора оламан деган  тушкунлик пайдо бўлди. 

Бир дўстимиз менга Хоразмнинг Туркманистон билан чегарадош еридаги Шовот деган жой Таитидан ҳам гўзал деб таъриф қилди. 

Шовот деган ер  Урганчдан 40 км йўл.

Шартта этюдникни елкага ортиб Шовотга қараб эндим.
  
Гоген деган рассом Таитида портретлар чизиб муваффақият қозонган эди. Мен бир нечта шовотлик қизларнинг потретини чиздим. 

Лекин расмларимда бировни назарини тортадиган жозиба йўқ эди.

Шовотлик шоир  дўстим Баҳром ¸ “Шу атрофда юз ëшга кирган сўфий отахон бор¸ эшонбува¸ ўшани портретини чизмайсанми”¸ деб қолди. 

Эшонбувани уйига бордик¸ Баҳромни юз хотир қилиб мени ҳам ичкарига олишди.

Эшонбува ҳақиқатда расми чизса чизиладиган тип эди.

Қуриб бужмайиб кетган тери калла суягига ëпишиб қолган. Эшонбува  кийган  ранги номаълум ғоли тахя эса  фавқуллода уйғунлик билан бошига сингиб кетган эди.
 
Қалин қошлар пастида ва қирра бурун икки четидаги чуқурликда эшон буванинг кўм кўк кўзлари  денгиз тубидаги тош каби йилтираб кўринар эди.

-Эшонбува мана бу рассом болага ривоят айтиб беринг¸ дея шоир  жўрамиз гап бошлади.
 
Айтишларича¸ эшонбува  бир ривоят айтиб бошласа дунëни унутар экан.
 
Айнан шу пайт у кишини суратини чизиш  учун  қулай дейишган эди.

Мен  ватман қоғозли дафтарим ва қисқичига кўмир қистирилган олатимни шайлаб турдим. 

Эшонбува ривоят бошлади. Ривоят  Зуннун Мисрий ҳақида эди.
 
Мен Зуннун Мисрий ҳикоясига қизиқиб расм чизишни ҳам унутдим.
 
Ғариб кийингани учун кемадаги жохил оламон тарафидан “тилла танга ўғирлади” дея айбланган ва балиқларнинг меҳру муҳаббатига нойил бўлган одам ҳақидаги ибратли ҳикоя мени буткул мафтун қилган эди.

Эшон буванинг уйидан чиқиб альбомимга қарасам расм чизмабман.

Урганчга қайтгач эшитганим  ривоятни холстга мой бўëқ билан чиздим.

Бир метрга бир метрлик чорчўп ичига Эшон бувадан эшитганим Зуннун мисри ривоятини сиғдиришга уриндим.

Аммо ривоят чорчўпга сиғмади.

Расм сўфий ҳикояларига муваффақиятсиз иллюстрация сифатида устахонам чордоғида чанг босиб ëтди.

Орадан йиллар ўтди.

Бир куни  бу расм  Хоразмга келган рассом дўстимиз Баҳодир аканинг эътиборини ўзига тортди.

-Расмни Тошкентга олиб бор банк коллекциясига сотиб оламиз деди¸-Баҳодир ака.

Сал ўтмай Тошкентга йўл олганимда машинам юкхонасида бу расм ҳам бор эди.

Тошкентда ўқиëтган укам Хурмат билан биргаликда  Миллий банк галереясига бордик. 

Расмни  Раҳима опа ва Баҳодир ака қабул қилиб олди. 

Шу пайт галереяга банк раҳбари Рустам Азимов келиб қолди.

Мен чизган расмни диққат билан томоша қилган  Азимов ўзининг санъат ҳақидаги билимдонлигини намойиш қилиш истагида расмга таъриф берди.

Азимов тарифига кўра¸ расмдаги кема Ўзбекистон. Балиқларни оғзидан дуру гавҳар олаëтган шахс эса бутун дунëдан ўзбек иқтисоди учун сармоя олаëтган юртбоши.

Албатта мен бу талқинни сукут билан қаршиладим. 

796 йилда Қоҳирада туғилган улуғ мутафаккир Зуннун Ал Мисрийнинг юртбошига айланиши менинг фантазиямга сиғмас эди. 

Бир пайтлар Эшон бува айтган ривоят тамсили бўлган бу расм хозир Тошкентдаги Миллий банк коллекциясида.'

Расм дарслари туркумидан: Зуннун Мисрийнинг юртбошига айлангани ҳақида.

Гоген деган рассом Таитига бориб ўз ижод йўлини топгани ҳақида 1985 йилда ўқиб ҳаëлга толдим.

Мен СССР деган оғзи ëпиқ темир қозон ичида яшасам қандай қилиб Таитига бора оламан деган тушкунлик пайдо бўлди.

Бир дўстимиз менга Хоразмнинг Туркманистон билан чегарадош еридаги Шовот деган жой Таитидан ҳам гўзал деб таъриф қилди.

Шовот деган ер Урганчдан 40 км йўл.

Шартта этюдникни елкага ортиб Шовотга қараб эндим.

Гоген деган рассом Таитида портретлар чизиб муваффақият қозонган эди. Мен бир нечта шовотлик қизларнинг потретини чиздим.

Лекин расмларимда бировни назарини тортадиган жозиба йўқ эди.

Шовотлик шоир дўстим Баҳром ¸ “Шу атрофда юз ëшга кирган сўфий отахон бор¸ эшонбува¸ ўшани портретини чизмайсанми”¸ деб қолди.

Эшонбувани уйига бордик¸ Баҳромни юз хотир қилиб мени ҳам ичкарига олишди.

Эшонбува ҳақиқатда расми чизса чизиладиган тип эди.

Қуриб бужмайиб кетган тери калла суягига ëпишиб қолган. Эшонбува кийган ранги номаълум ғоли тахя эса фавқуллода уйғунлик билан бошига сингиб кетган эди.

Қалин қошлар пастида ва қирра бурун икки четидаги чуқурликда эшон буванинг кўм кўк кўзлари денгиз тубидаги тош каби йилтираб кўринар эди.

-Эшонбува мана бу рассом болага ривоят айтиб беринг¸ дея шоир жўрамиз гап бошлади.

Айтишларича¸ эшонбува бир ривоят айтиб бошласа дунëни унутар экан.

Айнан шу пайт у кишини суратини чизиш учун қулай дейишган эди.

Мен ватман қоғозли дафтарим ва қисқичига кўмир қистирилган олатимни шайлаб турдим.

Эшонбува ривоят бошлади. Ривоят Зуннун Мисрий ҳақида эди.

Мен Зуннун Мисрий ҳикоясига қизиқиб расм чизишни ҳам унутдим.

Ғариб кийингани учун кемадаги жохил оламон тарафидан “тилла танга ўғирлади” дея айбланган ва балиқларнинг меҳру муҳаббатига нойил бўлган одам ҳақидаги ибратли ҳикоя мени буткул мафтун қилган эди.

Эшон буванинг уйидан чиқиб альбомимга қарасам расм чизмабман.

Урганчга қайтгач эшитганим ривоятни холстга мой бўëқ билан чиздим.

Бир метрга бир метрлик чорчўп ичига Эшон бувадан эшитганим Зуннун мисри ривоятини сиғдиришга уриндим.

Аммо ривоят чорчўпга сиғмади.

Расм сўфий ҳикояларига муваффақиятсиз иллюстрация сифатида устахонам чордоғида чанг босиб ëтди.

Орадан йиллар ўтди.

Бир куни бу расм Хоразмга келган рассом дўстимиз Баҳодир аканинг эътиборини ўзига тортди.

-Расмни Тошкентга олиб бор банк коллекциясига сотиб оламиз деди¸-Баҳодир ака.

Сал ўтмай Тошкентга йўл олганимда машинам юкхонасида бу расм ҳам бор эди.

Тошкентда ўқиëтган укам Хурмат билан биргаликда Миллий банк галереясига бордик.

Расмни Раҳима опа ва Баҳодир ака қабул қилиб олди.

Шу пайт галереяга банк раҳбари Рустам Азимов келиб қолди.

Мен чизган расмни диққат билан томоша қилган Азимов ўзининг санъат ҳақидаги билимдонлигини намойиш қилиш истагида расмга таъриф берди.

Азимов тарифига кўра¸ расмдаги кема Ўзбекистон. Балиқларни оғзидан дуру гавҳар олаëтган шахс эса бутун дунëдан ўзбек иқтисоди учун сармоя олаëтган юртбоши.

Албатта мен бу талқинни сукут билан қаршиладим.

796 йилда Қоҳирада туғилган улуғ мутафаккир Зуннун Ал Мисрийнинг юртбошига айланиши менинг фантазиямга сиғмас эди.

Бир пайтлар Эшон бува айтган ривоят тамсили бўлган бу расм хозир Тошкентдаги Миллий банк коллекциясида.

понедельник, 13 апреля 2015 г.

Востокнинг правдаси

Расм дарслари туркумидан ëки Востокнинг правдаси


Мен 2002 йилда Германиянинг Веймар шаҳридаги кўргазмада "Правда востока" деган асар билан қатнашувдим. 

Бу "асар" деганимиз сомон сувоқ урилган бир устун¸тўққиз болорлик росмана уй эди.

Томошабинлар "асар"ни ичига кириб бемалол айланиб томоша қилишлари мумкин эди. 

Яна ҳам аниқроқ айтсам мен кўргазма залида "Правда востока" деган уй бино қилган эдим. Сомон лойини ҳам ўзим оëғим билан босқилаб босқилаб таëрлаб деворни суваган эдим.

Бу асарим менинг Германиядаги шухратимга шавкат қўшди. Моддий ва руҳий кўмак берди ва ҳоказо.

Шу ўринда 2002 йилда барпо қилган бу асаримга илҳомни 9 яшар пайтимда олганимни айтиб ҳаққимни ҳалол қилсам.

Аввал айтганимдек 1972 йилда ўқитувчим Норжон опа бизни Хивага экскурсияга олиб борди. Музейда "Бойнинг уйи" ва "Камбағалнинг уйи" деган икки кўргазма бор эди.

Бойнинг уйи зерикарли туюлди менга¸ аммо камбағалнинг уйидан чандон таъсирландим. Лой сувоқ қилинган. фақат туйнукдан нур тушадиган¸ ўчоқнинг қора тутуни босган исқирт бир макон эди бу.

Бундай уйда яшаган одам "вой бечора жоним десам арзийди¸мен ҳам одам эдику ахир инсон фарзанди" дея шоир мисраларини такрорлаши керакдай туюлди менга.

"Инқилобдан олдин одамлар шундай аҳволда яшашган¸уларнинг аксари нур тушмаган зулмат уйларда яшаб рахит касалига дучор бўлишган" деб тушунтирди ўқитувчимиз.

Қандай қилиб нур тушмайдиган зимистон уйда яшаш мумкин? Бу савол жавобини 30 йил ўйлаб¸ 39 ëшимда Германиянинг Веймар шаҳрида ëшлигимда музейда кўрганим камбағалнинг уйини ëнгсиладим.

Фақат мен бу уйнинг деворига Калашников автоматини ҳам осиб қўйдим.

Мужда Чехов айтган каби оддий.

Бу зимистондан қутулиш учун зимистонга маҳкум бўлган мардум бир оз бўлса ҳам ҳаракат қилиши керак.

Дарвоқе Веймерда ясатган уйимнинг деворларида саноқсиз тешиклар ҳам бор эди.

Бу тешиклардан форс тилида "девор дар дорад¸ дар муш дорад¸ муш гўш дорад.." деган сокин овоз тинимсиз чиқиб турар эди.

Ана шу гап востокнинг правдаси эди.


пятница, 10 апреля 2015 г.

Паражанов

Расм дарслари туркумидан:

Паражанов

"Адабиëт  бу рассомга ҳалақит берадиган ва рассомнинг визуал дунëсини ишдан чиқарадиган фалокатдир".

Бу нарсани менга ўргатган муаллим буюк рассом Сергей Паражанов эди.

Паражанов билан муштарак дўстларимиз бўлса ҳам учрашмадик¸ аммо сабоқ олиш учун у киши чизган расмлар¸ коллаж ва инсталацияларга қиë ташлаш кифоя эди.

Паражанов суратга олган "Анор ранги"¸ "Ошиқ Ғариб"¸ "Саëт Наво" кинолари эса менинг дарсликларим эди.

Паражанов китобий - адабий эмас тасвирий (визуал-пластик) фикрлар эди.

Интервьюлардан бирида Паражанов ўз устози Чухрай унга ва бошқа ВГИК талабаларига бадиий китоб ўқишни таъқиқлаб қўйганлигини айтади. Чунки Чухрай фикрича китобга берилиш¸ визуал санъат бўлган кино яратишга тўсқинлик қилар экан.

Чухрай ўгитига амал қилган Паражанов фикрни тасвирий ифода қилиш бўйича "Гений" га айланди.

Визуал пластик фикрлаш деган нарса ўрнаги 15 асрда яшаган турк рассоми Маҳмад Сиëҳ Қалам ва унинг Нидерландияда яшаган замондоши Босх асарларида бор.

Мункнинг "Қичқириқ" асари ëки Бенкси Фаластиндаги деворга чизган "Шар ушлаган бола" асари ҳам тасвирий ифоданинг мукаммал ўрнагидир.

Хозирги тирик рассомлар ичида мен учун энг муҳимларидан бўлган Алехандро Ходоровски асарлари ҳам тоза тасвирий ифодага қурилган.

20 асрдаги икки рассом (эр хотин) Диего Ривера ва Фрида Кало асарларига назар солайлик. Диего тоза тасвирий ифода йўлидан боради¸ Кало асарларида китобийлик ва адабиëтнинг салбий унсурлари мавжуд.

Визуал ифодага тескари холатни муҳокама қилсак:

Масалан мен институтда ўқиганимда Абдулла Ориповнинг "Онажон" деган шеъри рассом талабалар ўртасида ҳам машхур эди.

Бу шеърдан муттаасир бўлган талабалар "расмлар" чизишар эди. Расмларда ўйга толиб ўтирган йигит фонида оқ рўмолли аëл қараб турибди.

Бу расмни тагига Абдулла Орипов қасидасига қасида деб ëзилмаса¸ ўзича бир нарса бермайди.

Мен ҳам бу ҳасталикка чалиниб "Шоир портрети" деган расм чизган эдим 1982 йилда. Расмда шоир дўстим Мансур Аҳмедов тасвирланган эди.

Олдинига Мансурни ўтқазиб қўйиб портретини норинж рангли қалам (пастел) билан гўшт ўрайдиган оқланмаган қоғозга чиздим.

Портрет фонига эса улоқ чопаëтган отлар ва ботаëтган қуëш расмни чиздим. Бир чеккада муштини лунжига тираб хўмрайиб турган атлас куйлакли қизни ҳам чизиб қўйдим.

(Мансурни шеърларида. қуëш ботиши¸ улоқ ва аҳдига вафо қилмай эрга тегиб кетган ëки севгилисини кутавериб қовжираб кетган қизлар ҳақида гап кўп эди.)

Ҳуллас адабиëт омборидаги бу гаплар расмга ўтгани он расм расмлигидан мосуво бўлган эди.

Бундай расм чизмасликни эса менга визуал тасвирлаш бўйича гений Сергей Паражанов (1924- 1990) ўргатди.