понедельник, 23 марта 2015 г.

Ота касби ëки репортер профессияси

Ота касби ëки репортер профессияси



Отам (Оллоҳ раҳмат қилсин ) Ражаббой Бобожон 40 йил мобайнида Ўзбекистон радиосининг Хоразмдаги махсус мухбири бўлиб ишлади.
Отамнинг иш майдони Хоразм вилоятининг бутун ҳудудлари эди. Зил замбил “репортер” магнитофони билан отам Питнакдан¸Дўсимбийгача¸Моноқдан Овшаргача бўлган масофани пикап москвичда кезиб репортажлар хозирлар эди.
Брежнев дастурхонига Хоразм қовунларини етказиб берадиган Матвафо ота ëки Никита Хрушчевнинг шахсий дўсти Искандар Дўсов отам хозирлайдиган репортажлар қахрамони эди.
Радио бошловчиси Қодир Махсумов “Хоразмдаги мухбиримиз Ражаббой Бобожонов биз билан жонли алоқада¸ассалому алайкум Ражаббой оға ” дейиши билан отам баланд овозда валайкум ассалом Қодиржон деб репортажни бошлар эди.
Жонли алоқа Урганч куранти тагидаги алоқа бўлимидан махсус УКВ канал орқали амалга оширилар эди.
Отам уйдаги улкан магнитофондаги ош ейдиган лаган катталигидаги ленталарни ацетон билан ëпиштириб монтаж қилар эди.
Ленталардаги респондентлар овози эса текстга туширилиши лозим эди.
Менга зўрға бўйим етадиган улкан магнитофон тугмаларини босиб ўчириш каби зерикарли вазифа тушар эди.
Отам лентадаги овозларни эшитиб жумлама жумла машинкада чиқиллатар эди.
Монтаж бўлган якуниуй махсулот эса зудлик билан Урганч аеропортига етказилар эди.
Учувчилар лентани Тошкент аеропортидаги махсус қутига ташлашар эди. Радио ходимлари эса бу лентани олиб эфирга қўйишар эди.
Тошкентдан 1000 км узоқликдаги Хоразмдан ëзилган лавҳа икки соат ичида эфирга узатилар эди.
Мен бу касб биилан шуғулланишни ҳеч қачон орзу қилмаган эдим.
Шоир¸рассом¸ киночи бўлишни орзу қилардим. Рассом бўлиб эътироф қилиндим ҳам.
Аммо бундан 20 йил олдин 1994 йилнинг 12 апрели куни тележурналист бўлиб эфирга чиқдим.
Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил телеканал ТВ АЛС дастурини ўша куни Хоразм¸ Бухоро ¸ Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги миллонлаб одамлар кўрди.
Биз ТВ зона 4 системаси Москва дастури бериладиган каналдан чиқиб Москва дастурларини кутаëтган ўртоқларга “Жаноблар ва хонимлар” деб мурожаат қилдик.
Москванинг “Время” дастури ўрнига “Дигиржак” (Ғилдирак) деган махсус дастурни намойиш қилдик.
Ана шундан кейин рисқу насибам ота касби билан боғланди.
Мана 10 йилдан ошибдики радиожурналистика билан шуғулланаман. Ота касбида энди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий