пятница, 27 марта 2015 г.

Et vogue le navire

Et vogue le navire

Каримовнинг  йилни номлаш ҳақидаги алжирашини эшитиб¸ олдин бефарқ бўлдим. Тўғрида¸ бу телба чолнинг қовоқ калласидаги оғиз деб аталган тешигидан қачон мантиқли бир гап чиқибдики... 

Аммо сал ўтиб уялдим. Шунча одам шу алжираган чолнинг оғзига қараб қолганига. 

Бу таги тешилган ва мана мана чўкаман деб турган шалоқ кема ичидаги манзарага ўхшади. 

1983 йили Федерико Феллини суратга олган "Кема сузмоқда" деган кино сюжети ана шундай эди.

Бундан 100 йил олдин жаҳон уруши бошланган кунлари чўкиб кетган кемадаги охирги кунлар ҳақида бу филм.

Ўзбекистондагилар ўзларини чўкаëтганларини билмагани каби бу филм персонажлари ҳам оëқ остидаги фалокатни сира ўйлашмайди.

Фақат бир персонаж оғзидан чиққан гап фалокат шамойилини белгилайди.

"Мен бир пастдан кейин вулқон отиладиган тоғнинг тепасидаман" дейди у.

Ташқаридан собит кўринган тоғ ичидаги норозилик вулқони отилар экан энг аввало ана шу тоғ чўққисидагилар ҳалок бўлади.

Бу гап Ўзбекистонга тааллуқли. Бугун Ўзбекистон деган тоғ чўққисида Каримов оиласи ўтирибди. Шунингдек бу оила ўғирлиги ва жиноятларига шерик бўлган мирзиëеву иноятовлар¸ снб ва прокурорлар подаси тоғ чўққисида ўрмалаб юрибди. Тоғни ичида эса лава ташқарига чиқиш йўлини қидирмоқда.

Одатда лава кўзга кўринмайди. Кўп ҳолларда узмон вулқоншунослар ҳам қачон вулқон отилиши ҳақида аниқ прогноз бера олмайди.

Вулқон отилиб ҳар ер тўс тўрпоқ бўлганида эса шундай сокин тоғ ичидан вулқон отилади деб ўйламагандик дейишади.

Зилзила¸ вулқон ва бошқа касофатларни иту мушуклар савқи табиий ила сезиб бу ҳудуддан қочишга ҳаракат қилишар экан.

Бугун ФБ даги дўстларимдан бири Ўзбекистондаги одамлар нима қилиб бўлса ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш ҳаракатида деди.

Қизлар чет эллик эр қидиришмоқда¸ билагида кучи борлар ўрусиятга қараб энган. Сал пал китоб ўқигани эса овруопою амриқо тарафга қараб жуфтакни ростлаган. Йўлини топганлар Кореяга қараб ўкчани кўтаришган.

Одамлар ичидаги савқи табиий уларнинг идрок остига сигнал юбориб эртанги вулқон оқибатларидан нари туришга ундаяпти.

Зотан фалокат эшик қоқмайди. Вулқон бирдан отилади¸ ер тўсатдан қимирлайди¸ кема эса дархол чўкиб кетади.

Фақат кейинроқ маълум бўладики¸ тўсатдан юз берган фалокат тасодиф эмас балки йиллар давомида йиғилиб келган сабаблар оқибатидир.

Аммо ҳали кема чўкмасдан туриб ҳалокат сабабчиси ҳақида тараддудсиз айта оламан. Бу айбдор Ислом Каримов яратган режимдир.

Демократик давлатларда Каримовга ўҳшаганларни фалокат юз бермасидан олдин итқитиб ташлайдиган катапулталар бўлади.

Ҳудди қисқа туташув пайтида ëнғин бўлмаслиги учун предохранител отиб юборгани каби.

Биз бунақа катапултани ярата олмаганимиз учун чўкиб кетишга¸ вайрон бўлишга мубталомиз.

Гапим тугади. Сўз навбати оптимистларга.

Комментариев нет:

Отправить комментарий