вторник, 17 марта 2015 г.

Қоринжа китоби

Қоринжа китоби

Ëши улуғ оғаларимдан бирига яқин ўтмишдаги ўзим гувоҳ бўлган сиëсий воқеаларни гапириб берганимда¸ буларни бир китоб қилиб ëзиб қўй дея насиҳат қилди.

Ҳали китоб ëзишни бошлаганим йўқ¸ аммо ëзилажак китобнинг номини аниқ биламан.

Бу китобнинг оти "Қоринжа китоби" бўлади.

Ҳали мактабга бориб қоринжанинг чумоли эканлигини билмаган пайтимда ҳам бу майда аммо интизомли ҳашаротларни кўп кузатганман.

Кичкина бўлса ҳам мақсад сари дузанли бир тарзда интиладиган қумурсқалар ҳаëтда бир нарсага эришмоқчи бўлган ҳар ким учун бир ўрнак бўла олади.

Ëшлигимда Ҳамза театрида қўйилган "Инқилоб тонги" спектаклини бир неча бора томоша қилганман.

Аввалига рассом Отахон оға даъват қилиб "Бор кўр¸ декорацияси жуда зўр¸ устозим Бримнинг шоҳ асари" деди.

Менга бу спектаклдаги декорациядан ҳам кўра¸ Ўзбекистон тарихидаги икки СССР халқ артистининг диалоги маъқул келди.

Саҳнада Бухорода демократия ўрнатаман деб одамларни кўчага¸ митингга олиб чиққан ва амир тарафидан ўққа тутилиб ҳафсаласи пир бўлган Файзулла Ҳўжа (Ëқуб Аҳмедов ижро қилган) онасига (Сора Эшонтўраева ўйнаган) зорланади.

- Она чарчадим¸ бутун ҳаракатларим чиппакка чиқди. Ҳудди чўлу биëбонда узоқ вақт сув қидириб чашма олдига келдиму чашма эса қуриган бўлиб чиққан каби ҳолатдаман¸ дейди.
Она эса ўғлига далда беради:
- Ўғлим чашма қуриган бўлса¸ ғоз ўрнингдан туру яна янги чашмани қидириб йўлга туш. Агар у чашма ҳам қуриган бўлса¸ руҳингни туширмасдан яна ғоз туриб янги чашмани қидидириб одим от. Чашмани қидир.

Туркистон тараққий топсин¸ миллат иттиҳодга қовушсин дея курашган ва бу кураш йўлида ўлдирилган Файзулла Ҳўжанинг ҳаракати менинг назаримда мақсад сари секин бўлса ҳам илгари юрган чумолининг ҳаракатига менгзар эди.

Раҳматлик энамдан эшитган нақл будир:

Қоринжа (чумоли) ҳажга бораман деб йўлга чиқибди. Атрофдагилар унинг устидан кулиб шу заиф оëқларинг биланми?¸ дея мутоиба қилишибди.
- Ҳа шу заиф оëқларим билан. Балки мен ҳажга етиб бора олмасман¸ лекин ҳеч бўлмаса йўлда ўламан. Мақсад йўлида.

Шуҳрат Бобожон. 17.03. 2015. Прага шаҳри

Комментариев нет:

Отправить комментарий