вторник, 17 марта 2015 г.

Парашют вишкасида осилиб турган бола

Парашют вишкасида осилиб турган бола

Бу бола иккинчи синфга борганида ўқитувчиси Норжон опа шунчаки расмиятчилик учун "кутубхонага ëзил"¸- деди.

Бола мактаб кутубхонасига ëзилди. Унинг илк ўқиган китоби "Оқ кема" деб аталган эди. 

Бола бу китобни ва мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб ташлади.

Сал аввал маънолар денгизи бўлиб кўринган мактаб кутубхонаси кўлмак каби кичик бўлиб чиқди.

Бола онасидан 10 тийин пул олиб шаҳар марказидаги кутубхонага автобусга чиқиб борди.

Катта кутубхонадан олган илк китобнинг номи "Мартин Иден" эди.
Бола китобнинг ярмини автобус ичида ўқиб ташлади.

Шу тариқа бола кутубхонага қатнай бошлади. Бориш беш тийин¸ қайтиш беш тийин.

Кейинги сафар ўзи билан бирга энаси тикиб берган жилдни ҳам олди¸ латта жилд қалин китобларни солиш учун зарур эди.

"Ҳуштак Афанди"¸ "Бир соатлик ҳалифа" "Уч қалб"¸" "Ҳазиналар ороли"¸ "Азизим"¸ "Бахти қаро Керри"¸ "Анна Каренина"¸ "Жиноят ва жазо"¸ "Телба"..

Турк¸ араб ¸инглиз¸ француз ва рус адабиëтидаги образлар бола миясининг йўлакларда ғужғон уришар эди.

Бу бола шаҳар парки ўртасидаги баландлиги 27 метр бўлган ташландиқ парашют вишкасининг энг тепасига чиқиб темир панжарани эшак қилиб минганича ўқиган китобларини миясидан бир бир ўтказар эди.

Атрофдаги тўқайзор унга жунгли бўлиб¸ сал наридаги комсомол кўли эса океан бўлиб кўринар эди. Парк яқинидаги ўтлаб юрган эшакларни эса минг бир кеча эртакларидаги ҳачирлар деб ўйлар эди.

Бир марта унинг 27 метрлик вишка тепасидаги темир лангарда бир қўли билан осилиб турганини кўрган онаси қўрққанидан ҳушдан кетаëзди.

Бола парашют вишкасидан йиқилиб ўлмади. Кўп китоб ўқиб ақлдан ҳам озмади.

Бу бола нуқул ҳатарли сўқмоқлардан юришни ўзига одат қилиб эллик ëшдан ошиб ҳам кетди.

У ҳануз парашют вишкасида бир қўли билан осилиб турибди агар қўлини қўйиб юборса ерга тушиб чил парчин бўлиши тайин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий